ҚАЛАМ ВА ОЛАМ


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Политика


"Ҳақ сўзни айта ва ёза олган, катта ва ойдин йўлнинг ўртасини ихтиёр этган, касби-корини ҳалоллик, поклик, фидоийиликла улуғлаган қаламкаш ҳамиша эл-юрт ва одамлар ардоғида яшайди"!
🎗Абдулла Собиров.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Политика
Статистика
Фильтр публикаций


     Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
         3. Бўлим:
   (Давоми.)
             13. ”МЕН ЖИНОЯТЧИ ЭМАСДИМ”.

                                             1.  

  ... Ўша таҳликали даврнинг барча азобу-уқубатлари, қийноқ ва даҳшатлари,таҳдиду дўқ-пўписалари,иғво-найрангларини бошдан ўтказган, фащизмга қарши мардонавор жанг қилган, қарийиб 50 йиллик умрини тузум хизматига бағишлаб, мукофат ва сийлов ўрнига жабр-ситам кўрган  инсонларнинг бири, вилоятнинг собиқ раҳбари Мадиёр ота Худойберганов. Унинг кишини чуқур ўйга толдирадиган хотира-битикларини бир ўқингга:
“1986 йилнинг 25 августида ҳаётимда хотирдан унут бўлмас воқеа содир бўлди. Эрталаб вилоятнинг биринчи котиби қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўради, маслаҳатли иш борлигини айтиб, келинг, деди.Сўнг машина юборишга ваъда берди.
Зум ўтмасдан эшик олдига “Волга” машинаси келиб тўхтади. Кийиниб чиқиб, машинага ўтирмоқчи бўлганимда икки нотаниш йигит мени машинага босиб олиб кетишди.Аввал прокуратурага бордик,шу куни самолёт Тошкентга учди,эртаси куни Московга “Матросская тишина” турмасига олиб бориб ташладилар.
Ишониб келганим, суянганим, умрим мазмунига айланган тузум фирибгарлик билан мени банди қилди. Менинг Московдаги “Бутирка”, “Матросская тишина” каби қамоқхоналардаги салкам тўрт йиллик маҳбуслик даврим бошланди. Дастлабки тергов, менга қўйилган айблар, оилам ва яқинларимнинг бошига тушган кўргуликларни бирма-бир ёзишга асабим чидамайди. Яхшиси, бу даврда бошдан кечирганларимни 1990 йил 16 апрелдаги судда айтган “Сўнгги сўз”им ва озод бўлгунимгача ёзган кундаликларимдан айрим ўринларни келтирсам, барчаси аён бўлар, деб ўйлайман.
Мана, ўша суддаги “Сўнгги сўз”им!
“Ҳурматли судьялар! Мен ўз аризамда уч шахсдан пора олганим ҳақидаги фактларни бўйнимга оламан. (Судья билан прокурор адвокатимга, ҳеч бўлмаса уч одамдан пора олганман демаса, 15 йилга қамалади”, деган. Уч одамдан пора олиш воқеаси шундан пайдо бўлган). Қолган барча менга қўйилган айбларни инкор қиламанки, улар ҳаммаси шахсан Гдляннинг ташабусси билан сохталаштирилган, тўқиб чиқарилган фактлардир.
Қамоққа олингач, ҳимоясиз, ҳуқуқсиз банди сифатида оиламни, болаларимни, вилоят фаолларини сақлаб қолиш учун Гдлян ва Ивановнинг барча шартларига рози бўлишдан бошқа илож тополмадим.
Уруш даври фронтда жанг олдидан ўлимга бораётиб ҳам Каракозов, Гдлян, Иванов, Карташьян каби терговчилар олдидагидек қўрқувга тушмаганман. Чунки у пайтда ёлғиз ўзимни, жонимни ўйлаб, Яратганнинг ҳукмига бўйин эгганман.Бу ерда эса оила аъзоларим, яқинларим қамалиш хавфи остида турган пайтда одамни қаттиқ қийноқ,қўрқув босаркан.
Ҳозирда турғунлик деб аталаётган ўша йиллари катта лавозимларда ишлаган пайтларимда вилоят ҳаёти, кишилар ҳаёти, эл фаровонлиги учун қайғуриб, елиб-югурган, кўпчиликнинг ташвиши бошимда турган бўлса, бу ерда тергов жараёнида на ўзимни, на воҳа ҳаётини, иқтисоду-сиёсатни ўйладим. Мени фақат фарзандларим, оилам тақдири қайғуга солди. Яшашнинг мутлақо қизиғи қолмади. Худди шу сабабдан Гдлян ва Ивановнинг бўҳтон шартларига рози бўлдим. Маъшум 37-38-йиллардаги суд жараёнларини ўйлаб, улардаги инсон боласи кўрмаган қийноқларни ёдга солиб, ўзимни ва қисматдошларимнинг кўнглини кўтаришга беҳуда уриндим. Менинг таскин сўзларим қамоқхоналарнинг тор, ифлос хоналарида қолиб кетди.   ...                                                  (Давоми бор.)


... 80 йиллари собиқ Иттифокда гдлянчи “ҳақиқатгўй”лар табиий ва объектив равишда урчишига сабаб бўлгучи талай вокеалар рўй берди. Аввал укдирилганидек, 1982 йили мамлакат “Озиқ-овқат Программаси” қабул қилинди. Ҳар нарсага шубҳа билан қарашга одатланган “совет тергови” бунга ўзича ёндошди:ўша жабҳага “уя қуриб олган жиноятчилар”ни овлашга киришди. Совет раҳбарларининг кетма-кет ўлими ва алмашинуви фасли келди. Ўша йили жамиятни 18 йил идора қилган Брежнев, 1983 йили эса Ўзбекистонни 24 йил бошқарган Рашидов оламдан ўтишди. Уларнинг ўлими ўтган даврлар ичида содир бўлган “сон-саноқсиз жиноятлар”ни ниҳоят “фош” эта бошлаш учун “равон йўл” очди ва ўтганлар қабрига “тош қалаш”,ишини танқидий баҳолаш билан боғлиқ кўпдан-кўп тафтиш-тергов, қамаш ва жазолаш, тадбирларига уланди.Ва ниҳоят Горбачевча “Хушёрлик турмуш тарзи” доктринаси: ҳалокат жари сари яқинлашаётган мамлакатда ичкиликбозлик иллатларига қарши ҳаёт-мамот “жангги” очилди. Бундай ҳолатлар ва вазиятларда “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” сингари компанияларнинг юзага келиши ҳеч гапмас. Шу каби алғов-далғов воқеалар юз бераётган кезда судлар томонидан оғир ва фавқулодда жазо чоралари бот-бот қўлланилгани кишини ажаблантирмайди. Республика Олий суди гдлянчилар тергови асосида 1989 йилнинг биринчи ярмида чиқарилган ўлим ҳукмлари ҳақида жойлардан йўлланган ариза ва протестларни кассация тартибида қараб чиқди. Ушбу муҳокама якунида 18 нафар кишига нисбатан тайинланган олий жазо чорасининг 11 таси ўз кучида қолдирилди, 3 кишига нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгартирилди, қолган 4 кишига нисбатан чиқарилган ҳукмларнинг 2 таси қўшимча терговга юборилди.
      (Давоми бор.)


   Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А
        3. Бўлим:
12. ФИТНА ЁКИ ЧАНОҚДАГИ ҚОН
ДОҒЛАРИ.  
   (Давоми.)
                                                   3.

    ... Гдлян гуруҳи томонидан Хоразмда “топилган беҳисоб олтин”лар аслида чуви чиққан “мис” эканлиги орадан кўп ўтмай Ҳазораспда ҳам исботлаб берилди. Туманнинг собиқ “Октябрь” колхози бош ҳисобчиси Мадраҳим Матмуродов ўзининг беайб қамалиши (1985 йил июлдан 1988 йилгача) оқибатида ўзига етказилган 10 минг 873 сўм пулни туман молия бўлими ва колхоз ғазнасидан ундириб бериш бўйича Республика Олий Суди Президиуми томонидан чиқарилган ажримга (1991 йил 11 феврал) мувофиқ судга мурожаат қилди. Мазкур фуқаролик иши ҳам вилоят судида қўрилди. Маълум бўлдики, муқаддам Матмуродов қатори жамоа хужалигининг собиқ раиси Бобохон Абдуллаев, ғазначилар: Раҳмат Султонов, Сафо Бобожоновлар ҳам Гдлян гуруҳи томонидан қамоққа олинган. Бироқ, айбини исботлай олишмаган. Оқибатда ишни ҳаракатдан ётқизишган, деярли 2,5 йиллик тутқинликдан кейин эса тўртовини ҳам қўйиб юборишга мажбур бўлишган.
Начора,келгинди терговчилар томонидан етказилган моддий зарарни пировардида суд қарорига мувофиқ давлат тўлади.
... Ўша кезлар Гдлян “оқ бедов”да юрган. Йўлда кимгаки дуч келса, устига “от солган”, эзиб-мажаклаб ўтган, Ўзбекистон, Ўрта Осиёда юрган кезлар ўзидан ўзга ҳеч ким, ҳатто, ҳукумату-ҳокимият, Марказком раҳбарларини ҳам сариқ чақага олмаган, ўзини бу юртнинг ягона хукмдори санаган, ўзидан ўзга “ақлли, донишманд, билимли, тажрибали, адолатпеша ва ҳақиқатгўй ҳуқуқшунос” йўқ, деб ҳисоблаган, ҳамма, ҳаттоки, ит-мушуккача барига таъна, дашном, назари билан қараган, мақтовларни эса ниҳоятда хуш кўрган, мақтамаганларни эса...
Тўғриси, сўнгги қатоғон лидери Гдлян ҳақда бизда аниқ бир тасаввур шаклланмаган.Бировлар наздида у Кремль томонидан юборилган ва кейинчалик хас-пўшланиб “қурбон”га айлантирилиши кўзланган ижрочи, яна бировлар учун эса мусулмонларга эскитдан ғарази бўлган бузуқ ниятли бир кимса.Балки,”ижрочи”ни муҳит лидерга айлантиргандир? Балки, ”лидер” ва “ижрочи” бир либосда намоён бўлгандир?Балким,аслида шарқона одоб-ахлоқ таъсирида вояга етган юртимиз кишиларининг юмшоқфеъллиги,муомала маданиятидаги камсуқумлик кўпроқ акс этгани “ижрочи”ни “лидер”га айлантиргандир? ...
Ушбу ўринда ҳаммуаллифлардан биримизнинг бевосита ўша “ижрочи-лидер” билан учрашиши воқеасини эътиборга лойиқ ҳисоблаймиз.Қисқагина учрашувнинг ўзи ўша “лидер” аслида кимлигини бир қадар акс эттиради.
... 1987 йил. Кеч куз. Область Партия Комитетида матбуот масалалари бўйича йўриқчи вазифасида ишлардим.
Кунларнинг бирида эгнига қалин фуфайкаю, пахтали шим, этик кийган, афти-ангоридан кимлиги мавҳум алланечук қиёфадаги бир деҳқон фўрим киши эшикдан бетакаллуф кириб келди. Куз. Терим фасли давом этаётганиданми, уни шундай алфозда кийиниб юрувчи хўжалик раҳбарларидан бирига йуйдим. Бундай маҳкамаларга одатда шундай мақомдаги кишилар кўпроқ келишарди.
Хуллас, уни танийолмадим ва ўзимизнинг маҳаллий деҳқонларидан бири деб ўйладим. У ҳам ўзини таништиришни лозим топмади. Аммо, осмондан тараша тушгандек, русча гапира кетди:
-Хоразмингга келиб, шунча иш қилсаг-у, газетчи, телевизорчиларинг бизга қиё ҳам боқмаса? Мана ҳозиргина вертолётдан тушдим. Жиноятчи райком қотиби ва раисни Тошҳовуз (қўшни Туркманистондаги область) қумликлари ичидан ушладик. Келтириб қамадик. Сизлар эса ўзларингни гўёки ҳеч нимани кўрмаганга солаяпсизлар. “Правда”, “Известия”, “Огонёк”дан қачон ўрганасизлар?
“Меҳмон”нинг эътирозини катталарга етказишга ваъда бердим. У эса 2 соатдан кейин ҳузурига – область прокуратурасида жойлашган “Пахта иши” штабига неки матбуотчи бўлса, барини жўнатишимни тайинлаганчча хонадан чиқиб кетди.


Ушбу масалада адолатнинг тантана қилишига Ўзбекистон Олий Суди Пленумининг 1990 йил 20 июлдаги қарори айниқса кўп ёрдам берди. Қарорга кўра “Талон-тарож бўлаётганлигини билмаган, ғараз мақсадлари бўлмаган шахслар ушбу жиноятнинг иштирокчилари, деб топилиши мумкин эмас ва хўжаликларнинг кассаларидан товарсиз операциялар ўтказиш учун олинган ва давлат банкига қайтиб тушган пул маблағлари талон-тарож қилинган ҳисобланмайди”.
... 1991 йил 3 апрель. Хоразм вилояти суди судъяси Султон Мадраҳимова раислигида қарийиб икки ой давом этган муҳокама асносида собиқ маҳкум Қ. Обидовнинг ўзига етказилган 11 минг 258 сўм пулни Урганч туман молия бўлимидан ундиришга қаратилган даъво аризаси асосан қаноатлантирилди. Суд қарорида кўрсатилган пулни тўлиқ тўлаш давлатнинг ваколатли органи сифатида туман молия бўлими зиммасига юклатилди. ...                                                    (Давоми бор.)


   Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
        3. Бўлим:
12. ФИТНА ЁКИ ЧАНОҚДАГИ ҚОН
ДОҒЛАРИ.  
   (Давоми.)
                                        2.

... Бу хайру-савоб тадбирларнинг аксарияти бошида Ўзбекистон судлари туришди. Ноҳақ айбланган кишилар ишини қайта кўришга бағишланган суд мажлисларининг деярли барчаси Гдлян ва унинг жиноий шериклари гарданига урилган тамомила адолатли ва қонуний зарбага айланди . Ҳа, уларни шундай тепишдики...
Оддийгина бир мисол:
... 1991 йил 12-феврал-3-март. Урганч туман суди мажлиси. Кун тартиби: “Давогар Обидов Қодирберганнинг ўзига етказилган зарарни ундиришга доир аризасини кўриш ҳақида”.
Бу мазмундаги суд мажлисининг Гдлян террорига нима алоқаси бўлиши мумкин ва “десантчи”- босқинчи унинг нимасидан зарба ейди? ...
... Афсус. Бу Қодирберган ака иштирокидаги иккинчи суд мажлиси. Дастлабки суд жараёнида у тузум душмани - “Пахта иши”нинг фаол иштирокчиларидан бири сифатида қатнашган, гапнинг очиғи унинг ўзини айблашган,“қора курси”га ўтказишган,қамашган  эди.Кейинги судда эса унинг ўзи айбловчига айланди. Келинг ҳикояни дастлабки суд ва тергов тафсилотидан бошлайлик.
Аслида Қодирберган ака пахтачиликка дахли йўқ одам. Бу соҳада ишламайди. Зиммасидаги вазифа Урганч тумани чорвачилик маҳсулотларини қабул қилиш пунктига келтириладиган сутни ёғ ва қаймоққа ажратишдан иборат. Шундай бўлсада, уни негадир “Пахта иши”да айблашди.Пахта билан боғлиқ ҳолда ўйлаб топилган ясама жиноят ишига унинг номини ҳам тиркашди. Мазкур “жиноят иши” аслида 80-йилларнинг иккинчи ярмида райондаги собиқ “СССР 50 йиллиги”колхози раҳбарлари ва масъул ходимлари устидан қўзғатилган ва хўжаликнинг пахтачилик соҳасидаги фаолияти “элак-элак” қилинганди. Аммо, негадир, кейинчалик гдлянчи терговчиларнинг кўнгли гумон доирасини бир четга суриб, чорвачилик жабҳасида ҳам текшириш ўтказишни тусаб қолди. Оқибатда, даставвал пахтани қўшиб ёзиш, кўзбўямачилик, пора олиш ва беришда айбланган жамоа хўжалиги раиси Қурбонбой Шарипов, партком котиби Шарифбой Жамматовлар ёнига колхоз бош зоотехниги Зарифбой Ражабов ҳамда Қодирберган акаларни ҳам қўшиб қўйишди. Уларнинг зиммасига пул эвазига маҳсулотсиз операцияларни амалга оширганлик, қўшиб ёзганлик айби юклатилди. Янада аниқроғи, раис, партком ва бош зоотехникни тайёрлов пункти мутассаддиларига 222 тонна пахтани қўшиб ёзиш эвазига 59 минг 100 сўм пулни пора тариқасида берганликда Қ. Обидовни эса келтириб топширилмаган 83,5 тонна сут эвазига 22 минг 475 сўм пулни олганликда айблашди. Тергов судга уланди. Раис Қ.Шарипов ва котиб- Ш. Жамматовнинг ҳар бирини 7, З. Ражабовни 4 ва Қ. Обидовни 5 йилга кесишди. Жазони кучайтирилган режимдаги ҳибсхоналарда ўтказиш ва мол-мулкини мусодара қилишга оид бандлар ҳукм матнини безади.
      Шундоғам эзилиб, 6 миллион тонна пахта етиштиришнинг ақл бовар қилмайдиган азобу-уқубатларини бошдан кечириб келаётган жафокаш ва меҳнаткаш ўзбек ҳалқи бошига қилич кўтариб ҳамла қилган сохта “ҳақиқатгўйлар” бу табаррук тупроқдан орқасига тепки еган куйи ҳайдалгач эса аксарият айбланганлар реаблитация қилинди. Шарипов, Жамматов, Ражабов, Обидовларга доир иш 1991 йил 4-январда Ўзбекистон Олий Суди раиси биринчи ўринбосарининг протестига асосан мазкур суд Президиумида кўриб чиқилди. Суд қонунбузарликни инкор этмаган ҳолда, маҳкумлар бу ҳаракатни ўз манфаатлари эмас, балки давлат манфаатларини ўйлаб содир қилишган, деган хулосага келди. Боз устига олинган пуллар ҳам пировардида 222 тонна паҳта ва 83,5 тонна сутни қоплаш учун давлат ғазнасига келиб тушган ва бундан ҳеч ким зарар қўрмаган. Обидовнинг ўзига келсак, у ўз ҳатти-ҳаракатларини юқори лавозимли раҳбарларнинг қаттиқ босими остида содир этганлиги, бироқ, камомад сут ўрнини шу ердаги “Коопунивермаг”дан сут ҳарид қилиб олиш билан тўлатганини таъкидлади, сўзининг тасдиғи учун судга тегишли ҳужжатларни тақдим қилди. Ваҳоланки, бу ҳужжатлар гдлянчилар “от”да юрган кезларда “уюштирилган” суд ва тергов жараёнида назарга ҳам илинмаганди.


 1989 йили СССР Олий Советининг янги сайланган бир гуруҳ депутатлари унинг сессияси минбаридан туриб, гдлянчи-“десантчи”ларнинг минтақадаги иғвогорона ҳаракати, бўҳтон ва фисқу-фасоддан иборат қилмишини илк бора очиқчасига фош этдилар.
... 1990-92 йиллар. Гдлян қатоғонларидан азоб-уқубат чеккан деярли барча кишилар,оилалар, жамоалар, вилоят ва республикалар Ўзбекистон тарафидан бошланган саъй-ҳаракатлар шарофати билан ноҳақ ёпиштирилган тавқи-ланъат ва м аломат ёрлиғидан ҳалос бўлдилар. ...                                                 (Давоми бор.)


     Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
         3. Бўлим:
   (Давоми.)

12. ФИТНА ЁКИ ЧАНОҚДАГИ ҚОН ДОҒЛАРИ.  

                                                   1.

       ... Ҳамон кечагидай эсимизда:терим бошланди дегунча қишлоқда ҳаммани пахтазорга жўнатишар, биз-болакайларни эса биринчи навбатда огоҳлантиришарди: терим нормасини бажариш- қонун. Бажармаганлар кечаси шом қоронғусида тарози бошидан яна далага ҳайдалар, топшириқни бажаргачгина уйга кетишга рухсат бериларди.
Уззу-кун эгилиб-туриб, пахта тераверганидан беланги бўлаёзган мурғак,мўртсуяк ёш-яланглар орамизда оз эмасди. Чаноқларда кўпинча қотиб қолган қон доғларини кўрардик. Учли тиғсимон чаноқлар куз об-ҳавоси таъсирида шундоғам қирқ тилим ҳолга келган юпқа тери, юмшоқ этли жажжи қўлчаларимизга тикан сингари ботиб, қип-қизил қонга белар ва унинг томчилари ана ўша чаноқлар ва пахта нуқралари устига томарди. Бундай кўргуликдан наинки биз-ғўр болакайлар балки далага-теримга чиққан ёшу-қарининг бари азоб-уқубат чекар, чаноқлар қўлларни қонга беласа, дашному ҳақоратлар юракларни хун қиларди.
... Одатда колхозчилардан нормани, колхозлардан “план”ни, Ўзбекистондан эса ҳар йили 6 миллионни сўрашар, уни бажармаганнинг шўрига-шўрва тўкилар, Гдлянга ўхшаганлар нуқул “план”ни бажарганлар устига мағзава тўкишарди.
Энди қараб турсак, Гдлян Ўзбекистонга қонуннинг адолатли тантанасини таъминлаш учун эмас, балким ман-манлиги, зўравонлиги, прокуратура-тергов даргоҳида ўзидан ўзга “даҳо” йўқлигини пеш килиш учун келган, аслида эса нўноққина сохта ҳуқуқшунослардан бири экан.
У Ўзбекистонга кела солиб, кимки илғор ва номдорликка эришган бўлса, у бу мақомга нуқул “жиноят кўчалари орқали” етганлигини “зукколик” билан “аниқлашга” муваффақ бўлди. Ўзбекистондаги бир неча маҳаллий номдорларни фош этиб, танилди.Бу ҳол  Москвадаги кўпгина “арбоблар”ни ажаблантирган ва таажжубга солган эсада, гўёки тамомила “қонуний ” тарзда “амалга оширилган”  тадбирга тан бериб қўя қолишди. Бу иш уларга Брежневнинг мақтовларидан сўнг "талтайиб" кетган ва “бебош” бўлиб қолган Ўзбекистон сингари минтақаларни Гдлян яна “Кремль” итоатига етаклаётгандек туюлди. Гдлян, Ивановлар шаънига нафақат Ўзбекистон, Туркманистон ёки Тожикистон, балки собиқ мамлакатнинг турли буржларидан қарсак ва олқишлар янгради. Брежнев мақтовларидан сўнг “куюшкондан чикиб кетган ” республикани Гдлян шу алфозда “қуюшқон”га қайта жойлади. Бироқ, бу орада унинг ўзи талтайиб кетди. Бу талтайиш шу даражага бориб етдики, энди Гдляннинг назарида “Кремль”нинг ўзи ҳам “жиноятчилар уяси”га айланаёзди. “Кремль” дастлаб Гдлянни “тушунган” аммо яқин келажакдаёқ ўзи ҳам чув тушишини асло ҳаёлига келтирмаганди. Ипни узоқдан ташлаган Гдлян эса аввал бошданоқ “Кремль”нинг жиловини кўзлаган, бироқ уни ҳеч кимга сездирмай келаётганди. У "талтайиб" , “қуюшқон”дан чиққан маҳал бу фитна барчага аён бўлди ва ўзгалар учун қазиган чоҳга ўзи қулади. Ўзини ўзгалардан устун ва “даҳо” санагани, бино қўйгани ва ҳаддан зиёда “семириб” кетгани панд берди. Ақли расо ва босиқ-вазмин табиатли кишилар бундай ҳолга тушишмайди, ўзини-ўзи афгор қилишмайди, ўзига муносиб ўриндан ўзга ўринни кўзлашмайди, бировларга чоҳ ҳам қазишмайди. Холис ва адолатли замонада одам амални эмас, амалнинг ўзи одамни излайди, обрў-эътибор ҳам шундай, у ўзига томон интилганлардан ўзини олиб қочади, ризқ-насиба изидан қувганлар ҳам ҳеч нарсага етиша олмайдилар, аксинча ризқ-насиба ҳалол, меҳнаткаш ва покдомон одамларни ўзи излаб топади. Бир гуноҳсизни қон қақшатган кимса эса дўзахда куйиб, қон қусади. Яъни жаноби Пайғамбаримизнинг муборак Ҳадиси-шарифида зикр этилганидек, “Яхшилик эскирмайди, гуноҳ унутилмайди, жазоловчи (Тангри) эса ўлмайди. Ҳоҳлаган ишни қил, диёнатинг қандай бўлса жазоинг ҳам шундай бўлади”.
  Собиқ Иттифоқ саҳнида, ҳатто “Кремль”нинг ўзида ҳам Гдляннинг мушугига ҳеч ким пишт деёлмади.


    Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
         3. Бўлим:
                    11. БЎРОН НАФАСИ
       (Давоми.)
                                        2.   

     ... Суддан ҳам хатолик ўтган: Мазкур ҳолат юзасидан хусусий ажрим чиқарилмоғи керак эди. Судлар қонунга ҳар куни мурожаат қилади, унинг талаб ва тақозоларини ҳам ҳар куни ва доимо ўрганади. Шу боиски, мазкур инстанцияда барча ҳолатлар асосланган ҳолда қараб чиқилмоғи ва ҳал этилмоғи даркор. Анашуларга кўра ҳам бу даргоҳ қонунбузарлик маконларидан бошқаларга қараганда хийла узоқда. Ва яна бир масала: суд ҳужжатларининг кучи - ижрода, унинг обрўси ҳам ижро даражаси билан боғлиқ.
  -Ижро ҳаракатларини доимо суд ҳужжатлари қўлимизга тегиши ҳамоно ҳаялламасдан амалга оширишга интилардик, - дейди эндиликда соҳа фахрийси, тизимга кўп ва самарали хизматлари синган кейинчалик судъя лавозимида ишлаган салоҳиятли ҳуқуқшунос  Райимбой Ражабов.(Ҳозир у вилоят хусусий нотариуслар палатасига раҳбарлик қилаяпти. 2009 йил маълумоти.)
Ҳужжат матнидан иқтибос:

“Урганч тумани ҳалқ суди ижрочиси Ражабов Раимбой зиммасига юклатилган вазифани бажаришда яхши кўрсаткичга эришди. Урганч тумани бўйича 4509 сўм пул ундирилди.
Адлия бошқармаси (бу пайтда Адлия бўлимига бошқарма мақоми берилган эди.) етакчи маслаҳатчиси К. Рўзимбетов, вилоят суди катта маслаҳатчиси А. Каримов туманларга чиқиб, тегишли ходимларни ижро ҳаракатларига жалб қилдилар.
Шу муносабат билан Рўзимбетов, Ражабовларни бир ойлик иш ҳақи миқдоридаги мукофот билан тақдирлашни таклиф қиламан”.

Вилоят суди раиси Р. Алимқулов ва вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Р. Самандаров номига йўлланган ушбу тақдимнома 1990 йил 9 сентябрь куни Адлия бошқармаси бошлиғи муовини Р. Худойберганов томонидан имзоланган.
Судларда танқид ва ўз-ўзини танқид қилиш ҳоллари роса расм бўлган ва у кўпинча ишга акс таъсир кўрсатган бир пайтда амалга оширилган бу каби мақтов ва рағбатлантириш тадбирларини фақат орзу қилиш мумкин эди.  
Бошқа бир енгилликдан эса айрим тоифа жавобгар шахслар баҳраманд бўлишди. Судлар СССР Олий Судининг 1986 йил 18 апрелдаги 10-сонли қарори талабига кўра баъзи айбланувчилар, чунончи қарамоғида ёш боласи бўлган аёлларга нисбатан агар улар ўта оғир жиноятга қўл урмаган бўлишса, жазонинг бир мунча енгил ва юмшоқ тури-озодликдан маҳрум қилмаган ҳолда ахлоқ тузатишга қаратилган таъсирий чораларни қўллашга киришдилар. Бироқ, жазонинг ушбу турини асоссиз равишда қўллаш ҳоллари ҳам аниқланди. Шу муносабат билан судлардан Олий Суд Пленумининг мазкур қарорини қўллашда шошма-шошарликка йўл қўймаслик, етти ўлчаб бир кесиш, ҳужжатлар, фактлар, далилларни синчиклаб ўрганиш талаб қилинди. Судланувчи Г. Матризаевага нисбатан эски таҳрирдаги “Жиноят Кодекси”нинг 91-моддаси 2-қисмини қўллаб ҳукм қилган Ҳазорасп, Р. Матсафоевани мазкур кодекснинг 177- ҳамда 185-моддалари билан айблаган Хива суди фаолияти ана шу тариқа танқидга учради.
Суд статистикасига оид ушбу ҳикоямизнинг қатор саҳифаларида баён этилган воқеалар, факт ва рақамлар бир қарашда майда-чуйда ва икир-чикирдан иборатдек туюлиши мумкин. Балким, шундайдир. Лекин, унинг ҳоҳ йириги, ҳоҳ майдаси бўлсин, барибир жамият ҳаёти манзарасини кўз олдингизда гавдалантиришга хизмат қилади. Биз шуни тасвирладик, холос. Унда акс этишича, жамият ҳаёти сиртдан қараганга бир мунча жозибадор, сокин ва мусаффо. Аммо “парда ортида денгиз чайқалаяпти” – Жамиятда инқироз ҳолати етилаяпти. Горбачёвча қайта қуриш сиёсати ҳам оқибатда ноиложликдан ташланган бир қалтис қадам бўлиб чиқди. Гдлян жиддий “тозалаш тадбири”ни ўтказиб, ўзича “инқилоб” ясамоқчи эди. Бироқ, “инқилоб” эмас инқироз содир бўлди. Одамлар олдинига ўнг лунжига Гдлян мушт кўндирса, чап лунжини ҳам тутиб беришди, бешта-ўнта зарбага чидашди, унинг изи узилавермагач эса ўзига хос тарзда бош кўтаришди, Гдлян, Иванов сингари қатоғончиларга қарши курашга отланишди. Навбатдаги ҳикоямиз, шу ҳақда.  ...                                                 (Давоми бор.)


 К И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
     3. Бўлим:
  (Давоми.)

                 11. БЎРОН НАФАСИ
                                    1.
... Дав,рлар ортда қолган сайин хусусий мулк инқирозга, давлат ва жамоат мулки мўътабар, муқаддас ўринга кутарила борди. 1982 йили қабул қилинган мамлакат “Озиқ-овқат Программаси” бу борада яна бир бурилиш нуқтаси бўлдики, бу ишга ҳатто суд маҳкамалари ҳам “дадил” бош қўшди ... :
“Хоразм вилояти суди раиси Дустматовга”
                      Т Е Л Е Г Р А М М А
1983 йил 7 март.        Тошкент шаҳри

 “Олий суднинг 1983 йил 1 мартгача Озиқ-овқат Программаси бўйича кўрилган ишлар ҳақида маълумотнома беришга қарата 1983 йил 13 январдаги топшириғи 1983 йил 7 мартгача бажарилмаган. Шу топшириқни дарҳол бажаришингизни сўрайман.
Ўзбекистон ССР Олий Суди
Раиси ўринбосари:       Добронравов.”
 Вилоят суди аллакимнингдир эътиборсизлиги сабаб, йўл қўйилган ушбу камчиликка ўша куниёқ нуқта қўйди. Марказга қуйидаги мазмунда маълумотнома йўлланди:
                       “А Х Б О РО Т

. .. Шу масала юзасидан 1982 йили вилоят судида 45 кишига нисбатан 37 та иш қараб чиқилди. 37 кишига нисбатан 31 та ҳукм чиқарилди. 8 кишига нисбатан кўрилган 6 та иш қўшимча терговга қайтарилди.
Шу даврда озиқ-овқат Программаси бажарилишига тааллуқли жиноятлар бўйича судланган 37 кишининг 36 нафари озодликдан маҳрум қилинди.
Область суди раиси: С. Дўстматов”.

“Марказ”нинг ташвиш ва таҳдид оҳангги мана-ман, деб турган бу каби топшириқлари Хоразм суди томонидан атрофлича ўрганилган, бевосита давлат ва жамият манфаати билан боғлиқ жиноятлар ва уларни қараб чиқиш якунлари эса қиёсий равишда таҳлил этиб борилган. Бутун Республикада “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” сингари “улкан кашфиёт”лар арафасидаги жиноий манзара анашундай қиёфа кашф этди.
Энг ажабланарлиси, ушбу йиллар ичида давлат ва жамоат мулкига етказилган зарар миқдори ақл бовар қилмайдиган даражада осмонга ўрлади. Фактлар тили билан айтганда, 1981 йили етказилган жами зиён миқдори 18 минг 230 сўмни ташкил этган ва унинг 15 минг 516 сўми, бундан ташқари ижро варақаларига биноан 2714 сўми ундирилган эди. Орадан бор-йўғи икки йил ўтиб, жиноий ҳатти-ҳаракатлар оқибатида етказилган зарар ҳажми  124 минг 343 сўмга етди.
Кулфат кўпинча қўшалашиб ҳамда қаторлашиб юраркан. Одамлар оғзидаги ушбу нақлда жон бор. 80-йилларга келиб, тузум инқирозига йўл очаётган жиноятчилик кўламлари ёнига автоҳалокат аталмиш офат ҳам қўшилди. 1985 йили судларда шунга доир 78 та жиноят иши кўрилди. 80 киши судланди. Мазкур масалага оид тергов айбномаларини қараб чиқишда жиддий процессуал камчиликларга йўл қўйилмаган бўлсада, ишлар сони кейинги бир йилнинг ўзида 13 тага, жалб қилинган кишилар сони эса 14 кишига кўпайди. Бу ачинарли ҳолнинг бир тарафи. Яна бир жиҳати: айрим ишларнинг суст ўрганилгани. Область суди маъмурияти томонидан тайёрланган умумлашмада қайд этилишича, Матчонов Жумабой томонидан 1979 йилнинг 23 сентябрида содир қилинган йўл-транспорт ҳодисасининг судлов жараёни 6 йилдан буён давом этаяпти. Бунга йўл ҳаракатини назорат қилиш хизмати томонидан уни ўрганиш чоғида йўл қўйилган бир қатор хатолар сабабчи. Жавобгар ходимлар эса ундан ҳалигача хулоса чиқаришмаяпти. Тергов ҳаракатлари ҳам малакали тарзда ўтказилмаган, воқеа рўй берган жой синчиклаб кузатилмаган, унинг манзараси схема тарзида чизиб, аниқланмаган. Тузилган баённомада шу ердаги йўлнинг ҳолати, йўл кўрсаткичлари, светофор чироғи ҳамда тезликни чекловчи белгиларнинг мавжудлигига оид маълумотлар йўқ. ...                                        (Давоми бор.)


Мурожаатда фуқароларнинг судга мурожаат қилиши, такрорий ва қўшимча тергов ҳаракатлари сони кўпаётгани, суд-ҳуқуқ тизимининг айрим ходимлари маҳаллий шахслар таъсирига тушиб қолишаётгани ташвишли ҳолат сифатида қайд этилди. Хатда келтирилишича, гуруҳ ҳолида катта миқдордаги давлат мулкини ўзлаштириш, қўшиб ёзиш ва порахўрликда айбланган “Закотскот” директори Бердимуродов Қорақалпоғистон АССР Ички ишлар министрлиги тергов хизмати томонидан асоссиз равишда жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Иш қўшимча терговга юборилган бўлсада, охиригача ҳал этилмаган ва унинг тергови 4 йил давом қилган.
Суд ҳимояси соҳасида катта камчиликлар мавжуд. Судлар ишларни кўриш муддатларига риоя қилмаяптилар. Айрим ишлар эса асоссиз равишда қўшимча терговга қайтарилаяпти. Ҳуқуқ тартиботи идоралари бу каби ҳолларга кўпинча эътиборсиз қараяптилар.
Хат муаллифлари мутасадди идоралар олдига рўй бераётган хато ва қусурларни тезда тугатиш учун қўшимча чора-тадбирларни ишга солиш, жиноят ишлари тергови ва судлов ишлари сифатини ошириш, ишларнинг қўшимча терговга қайтарилиши сабабларини чуқур ўрганиш, унинг мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишларида мунтазам муҳокама этилишини таъминлаш, шу юзадан прокурор ва судьяларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш, юзаки тергов ва суд мажлисларига доир ҳар бир ишни алоҳида қараб чиқиш, унинг айбдорларига нисбатан қўшимча чора-тадбирларни қўллаш, ходимларнинг касбий ва мафкуравий малакасини доимо назорат қилиб бориш, бунга қарата семинар машғулотларини уюштириш билан боғлиқ қатор вазифаларни қўйдилар.
... Афтидан, 30-йиллардан кейинги энг йирик  қатоғон тўфони бошланиб келаётганди...
                                                     (Давоми бор.)


     Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
             3. Бўлим:
   (Давоми.)
              10. ҲИБСХОНАДАГИ ВОҚЕА

            ... Жиноятчиликка нисбатан “катта нафрат ва ғазаб” ҳисси жунбушга келган беҳаловат кунларнинг бирида Урганчдаги вақтинчалик ҳибсхонадан бир маҳбуснинг ўлиги чиқди.
Тафсилотларга қараганда, шаҳар милицияси қошидаги ҳибсга олинганларни вақтинчалик сақлаш хонаси бандиси Жумабоев “қочиб кетиш”га уринган. Бу ерда навбатчилик қилаётган икки ходим уни қочиб кетмаслиги учун “озгина дўппослашган”. Маҳбус Жумабоев бир оздан кейин оламдан ўтган. Марҳумнинг акаси Собировнинг уйида ҳам ғаройиб воқеалар руй берган. Собиров тинтув чоғида қаттиқ калтакланган, ҳақоратланган ва “қочиб кетмаслиги учун” ўз камари билан боғлаб қўйилган.Калтак ва тепки зарбидан гумонланувчининг шими ва оёғидаги бир пой туфлиси йўлда тушиб қолган.Аммо, тинтувга келган милиция ходимлари бу ҳолга парво қилишмаган. Собировни шимсиз ва туфлисиз ҳолда аввал милиция маҳкамаси, кейин прокуратура идораси ва пировардида шифокор кўригига олиб боришган. Қизиғи шундаки, Собировнинг ўзи орадан бир неча кун ўтиб, тергов якунланиши арафасида бу воқеаларнинг барини инкор этган: “укамни шу одам ўлдирганмикан, дея гумонланиб, туҳмат қилдим”, деган.
Тергов органи ана шу “гувоҳлик” асосида жавобгарликка тортилган ҳар иккала милиция ходимини оқлаб юборди. Лекин, кейинчалик аён бўлишича, воқеалар аслида бир мунча бошқача тарзда содир бўлган экан. Гувоҳ Мингуловнинг айтишича, КПЗ навбатчиси “сен бола қочишга уриниб, овқатимни заҳарга айлантирдинг” дея дўқ урган ва Жумабоевнинг қорнига қаттиқ тепган,шериги эса маҳбусни маҳкам ушлаб турган. Ҳар иккала навбатчи шу куни гумонланувчини ҳеч қандай асоссиз бутун кун давомида қамоқда ушлаб туришган. Экспертиза Жумабоевнинг ўлими қорин бўшлиғига оғир жароҳат етказилгани ва ичаги узилиб кетгани оқибатида руй берганлигини аниқлади. Унинг акаси – Собировнинг калтакланиши ва ҳақоратланиши воқеаси эса ушбу ўлимдан аслида анча олдин содир бўлган экан. Маълум бўлишича,Собиров ўзининг калтакланиши ва ҳақоратланиши воқеасини укасининг сирли ўлимидан анча илгари аслида қандай бўлса шундайлигича айтиб, кўрсатма берган. Бундай ҳолатда унинг “укамни шу одамлар ўлдиргани учун гумонланиб, туҳмат қилганман”, дейиши ҳақиқатга мос келмайди. Воқеа Жумабоевнинг ўлимидан олдин юз берганлиги ва милиция ходими уни уриб калтаклаганини ўз кўзи билан кўрган гувоҳ Рахим Қурбонов кейинчалик бу воқеани аниқ гапириб берди. Афсуски, тергов органи гумонланувчининг ўлими ва унинг акасининг калтакланиши ўртасидаги ўзаро боғлиқликни англамади. Бир занжирга тизилган ҳар иккала ҳодисани етарлича текширмади. Ушбу далилларни рад этишга имкон қолмагани важидангина жиноят иши қайта қўзғатилди.
Фактлар сиёсат ва тузум манфаатларига дахли бўлмаган жиноий кирдикорларга нисбатан бетараф муносабатда бўлинганидан далолат беради.
1980 йили Ҳазораспда мудҳиш жиноят содир бўлди. Дарғазаб тоға-Саид Давлатов бир йўла икки нафар жияни-Давлат Ваисов ва Қодир Жуманиёзовларни совуққонлик билан отиб ўлдирди. Бунга тоға-жиянлар ўртасида девор қурилиши билан боғлиқ ҳолда юзага келган бир оддий можаро сабаб бўлди. Суд икки навқирон йигитнинг умрига зомин бўлган қотил тоғани олий жазога эмас,15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Прокуратура бунга эътироз билдирмади. Маҳкум бу жазони ахлоқ тузатиш-меҳнат колониясида ўтади.
Мутассадилар ўзига дахли бўлмаган бу сингари ҳолатлардан қўл силташса-силташгандир, аммо жиноятчилик кўламларининг тобора тез суръатларда ортаётганлигидан ҳам қўл силтанса, бунинг оқибати яхшиликка етакламайди. Бу ҳол жамият ичида чиндан ҳам жиддий ташвиш уйғотди. Бунинг бир исботи сифатида 1984 йил 16 октябрда Ўзбекистон ССР прокурори Бутурлин, Ички ишлар Министри Н. Иброҳимов, Адлия министри Н. Бўрихўжаев, Олий Суд раиси Б.Наврўзовнинг“Республика прокуратураси ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ҳақида”ги хатини келтириш мумкин.


Қ И Л И Ч В А Қ А Л Қ О Н О Р А С И
3. Бўлим:
9. ҚИРОЛ ЎЛДИ, ЯШАСИН ҚИРОЛ !
(Давоми.)
3.
... Шу учала йиғин кун тартибига қўйилган масалаларнинг ўзиёқ давр мазмуни, долзарб ва етилган ишлар кўлами, жиноятчиликнинг ташвишли қирралари ҳамда вазифалар миқёсини кўз олдингизда яққол гавдалантиради.
Кенгашнинг 30 июнь куни ўтказилган йиғилишида автоҳалокатлар сони кескин ортгани муносабати билан унга қарши кураш чоралари муҳокама қилинди. Ўша йилнинг 26 июль кунги йиғилишида эса СССР Олий Совети Президиуми ҳали 1966 йилиёқ “Безорилик учун жавобгарликни кучайтириш ҳақида” қабул қилган қарори ижросини таъминлашга қарата Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 1972 йил 29 июндаги қарори Қўшкўпир районида қандай бажарилаётгани тўғрисидаги масала кун тартибига қўйилди. Кенгашнинг кейинги мажлиси 2 сентябрь куни ўтказилиб, унинг муҳокамасига “Ўзбекистон КП. Марказкўмининг 2-Пленуми қарорлари асосида чайқовчилик, ҳусусий тадбиркорлик ва харидорларни алдаш ҳолларига қарши курашни кучайтириш соҳасида ҳуқуқ тартиботи идораларининг вазифалари ҳақида”ги масала киритилди. Мазкур анжуманнинг баъзи жиҳатлари эътиборни ўзига тортади. Кун тартибидаги масала юзасидан ахборот берган прокурор Р. Муҳаммедов кейинги пайтда чайқовчилик, хусусий тадбиркорлик ва харидорларни алдаш ҳоллари, умуман жиноятчилик кўламлари тез ортаётганини таъкидлай туриб, унинг бундай миқёсларда кўпайишига асосан айбдорларга нисбатан тайинланаётган енгил ва юмшоқ жазо чоралари сабаб бўлаётганини уқдирди. Келтирилган фактларга қараганда,1973 йили мазкур кўринишдаги жиноий ҳатти-ҳаракатларни содир этганларнинг 48,4, 1974 йилнинг 1-ярмида эса 46,6 фойизи жавобгарликдан озод қилинган.
Жиноятларнинг газак олишига олиб келаётган бу сингари ҳолларни Урганч шаҳри, Гурлан ва Хива районларида кўплаб учратиш мумкин. Маърузачининг фикрига қараганда, айрим судлар бу хил қонунбузарликларни сан-соларлик билан қараб чиқаяптилар. Мусодара қилиш ва ашёвий далилларни давлат фойдасига ўтказиш кўрсаткичлари пастлигича қолаяпти. Шу хилдаги 35 та жиноятдан атиги 4 таси сайёр ҳолда муҳокама этилган.
Ўтган ўн йилликлар мобайнида тузум томонидан эришилган энг катта “ютуқ” шу бўлдики, одамлар гарчи эркин ва демократик андозалар даражасида турмуш кечирмасаларда, социализмчасига яшашни ўрганиб олишди ва унга кўникиб ҳам кетишди. Якка партия ҳукмронлиги демократия тамойилларига қанчалик зид бўлмасин давр қонунчилиги бу ҳолни сўзсиз эътироф этди. Тузум суд-ҳуқуқ тизими идоралари унинг асосий ижро бўғинига айланди. Никита Хрушчев КПССнинг “тарихий” 22-сеъзди (1961 йил октябрь) минбаридан туриб, “коммунизм ғалабаси” тўла таъминланадиган 80-йилларга келиб, жамиятда давлат ҳам, жиноятчилик ҳам барҳам топади, дея башорат қилганди. Афсус. Ҳаёт бу башоратни тасдиқламади, инкор қилди. Жиноятчилик кўламлари камайиши нарёқда турсин, борган сари орта борди. Тузум эса қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатларни таг-томири билан кесиб йўқотиш ҳақида тўхтовсиз бонг уришдан бўлак илож тополмади.
Суд-тергов идоралари ходимлари учун иш доимо бисёр бўлди. Партия улардан жазо чораларини кучайтириш ва алмисоқдан қолган “жазолаш сиёсати”га қатъий ва оғишмай амал қилишни талаб этишдан асло чарчамади. 1978 йили областъ судининг жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича назорат ҳайъати судлар томонидан муқаддам кўриб, ҳал этилган 11 та жиноят ва 5 та фуқаролик ишини бекор қилди. Бу тадбир жазоларни юмшатиш ёки енгилатиш ниятида амалга оширилди, деса хато бўлади. Негаки, партия ва ҳукумат қонундан ҳадеб зўравонликни сўраб турган бир пайтда судларнинг боши икки эмасдики, жазо ёки чоранинг енгилини қўлласа?!Шу аснода айбланганларга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани прокуратурада анча-мунча жазава уйғотди. ...
(Давоми бор.)


Кенгаш шу вазиятларни назарда тутган ҳолда Ўз Компартия ва Ўз ССР нинг яқинлашиб келаётган 50 йиллик “тўйи”га қарата лекция ва маърузалар уюштириш, партия мурожаатидан келиб чиқадиган вазифаларни оғишмай амалга ошириш, обкомга жиноятчилик ва унга қарши курашнинг аҳволи юзасидан мурожаат йўллаш ва белгиланган тадбирларнинг назоратини таъминлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилди.
Ўша йили мазкур Кенгаш мажлислари яна 3 бора ўтказилди. ...
                                                    (Давоми бор.)


    Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
           3. Бўлим:
          9. ҚИРОЛ ЎЛДИ, ЯШАСИН ҚИРОЛ !
   (Давоми.)
                                                2.

... Кенгаш олдига омманинг ғоявий-сиёсий савиясини кўтариш, аҳоли қатламлари орасида ҳуқуқий тарбия тизимини яратиш, ҳуқуқий тарбиянинг шакл ва усулларини ташкиллаштириш, шу юзадан тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, партия ва ҳукуматнинг одамлар ҳуқуқий дунёқарашини оширишга қаратилган қарорлари ижросини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш сингари вазифалар қўйилди.
       Адлия бўлими бошлиғи Ў. Рахимов кенгаш раиси қилиб тасдиқланди. Жами 14 кишидан иборат мазкур кенгаш таркибига шунингдек “Билим” жамияти область бўлими, ҳалқ маорифи бўлими, маданият бошқармаси раҳбар ходимлари қатори оммавий ахборот воситалари вакиллари,чунончи,“Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари партия турмуши ҳамда тарғибот бўлимлари мудирлари Ж.Абдурахимов, Л.Долина, область телевидение ва радиоэшиттириш қўмитаси раисининг ўринбосари, Д. Матчон, область матбуот комитети раиси муовини Жапаковлар ҳам кирдилар.
Совет турмуш тарзини,одамларнинг кундалик ҳаётини сиёсийлаштиришга қаратилган тадбирлар шу тариқа босқичма-босқич авж нуқтага кўтарила борди. Брежнев амалдаги ҳокимият тепасига келган санадан кейин “чакки” ишламагани, қадамлар ортга кетмагани, совет кишилари партия атрофига “янада маҳкам жипслашгани”ни бутун жаҳонга намойиш қилиб, кўрсатиш зарурати юзага келган эди. Иккинчи томондан одамлар эътиборини жамият ичидаги айрим бўҳронлардан четга тортмоқ, уларни итоатда ушламоқ учун ҳам сиёсий шиорлар ҳамда чақириқларга зўр берилмоғи, социалистик қонунчилик доирасидан четга чиққанларни жазоламоқ ва жамият ҳаётига хавф туғдирувчи айрим ҳолатларнинг олдини олмоқ учун эса қонун кучини ҳалойиққа тез-тез писанда қилиб турмоқ зарур. Шу аснода қонун назорати ва ҳуқуқ тартиботи идоралари фаолияти кучайтирилмоғи керак.
1974 йил 24 январда область суд, прокуратура ва ички ишлар ходимларининг идоралараро кенгаши мажлиси чақирилди. Кун тартиби: “Маъмурий органлар ходимларининг жиноятчиликка ва қонунчиликнинг бузилишига қарши кураш соҳасида 1973 йилги иши якунлари ва КПСС Марказий Комитетининг “Партияга ва Совет ҳалқига мурожаати”дан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида”. Область прокурори Муҳаммедов шу ҳақда маъруза қилди.
Унинг музокарасида область ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ашуров, область Адлия бўлими бошлиғи Рахимов, область суди раиси Мавлонов қатнашдилар.
Нотиқлар партия раҳбарлиги остида совет қонунчилигини мустаҳкамлаш йўлида катта қадамлар ташланаётганлигини қониқиш билан изҳор қилдилар. Кўламдор сиёсий тадбирлар ва амалий сайъ-ҳаракатлар туфайли 1973 йили областда безорилик ҳолатлари -22,9, автоҳалокатлар-15,9, баданига жароҳат етказиш ҳолатлари - 9, мастлик оқибатидаги жиноятлар-10, 7 фойизга қисқарди. ”Хушёрхона”лар “меҳмонлари” сони 1972 йили 4192 кишини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич кейинги йили 2852 га тушди. Оғир жиноятлар барча ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг 36,5 фоизига тенг бўлди. Шу билан бирга қасддан одам ўлдириш ҳолатлари бир йилнинг ўзида 2 марта, номусга тажовуз ҳоллари 38,9 фойиз, давлат мулкини ўғирлаш 30,7 фоиз, шахсий мулкни ўғирлаш 37,2 фойиз,фирибгарлик жиноятлари 16,6 фойиз кўпайди. Содир этилган жиноятларнинг 43,6 фойизи ишчилар,20,6 фойизи хизматчилар,19,4 фойизи колхозчилар томонидан амалга оширилди. ”Коммунистик жамият”қурилиши “охирги ҳал қилувчи палла”га кирган бир пайтда партия аъзолари ва аъзоликка номзодлар томонидан содир этилаётган жиноий ҳатти-ҳаракатлар миқдори кўпаётгани кечирилмас ҳолдир. 1971 йили ана шу тоифадаги кишиларнинг 102 нафари жавобгарликка тортилган эди. Кейинги йили бу кўрсатгич 106 га, 1973 йили эса 137 га етгани ачинарли бўлди.
Таъкидланишича, тергов ва жиноят изларини очишда тезкорлик салоҳияти етишмаяпти.


Богчадаги неварамни у ердан купинча узим олиб кайтаман. Хар гал богчадан чика солиб: "Дуконга олиб боринг", дея хархаша килади.Йук, дея олмайман.Бундай пайтларда купинча уз ешлигимни эслайман.Ота-онамизнинг кули киска булган.Башарти улардан йилига атиги бир-икки бора 10 тийингина пул ололсак ,уша кун биз учун байрамга айланар. Шу 10 тийинга мактаб буфетидан харид килинган битта булочка-ю, бир стакан ширали чойни коринга жойлагач узимизни худди тук оиланинг фарзандидай хис этардик.Энди хору-зорликда утган уша кунларнинг кадрини билгучилар орамизда колдимикан?


        Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
         3. Бўлим:
   (Давоми.)
     9. ҚИРОЛ ЎЛДИ, ЯШАСИН ҚИРОЛ !

                                   1.
   ... Жамият ривожига тўғаноқ бўлаётган ҳолатларни профилактик тадбирлар асосида бирмунча самарали жиловлаш мумкин. Лекин, жойларда тарғибот-ташвиқот ва тушунтиришлар билан узвий боғланган профилактик тадбирларнинг аҳволи қандай, судлар бу долзарб масалага қай даражада эътибор қаратишади?
Судларнинг бу соҳадаги фаолияти 1972 йили махсус текширувлар йўли билан атрофлича ўрганилди. Анашундай тафтишларнинг бири 1972 йилнинг 1-чораги якунлари бўйича Урганч район судида ўтказилди. Область Адлия бўлими бошлиғи ўринбосари Р. Самандаровнинг имзоси остида текширув якунларига бағишлаб тайёрланган маълумотномада қайд этилишича, район суди бу долзарб масалани эътибор доирасидан узоқлаштирмаган. Жорий муддатда  район газетасида ҳалқ суди раиси Бозорбоевнинг 2 та, район прокурорининг ҳам 2 та мақоласи чоп этилган. Таҳририят қошида район суди раиси, прокурори, милиция бошлиғи ва бошқа дахлдор идора ҳамда ташкилотлар вакилларидан иборат “Совет қонунчилигини пропаганда қилиш” жамоатчилик кенгаши тузилган. У фаолият кўрсатмоқда. Бироқ, камчиликлар ҳам талайгина. Тарғибот-ташвиқот режалари юзаки ва орадан 2 ой ўтса ҳамки ҳануз бажарилмаяпти. Район суди раиси йил бошидан буён бир марта лекция ва 1 марта маъруза билан чиққан,холос.
Ўртоқлик судлари аъзолари ва ҳалқ маслаҳатчилари билан машғулотлар ўтказилмаяпти. Сайловчилар олдида ҳисобот тадбирлари уюштирилмаяпти. Ҳуқуқий маслаҳат соҳасидаги тадбирлар ниҳоятда кам. КПСС МК. ва СССР Министрлар Советининг “Жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш тўғрисида” 1966 йил 23 июлда чиқарган қарори ижросини таъминлаш бўйича қишлоқ советларига бор- йўғи битта қўшма тақдимнома юборилган.
Ушбу қониқарсиз аҳволни бартараф этиш учун район ҳалқ суди раиси Бозорбоевнинг масъулияти оширилмоғи керак.
Профилактик чора-тадбирларга оид бу каби текширувлар тезора Ҳазорасп ва Қўшкўпир районларида ҳам ўтказилди.
Текширувлар асосан партия-совет ташкилотларининг талаби, кўрсатмаси асосида амалга оширилганини назарда тутмоқ керак. Акс ҳолда область партия қўмитаси номига қуйидаги мазмун ёзишма юборилмаган бўларди.
           “Ҳисобот ёзишма.
Тарғибот-ташвиқот масалалари бўйича.
... “Хорезмская правда” газетаси таҳририяти қошида Р. В. Ўзбеков раҳбарлигида жамоатчилик ҳуқуқий маслаҳатхонаси ўз фаолиятини бошлади. Унинг таркиби 3 кишидан иборат.
Ҳуқуқий тарғибот тадбирлари доирасида йил бўйи (1972 йил назарда тутилаяпти.) маҳаллий телевидение орқали 6 марта, радио орқали 64 марта, газеталар орқали 22 марта чиқишлар уюштирилди.
1970 йили суд ходимлари томонидан 28 марта лекция ўқиш тадбири амалга оширилди. Матбуотда 6 та мақола эълон қилинди. 1971 йили эса бундай чиқишлар 4 тани ташкил этди. ”
Бошқа бир ҳуқуқий билим ўчоғи эса область ижроия комитетининг 1972 йил февраль ойида қабул қилган қарори асосида юзага келди. Унга мувофиқ область Адлия бўлими қошида ҳуқуқий билимлар ва ҳуқуқий тарбия масалалари юзасидан услубий-мувофиқлаштириш кенгаши тузилди. ...
                                             (Давоми бор.)


Совет жамияти аъзолари тафаккурини жиноят, фуқаролик ёки маъмурий қонунчилик тамойиллари асосида идора қилишда, шубҳасиз суд-ҳуқуқ тизими ходимлари томонидан амалга ошириладиган тарғибот-ташвиқот тадбирларининг аҳамияти бениҳоя катта. Шу боиски, соҳа ходимлари тарғибот-ташвиқот ишларига фаолиятнинг муҳим жиҳати сифатида қарашган, бу борадаги ҳар бир имкондан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишган.
Бунинг исботи сифатида область Адлия бўлимининг область ёшлар ташкилоти семинар-кенгаши учун тақдим этган маърузасини мисол қилиб келтириш мумкин. Унда баён этилишича, ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳаракатларининг ортаётгани кузатилмоқда. 1970 йили область бўйича 24 ёшгача бўлганларнинг 119 нафари, 1971 йили эса 174 нафари судланган. Улар орасида 1970 йили судланган 16 нафар ва 1971 йили судланган 30 нафар мактаб ўқувчиси ҳам бор. Ёшлар ташкилоти аъзоси М. Абдуллаев маст ҳолатда ўта оғир жиноятга қўл урган. Оқибатда 15 йилга кесилган. Бу каби ашаддий жиноятларни ёшлардан ишчи Л. Ким, М. Солаев, Ш. Матёқубовлар ҳам амалга оширишган. Улар ҳам узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилганлар. Ҳукм қилинган ёшлар сони 65 кишини ташкил этади.
Маърузачининг фикрича, бу каби кўримсиз ҳолатлар ёмон таълим-тарбиянинг натижаси бўлган. ...
                                                    (Давоми бор.)


   Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
         3. Бўлим:
                                8. ШИДДАТ
        (Давоми.)
                                             2.

...Жиноятларга берилган баҳо-чиқарилган ҳукмлар эса наинки жавобгарликка тортилган шахслар, балки жамиятнинг бошқа аъзоларини ҳам тарбиялаш, омма ўртасида қонунга нисбатан итоатгўйлик вазиятини вужудга келтириш ва бу жараённинг янада чуқурлашувини таъминлаш, одамлар қалбида қонунбузарликнинг ҳар қандай кўриниши учун жазонинг муқаррарлиги ҳиссини уйғотишга хизмат қилади.
1970 йилнинг 1-ярмида суд олдида 329, кейинги йилнинг шу даврида эса 330 киши жавоб берди.Олиб борилган саъй-ҳаракатларга қарамасдан Гурлан,Хива,Урганч районларида жиноятчилик миқёслари бир мунча ортди. Қўшкўпир,Ҳазорасп районларида эса анча камайди.
Ишларни кассация тартибида кўриш натижасида 1970 йилнинг биринчи ярмида аввал қараб чиқилган жиноий ишларнинг 3,7, 1971 йилнинг шу даврида 4,1 фоизи, фуқаролик ишларининг эса 16,8 кейинги йилнинг биринчи ярмида эса 19 фоизи бекор қилинди. Ушбу инстанцияда область суди томонидан қараб чиқилган ишларни бекор қилиш ҳоллари кузатилмади.
Аммо, суд ҳукмларининг ўзгартирилиши ҳоллари анча кўпайиб, 1971 йилнинг биринчи ярмида 12 фойиздан ортди. Ҳатто, бу даврга келиб, кассация тартибидаги шикоятлар асосида область суди қарорлари ҳам ўзгартирилди.
Бу ҳолатлар судлар фаолиятини вақти-вақти билан тафтиш этишга олиб келди ва бу иш аксарият ҳолларда режали тартибда амалга оширилди. 1971 йили Янгиариқ судининг фаолияти республика ва область адлия идоралари томонидан тафтиш қилинди. Жиноий ишларга доир ҳукмларни бекор қилиш ҳоллари сезиларли кўпайгани сабаблари ўрганилди. Бундай текширувлар область Адлия бўлими томонидан Урганч шаҳри (шаҳар судининг ариза ва шикоятларга муносабати ўрганилди) ва Хива райони (умумий фаолияти ўрганилди)да ҳам амалга оширилди.
Нотариал фаолиятдаги 3 та маҳкаманинг 2 тасида иш шароити қониқарли. Аммо, Хивадаги давлат нотариал идорасида аҳвол ташвишли. Идора атиги 9 квадрат метр саҳнли битта хонада қисиниб-қимтиниб фаолият кўрсатаяпти. Ҳужжатхонаси  ва мижозлар учун кутиш жойи йўқ.
Қонунийликни таъминлашда ҳуқуқий ҳимоянинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Бу соҳада фаолият кўрсатган 18 нафар ходим адвокатлик хизматига бўлган талаб ва эҳтиёжни қондиришда анча фаол ҳаракат қилди. Мижозлар талабини қаноатлантирмаслик, хизмат фаолиятини суистеъмол қилиш ҳоллари деярли учрамади. Аксинча, область Адлия бўлимининг тарғибот-ташвиқот масалаларига доир (1972 йил январь) ахборот ёзишмасида оз сонли жамоанинг кўламдор ишлари алоҳида қайд этилди. Тизим ходимлари ўз хизмат вазифасини адо этиш билан чекланиб қолишаётгани йўқ. Улар жамоат ишлари, хусусан тарғибот-ташвиқот тадбирларида ҳам фаол иштирок этишаяпти. 18 нафар адвокатининг катта кўпчилиги айни маҳалда қишлоқ, маҳалла, шаҳар ва район ўртоқлик судлари ва унинг кенгашлари фаолиятига раҳбарлик қилади. Ҳуқуқий ҳимоячилардан Мадамин Мадраҳимов Ҳазорасп, Оқтурғон Қўшаева эса Урганч райони ўртоқлик судлари кенгаши, Саъдулла Отажонов, Собир Мавлонов, Абубосит Ҳусаинов, Болта Отажоновлар маҳалла ўртоқлик судларининг раиси вазифасида ишлашаяпти. О. Қўшаева айни пайтда маҳалла ўртоқлик судига ҳам раис қилиб сайланган. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, совет тузуми ўртоқлик судларига иллатларга қарши таъсирчан амалий чора-тадбирларни ишга солиш қуроли сифатида эмас, балки маънавий-ахлоқий тарбия ва тарғибот-ташвиқот воситаси сифатида қараган. Ва ушбу ном билан аталмиш судлар бу вазифани ўз кучи ва ваколати доирасида адо этган, кўп ҳолларда эса маҳаллий партия – совет ташкилотларининг ўзига хос ёрдамчисига айланган. Бунда қонунга эмас, балки ўша ташкилотларнинг кўрсатмаси, ҳоҳиш ва иродасига кўпроқ амал қилинган.
Бу сингари фактлар тузум кишилар онги, эркинлигини кўзлаб эмас, балки уни бошқариш мақсадини кўзлаган ҳолда иш тутганлигини кўрсатди.


Мазкур ҳисоботда қайд қилинишича, 1971 йили областда 1320 та ўртоқлик судлари фаолият кўрсатган. Кўрилган маъмурий ишлар ҳақидаги рақамлар ҳам баён қилинган. Унга кўра 1970 йили судларда 533 та, 1971 йили эса 580 та шундай мазмундаги ишлар қараб чиқилган. Кўрилган ишларнинг асосий қисмини кичик безорилик ҳаракатлари, чайқовчилик ва майда ўғирлик ҳолатлари ташкил қилган.1970 йили 45, 1971 йили эса 55 нафар аёл суд қилинган. Судланганларни озодликдан маҳрум этиш кўрсаткичи 1970 йили 65.8 фойизни ташкил этган, яъни 723 нафар айбланувчининг 476 нафарига жазонинг ушбу тури қўлланилган.
Жазо бежиз тайинланмайди. Қилмиш қидирмишга етаклайди. Судлар одамларни тамомила беасос ва беандиша ҳукм қилди деёлмаймиз. Ўзини-ўзи муҳофаза этолмаган жамият ҳалокатга маҳкум. Жиноятчиликка қарши кураш ўз-ўзини муҳофаза этишнинг энг ишончли ва асосий чораси саналади. ...
                                                 (Давоми бор.)


    Қ И Л И Ч     В А     Қ А Л Қ О Н     О Р А С И
         3. Бўлим:
   (Давоми.)
                               8. ШИДДАТ
                                          1.

    ... 1972 йил. (апрел) Область адлия бўлими ходимлари кенгаши. Адлия – суд идоралари фаолияти яна бир бора “элак”дан ўтказилди.
Адлия бўлими бошлиғи Ў. Рахимовнинг таҳлилий маърузаси:
Халқ судъяларининг сайловчилар билан учрашуви ва ҳисоботи анъана, одат тусини олганлиги қониқиш билан таъкидланди. Нотиқнинг фикрича, бу соҳадаги ишлар Гурлан, Боғот, Қўшқўпир районларида айниқса яхши йўлга қўйилган. Аммо, Янгиариқ, Хива, Шовот туманларида судъяларнинг сайловчилар олдидаги ҳисоботи нисбатан кам, йилига 10-12 мартадан ўтказилган.
1971 йили судларга жами 852 та жиноят иши келиб тушди. Улар сирасидан 723 нафар кишига тегишли бўлган 593 та иш юзасидан айблов ва оқлов ҳукмлари чиқарилди, 71 таси қўшимча терговга юборилди, 4 та иш тугатилди, 37 та иш кўрилмасдан қолди.
Аввалги йил якунига келиб, фуқаролик ишлари сони 1343га етди. Бу – 1965 йилга қараганда қарийиб 400 тага кўп демакдир. Йил мобайнида ушбу ишларнинг 809 таси қараб чиқилди, 125 та иш тугатилди. 14 та ариза оқибатсиз қолдирилди, 57 та ишнинг якуни кейинги йилга кўчирилди.
Шундай бир вазиятда жиноий қилмиш бўйича ҳукм қилинганлар сони ортаётгани ташвиш уйғотади. Нотиқ 1970 йили 662 киши жиноий жазога ҳукм қилинганини баён этаркан, бу кўрсаткич кейинги йили сезиларли даражада ортиб 723 кишига етганлигини жиддий танқид қилди. Лекин, бу масалада таскин бўлувчи ҳолатлар ҳам юзага келди. Жумладан, қасддан одам ўлдириш, “социалистик мулк”ни ўғирлаш каби хунук вазиятларни бирмунча жиловлашга муваффақ бўлинди.
Судловга оид ишларда безорилик ялпи жиноятларнинг 20,2 фойизини, автотранспорт ходисалари – 15 фоизни, “социалистик мулк”ка тажовуз – 13 фойизни ташкил қилди.
1971 йили суд қарорларини кассация тартибида бекор қилиш 1970 йилги 2,8 фойиздан 4,6 фойизга ошди. Фуқаролик ишлари юзасидан чиқарилган қарорларнинг бекор қилиниши миқдори эса 16,3 фойиздан 34 фойизгача кўтарилди. Шундай бир пайтда Гурлан суди раиси Худойберганов бекор қилишларсиз ишлашга муваффақ бўлди. Маърузачининг фикрича, хусусий ажримлар кам чиқарилаяпти. 1971 йили судлар томонидан атиги 10 та ажрим чиқарилган. Жиноят ишлари ижросида ҳаяллаш ва кечикиш ҳолатлари мавжуд.
Маълум қилинишича, 1971 йили областда жами 18, шу жумладан Урганч шаҳрида 9 нафар ҳуқуқий ҳимоячи кадрлар фаолият кўрсатган. Нотариал идоралар сони эса 3 та. Йил давомида Урганчдаги 1- сонли нотариал идора (раҳбари М. Тангриберганов) томонидан 17 минг 802 та, Хивадаги районлараро нотариал идораси (давлат нотариуси - Иброҳимова) томонидан 6850 та, Хазораспдаги нотариал идора (нотариус – А. Эшонов) томонидан эса 6169 – жами эса 30 минг 821 та нотариал ҳаракат амалга оширилган.
Судларнинг моддий-техникавий таъминотига жиддий эътибор қаратилган. Шовот район суди бир мунча қулай бўлган бошқа бинода фаолиятини бошлаган. Ҳазорасп, Боғот, Янгиариқ, Хива, Қўшкўпир, Гурлан районлари суди биноларида мукаммал таъмирлаш ишлари бошланган. Шунингдек, Урганч ва Ҳазораспдаги нотариал идоралар биноларида таъмирлаш тадбирлари амалга оширилган.
Йил давомида аҳолидан 360 та, шу жумладан такрорий равишда 39 та шикоят олинган. Шикоятларнинг асосий қисми, яъни 235 таси, такрорий шикоятларнинг эса 33 таси Урганч шаҳридан келган.
Кенгаш қарорида шу ва шу каби ҳолатларга тегишли баҳо берилиб, маъруза ва музокараларда ўртага ташланган талаб ва таклифларни бажариш чоралари белгиланди.
Кенгашдан сўнг ишларнинг аҳволи яна бир бора таҳлил этилди. Жиноят ишларига доир айрим ҳолатларга аниқлик киритилди. Бунда баъзи факт ва рақамларнинг сони ўзгаргани ҳам аён бўлди.
Атиги бир йил муқаддам судлар тасарруфида 670 та жиноят иши мавжуд бўлган, унинг 558 таси кўрилган, 678 киши ҳукм қилинган ва 58 та иш қўшимча терговга йўлланган эди.

Показано 20 последних публикаций.