УРУШ ВА ТИНЧЛИК
Асрлар чигилин ёзар урушлар,
Пирлар мозорида отлар дупури.
Фазо кенглигидан, дил торлигидан
Руҳимнинг қонлари кетар гупуриб.
Кўзи оч одамнинг ҳолига войлар...
Худо олдидаги нуфузимиз хор.
Искандар қиличин тутқичида ҳам
Инисин ўлдирган Қобил изи бор.
Урушлар, Авесто – ғазнамни ёқиб,
Белини қайирди буюк сабрнинг.
Урушлар хокини Қобулга элтди,
Битта гавҳаримнинг – Мирзо Бобурнинг.
Одамлик шарафин нордай кўтарган,
Ҳазрат Берунийга зиёрат қайда?
Урушлар Синонинг сирларин ютиб
Гумдон айлагандир қай овлоқ жойда.
Онам деб ўйлаган бешикда ётиб,
Мўғулга жилмайиб жон берган ўзим.
Жайҳунда бир олтин балиқни кўрдим,
У – Мангубердининг ғарқ бўлган қизи.
Тарихда юз йиллик бир саваш бордир,
У бошланган чоғда туғилган бир жон.
Эр етган, жанг кўрган, сулувлар суйган,
Ва ўлар чоғида кўринган осмон.
Йигирма саккиз йил урушда яшаб,
Одам ҳам ўлдирган, бўза ҳам ютган.
Шу ўғлон ўлётган чоғига қадар
Бир марта осмонга боқмаган экан.
Капалакнинг гулга ошиқлигин кўр,
Лол бўлгил ёмғирда чопганда гўдак.
Онасин миқиллаб эмган жужуқнинг
Лабидан томади нурли келажак.
Уруш! Сен нимани муддао қилдинг,
Сенда орзу йўқдир, йўқдир шаън, шараф.
Дунёнинг ҳисобин олганда қисмат,
Уруш – мағлубдирсан, мағлублар тараф.
Уруш! Қўлингдаги олов – маёқмас,
Бағдоди шарифдан ўрлаган тутун.
Қирқ йиллик ярамдир – Афғон, битмайди,
Яра битай деса чўқийди қузғун.
Уруш – муродсизлик, муроди – олтин,
Бебарор элларнинг қонин ютяпти.
Тарози – одилдир! Мана, Оврўпо,
Уни мазлумларнинг қони тутяпти.
Шоир юрагим бор, дарз кетган ёмон,
Дохилман эзгулик музофотига.
Темур бобом отин берса борардим,
Бирлашган Миллатлар ташкилотига.
Шукрки, Ватан тинч! Тинч бўлсин мудом,
Боғларимда булбул сайрасин хандон.
Қувончим, ҳасратим, кўзёшим томган,
Онажоним ётган табаррук макон.
Осуда тонгларда қўлга бериб қўл,
Болажоним билан боғча борамиз.
Дардимни айтмайман, у билан фақат
Қуш, дарахт, гуллардан суҳбат қурамиз.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Асрлар чигилин ёзар урушлар,
Пирлар мозорида отлар дупури.
Фазо кенглигидан, дил торлигидан
Руҳимнинг қонлари кетар гупуриб.
Кўзи оч одамнинг ҳолига войлар...
Худо олдидаги нуфузимиз хор.
Искандар қиличин тутқичида ҳам
Инисин ўлдирган Қобил изи бор.
Урушлар, Авесто – ғазнамни ёқиб,
Белини қайирди буюк сабрнинг.
Урушлар хокини Қобулга элтди,
Битта гавҳаримнинг – Мирзо Бобурнинг.
Одамлик шарафин нордай кўтарган,
Ҳазрат Берунийга зиёрат қайда?
Урушлар Синонинг сирларин ютиб
Гумдон айлагандир қай овлоқ жойда.
Онам деб ўйлаган бешикда ётиб,
Мўғулга жилмайиб жон берган ўзим.
Жайҳунда бир олтин балиқни кўрдим,
У – Мангубердининг ғарқ бўлган қизи.
Тарихда юз йиллик бир саваш бордир,
У бошланган чоғда туғилган бир жон.
Эр етган, жанг кўрган, сулувлар суйган,
Ва ўлар чоғида кўринган осмон.
Йигирма саккиз йил урушда яшаб,
Одам ҳам ўлдирган, бўза ҳам ютган.
Шу ўғлон ўлётган чоғига қадар
Бир марта осмонга боқмаган экан.
Капалакнинг гулга ошиқлигин кўр,
Лол бўлгил ёмғирда чопганда гўдак.
Онасин миқиллаб эмган жужуқнинг
Лабидан томади нурли келажак.
Уруш! Сен нимани муддао қилдинг,
Сенда орзу йўқдир, йўқдир шаън, шараф.
Дунёнинг ҳисобин олганда қисмат,
Уруш – мағлубдирсан, мағлублар тараф.
Уруш! Қўлингдаги олов – маёқмас,
Бағдоди шарифдан ўрлаган тутун.
Қирқ йиллик ярамдир – Афғон, битмайди,
Яра битай деса чўқийди қузғун.
Уруш – муродсизлик, муроди – олтин,
Бебарор элларнинг қонин ютяпти.
Тарози – одилдир! Мана, Оврўпо,
Уни мазлумларнинг қони тутяпти.
Шоир юрагим бор, дарз кетган ёмон,
Дохилман эзгулик музофотига.
Темур бобом отин берса борардим,
Бирлашган Миллатлар ташкилотига.
Шукрки, Ватан тинч! Тинч бўлсин мудом,
Боғларимда булбул сайрасин хандон.
Қувончим, ҳасратим, кўзёшим томган,
Онажоним ётган табаррук макон.
Осуда тонгларда қўлга бериб қўл,
Болажоним билан боғча борамиз.
Дардимни айтмайман, у билан фақат
Қуш, дарахт, гуллардан суҳбат қурамиз.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM