НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УММАТГА ШАФҚАТЛАРИ
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
"Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизни ардоқловчи, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди" (Тавба сураси, 128-оят)
Ояти каримада Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида у зот алайҳиссаломдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.
Али Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ҳар бир набийнинг (шаксиз) ижобат бўладиган дуоси бўлади. Барча набийлар ўз дуосини қилиб бўлди. Мен ўз дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга албатта етувчидир", дедилар".
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалланинг Иброҳим ҳақидаги "Роббим, албатта, у (санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг ўта мағфиратлисан, ўта раҳмлисан", деган қавлини тиловат қилдилар.
Ийсо алайҳиссалом: "Агар уларни азобласанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, бас, албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисан, ўта ҳикматлисан", деган эдилар.
Бас, у зот икки қўлларини кўтариб туриб:
"Аллоҳим! Умматим! Умматим!" дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
"Эй Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор. Роббинг билса-да, ундан "Сени нима йиғлатяпти?" деб сўра", деди.
Жаброил алайҳиссалом келиб, у ҳақда сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига айтган нарсаларининг хабарини бердилар. Ҳолбуки, У Зот билар эди. Шунда Аллоҳ:
"Эй Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва "Албатта, Биз сени умматинг ҳақида рози қилурмиз, сенга ёмонлик қилмасмиз", деб айт", деди".
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Аллоҳ азза ва жалла Ўз бандаларидан бир умматга раҳматини ирода қилса, ўша умматнинг набийсини ундан аввал қабз қилур. Бас, уни (умматига) фарат ва салаф қилур.
Қачон бир умматнинг азобини ирода қилса, набийси тирик турганда азоблаб, ҳалок қилур. У назар солиб турганда (умматнинг) ҳалокати ила кўзини қувонтирур. Чунки улар уни ёлғончига чиқарган ва амрига исён қилган эдилар", дедилар".
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Аллоҳ таоло мана шундай баркамол сифатларга соҳиб қилган бандаси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг охирги Расули қилиб танлаб олди. Ўша пайтдаги жаҳолат ботқоғига ботган, ғафлат уйқусида қотган инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун уларга охирги ва мукаммал шариатнинг амалларини аввал ўзи бажариб кўрсатиши учун, барчага шахсий ўрнак бўлиши учун худди шу баркамол сифатлар ила сифатланган комил инсон керак эди. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша талабларнинг барчасига тўлақонли жавоб берадиган зот эдилар.
"Руҳий тарбия" китобидан.
•┈┈•⊰✿🍃🌺🍃✿⊱•┈┈•
⤵️ Яқинларингиз билан баҳам кўринг👉
Ⓜ️анбаа➤
@ZIKR_UZ✅Каналга обуна бўлинг👇
🌐 (
https://t.me/zikr_uz)