Имом Бухорийнинг асарлари (давоми)
Имом Бухорий бир қанча китобларни тасниф этган. Унинг ўткир заковати, кенг хотираси, ҳадис илмидаги чуқур билимлари ва ровийларнинг ҳолатларини таҳлил қилишдаги маҳоратлари унинг китоб ёзишга бўлган салоҳиятини янада кучайтирган. Унинг айрим асарлари бизгача етиб келган ва чоп этилган, баъзилари эса йўқолган. Унинг аксарият асарлари ҳадис ва унинг илмига — ривоят, дироят, иллатларни аниқлашга бағишланган. Қуйида унинг баъзи таснифотлари келтирилган:
1. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ: Мусулмонлар томонидан Қуръони Каримдан сўнг энг ишончли китоб деб эътироф этилган. Бу китобни тузиш, тартибга солиш ва бўлимларга ажратиш учун Имом Бухорий 16 йил сарфлаган. Ушбу китобни ёзиш сабабини шундай тушунтирган: "Мен Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳузурида бўлганимда, у: «Расулуллоҳнинг саҳиҳ ҳадисларини ўз ичига олган ихчам бир китоб йиғсангизлар эди», деди. Бу фикр қалбимга ўрнашди ва ушбу китобни ёзишга киришдим".
Бу китобда Имом Бухорий 7593 та ҳадисни жамлаган бўлиб, уларни 600 мингдан ортиқ ҳадис орасидан танлаб олган. У ровийларни қабул қилишда жуда талабчан бўлиб, ровийнинг ўз замондоши билан учрашган бўлиши ва ҳадисни ундан бевосита эшитган бўлиши кераклиги шартини қўйган. Шунингдек, ровийнинг ишончли, адолатли, пухта ва тақволи бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Китобни ёзиб бўлгач, Имом Бухорий уни замонасининг етук олимлари — Аҳмад ибн Ҳанбал, Али ибн Мадиний ва Яҳё ибн Маийн каби муҳаддисларга тақдим этган. Улар ушбу китобни юксак баҳолаган ва фақатгина тўрт ҳадис борасида фикр билдирганлар. Бухорийнинг ўзи эса уларни тўғри деб ҳисоблаган.
2. Ал-Адаб ал-Муфрад: Одоб-ахлоқни тўғрилаш ва хулқни тузатишга бағишланган китоб.
3. Рафъул-йадайни фи-ссолаҳ: Намозда қўлларни кўтариш суннат эканини кўрсатадиган кўплаб ҳадисларни келтирган.
4. Ал-Қироат холфал-имом: Имомнинг ортида қироат қилиш кераклигини исботлайдиган далилларни келтирган.
5. Китобул-Ҳиба:
Бу асар бизгача етиб келмаган. У ҳақида Имом Бухорийнинг котиби Муҳаммад ибн Абу Ҳотам зикр қилган.
6. Ал-Муснад ал-Кабир:
Бу асар ҳам йўқолган асарларидан бўлиб, уни шогирди Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фарбарий эслаган.
7. Ал-Мабсут:
Йўқолган асарларидан. Бухорий бу китобни “Саҳиҳул Бухорий”дан аввал ёзган бўлиб, унда ўз ҳадисларини барча йўналишларда жамлаган.
8. Ал-Вуҳдан:
Фақатгина битта ҳадис ривоят қилган саҳобалар ҳақида.
9. Ал-Фаваид:
Бу асар ҳам йўқолган китобларидан бири.
10. Ал-Иллал:
Ҳадисларнинг нуқсонлари ҳақида.
11. Тарихул Кабир:
Ровийлар таржимаи ҳоллари келтирилган катта энциклопедия.
12. Тарихул Авсат:
Ҳабашистонга ҳижрат, Макка ва Мадинадаги сийрат воқеалари, саҳобалар ва ровийларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида.
13. Тарихус Сағир:
Фақатгина саҳобалар ҳақида.
14. Ал-Куня:
Куняси билан машҳур бўлган ровийлар ҳақида.
15. Аз-Зуъафа ас-Сағир:
Ҳадис ровийларидан заифлар ҳақида қисқача маълумот.
16. Аз-Зуъафа ал-Кабир:
Заиф ровийлар ҳақида кенг маълумот келтирилган.
17. Тафсирул Кабир:
Бу асар ҳам бизгача етиб келмаган асарларидан. Шогирди Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фарбарий бу асарни Фарбар шаҳрида ёзганини айтган. Уни Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ва Ҳожий Халифа ҳам ўз асарларида зикр қилганлар.
18. Халқу афъолул-ибод:
Бу асарида Имом Бухорий Аллоҳнинг каломи ва бандаларнинг сўзлари ўртасидаги фарқни тушунтирган. Аллоҳнинг каломи Унинг сифатларидан бири эканини, у яратилмаганлигини баён қилган. Шунингдек, мўътазила ва жаҳмия мазҳаблари тарафдорларининг қарашларига раддия берган.
https://t.me/tuhur