SHODMONQUL SALOM


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган!
Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций


Туғилиш бир баҳона – ўлмоқ учун!
Кўҳна ўзанга сувлар тўлмоқ учун.
Бандасига хизмату ҳиммат қилиб,
Яратганнинг кўнглини олмоқ учун!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

815 0 13 8 32

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби, шоир Шодмонқул Салом таваллуд топган кун!
Ўқувчиларимиз номидан шоиримизни қизғин табриклаймиз!

@Shodmonqul_SALOM

1.3k 0 26 49 103

БУ ДАШТЛАРГА...

Азиз Онажоним
хотирасига!

Бизнинг даштга баҳор эрта келар эди,
Оқ турналар азиз қўшни бўлар эди.

Ёнбошлаган яшил чопон бобо қирлар,
Елкасига миндирарди айтиб сирлар.

Ёмғирларнинг энтикишин тинглардим мен,
Шамолларнинг ташвишини англардим мен.

Онажоним шамол каби кезар эди,
Тандирга нон ёпиб, офтоб узар эди.

Меҳрибоним булут билан диллашарди,
Ёмғир тинар, сўнг ғилминди қилишарди.

Қора саҳар оқ ниятлар элар эди,
Мактабхалтам орзу билан тўлар эди.

Олти болам – олти шаҳар дер эди-да,
Олти ёшда етим қолган ҳур эди-да...

Ёниб чироқ, туриб туёқ бўлсин, дерди,
Мен кам дедим, хирмонларинг тўлсин, дерди.

Ўқиш-ёзиш билмас эди – тақдир қисган,
Бу дунёнинг тошлоғида гулдай ўсган.

Шаҳид кетган оғасини қўмсар эди,
Чорижондан тирноқ йўқ, деб эслар эди.

Қиёматга уч кўза сув ғамлаганди,
Тақдир уч бор «болам»латиб алдаганди.

Отам эса сукунатнинг ўғли эди,
Етти яшар гўдак каби тўғри эди.

Уйимизга меҳмон эди қалдирғочлар,
Шомни ирим қилишарди симёғочлар.

Дилгир онам ун гардларди бойўғлига,
Кафтларидан сир оқарди тун бағрига.

Тушларимда камалаклар яшар эди,
Тилларимга ҳар кун бир сўз қўшар эди.

Оппоқ сутнинг қаймоғидай оқ тонгларда,
Гул кўнглимни чўмилтирган ул онларда...

Меҳр эмиб менинг кўнглим катта бўлди,
«Алпомиш»лар, «Кунтуғмиш»лар ёдда бўлди.

Сўнг танишдим саволи кўп олам билан,
Ўзим билмай хайрлашдим онам билан.

Чиқиб кетдим мен меҳрнинг меҳваридан,
Жудо бўлдим коинотим гавҳаридан.

Тандирдаги нонқўйгичда қўлин изи,
Худойим-эй! Қани ўзи, қани ўзи?..

Қўзигулдай тоза кўнглим бор эди-я,
Полвон онам, султон онам бор эди-я...

Онагинам ёмғир каби ёғиб ўтди,
Азим дунё бир томонга оғиб кетди.

Билдим: умр охири йўқ соғинишдир,
Ва ё онам эккан тутдан учган қушдир.

Юрган эдим ғам ҳақида шеърлар ёзиб,
Лек билмасдим қандай бўлар ғамнинг ўзи.

Она, сенинг борлигингдан шоир бўлдим,
Йўқлигингдан ғам селида тойир бўлдим.

Тол бешиклар кўкрагингга ботгани-чун,
Тол таёқлар кўкрагимга ботди бугун.

Қаро ерни қайириб босиб юрмадинг-а,
Сенсиз қувонч татимади, кўрмадинг-а...

Нени орзу қилиш керак, билмайдирман,
Ёлғончида энди орзу қилмайдирман.

Лопиллаган тобутингда кетди борим,
Куйиб-тутаб кетаётир ушбу шеърим.

Қизалоғим чеҳрасидан излагайман,
Тополмайман, кулиб туриб бўзлагайман.

Дейман: «Момонг кўкка учди – юлдуз бўлди»,
Тонгда дейди: «Момо, келинг, кундуз бўлди».

Тўн қависа, чирозлари шеър эди-я,
Шоир онам, чевар онам бор эди-я!

Онажоним шамолдайин елиб ўтди,
Мард келганди, мард яшади – ғолиб ўтди.

Эй, ёронлар, юрганимга ишонманглар,
Шеърлар айтсам, тирик, дея қувонманглар.

...Бу даштларга баҳор эрта келар эди,
Турна учса, дил ҳавасга тўлар эди.

Энди сира учгим келмай қолган менинг,
Орзуйимни замин ютиб олган менинг.

Энди кўзим кўкка ёниб боқолмайди,
Ерни суйган одам қанот қоқолмайди.

Бу ер бир пайт оддий тупроқ маскан эди,
Илдиз отдим – Она деган Ватан энди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

1k 0 20 19 63



...Асрларнинг гарди бор бу тегирмондан,
Жонни янчиб, шон чиқарган ломакондан,
Дил ташласа алам чиққан у томондан,
Армон солиб қувонч кутган гўл инсондан,
Дўл* оғзидан сачраб қочган битта дондан,
Чумолини алдаб юрган Сулаймондан,
Навбати ҳеч келмаётган шул деҳқондан,
Сукунатдан кар бўп қолган оломондан,
Имо қилиб, нидо қилиб сўрарим бор,
Пойларига тиз чўкиб зор борарим бор.

@Shodmonqul_SALOM


ХИТОБ

Лаб титрамай, киприк қоқмай, нигоҳ узмай,
Ухламасдан, туш кўрмасдан, таъбир тизмай,
Асрлардан асрларга томмай, сизмай,
Садо бермай, қимир этмай, қадам узмай,
Юракларнинг фарёдини билмай, сезмай,
Буровдаги қўрғошин руҳ олам кезмай,
Ўт куйдирган қанотларни қайта ёзмай,
Жим туришда ким ютаркин – шартни бузмай,
Турганлардан бир бор ростин сўрарим бор,
Кўрганларин кўнглим билан кўрарим бор.

Асрларнинг гарди бор бу тегирмондан,
Жонни янчиб, шон чиқарган ломакондан,
Дил ташласа алам чиққан у томондан,
Армон солиб қувонч кутган гўл инсондан,
Дўл* оғзидан сачраб қочган битта дондан,
Чумолини алдаб юрган Сулаймондан,
Навбати ҳеч келмаётган шул деҳқондан,
Сукунатдан кар бўп қолган оломондан,
Имо қилиб, нидо қилиб сўрарим бор,
Пойларига тиз чўкиб зор борарим бор.

Кўнглимга тун чўкканда шам ёқолганлар,
Парвонанинг доғига жим боқолганлар,
Бир оҳига чоҳдан банди чиқолганлар,
Қамишларни шамол чалса, йиғлолганлар,
Ўзи ёниб, ўзи ўчиб чидолганлар,
Ҳур қиз кетиб пайғамбарни туғолганлар,
Оппоқ тонгни кўзларида соғолганлар,
Ёноғимга, деразамга ёғолганлар,
Билмаганим билдиринг-эй, сўрарим бор
Кўнглим кўрмоқ истаганни кўрарим бор.

Қай асрда оқ суягим топса кулол,
Токчасига олиб қўйса, қилмай увол,
Бир бағриқон қўлга олса, келмай малол,
Ғуборимни, ҳасратимни артиб рўмол,
Кўҳна най деб чалар бўлса, вайрону лол:
Мени ёқиб ўчирмасдан кетган шамол,
Ё офтобнинг назаридан топган камол,
Ё ёмғирнинг пардасидан бериб жамол,
Ё эснаган юракларда ўлган савол –
– Тилларига шеърдай такрор келарим бор,
Банди руҳга таскин бериб турарим бор.
Манзилим – йўл, йўлим – ҳижрон, борарим бор,
Айтарим бор, тиларим бор, сўрарим бор.

~~~
*Дўл – тегирмоннинг дон солинадиган бўғзи.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Қор тинди. Тонг отди, кўзи уйқули,
Шаҳар уйқудаги қизга ўхшайди.
Дарахтлар ўзидан ҳайрон жодули,
Бир-бирин танимай қарай бошлайди.

Оппоқ қор юзига қўйилар оёқ,
Муҳрдай қўйилар режали излар.
Дон терган чумчуқдай нигоҳлар ичра
Изим излар аро изингни излар.

Йўлларга қарайди йўлларнинг чети,
Оёғин учида юрар уловлар.
Қизарар бировнинг чеҳраси, кафти,
Қордан бехабардир ҳали бировлар.

Худо борлигига ишора қилиб,
Болалар қородам ясар кўрдингми?
Йўлак музга тойиб қаттиқ йиқилган,
Авайлаб ўтдингми, йиқилмадингми?

Ернинг юрагига товонинг ботиб,
Қиличдай ўтганда тортдингми сергак.
Сенинг юзларингга урилган қордан
Менинг ҳаётимни ясамоқ керак.

Тонг отди, қор тинди. Шаҳар уйғонди.
Дарахтлар –Тангрига ёлборган қўллар.
Менинг юрагимда эрув бошланди,
Сенинг юрагингга очилди йўллар.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Репост из: Salim Ashur ijodi
#Sevimli

* * *

Шунча йиллар ўтди. Кўришиш
Иккимизга насиб этмади.
Менда иш кўп, сенда-чи, ташвиш,
Тақдир бизни қайга элтмади.

Боғ. Ўриндиқ. Изҳор ва инкор.
Ўртанаман соғиниб дилдан.
Ёмғир, қорлар ёққан у баҳор
Нега ҳануз чиқмас ёдимдан?

Эсингдами, кўп гапирардим,
Эсингдами, эшитардинг жим.
Сенга яхши кўринай дердим,
Лекин яхши кўринган у ким?

Сочларимга оқ оралади,
Ораларми қалбингга титроқ,
Қисмат мени кўп қоралади,
Айт, қўлларинг ўшандайми – оқ?

Мағрурмисан илгаригидек,
Қилмайсанми ҳеч кимни писанд,
Агар борсам, бўлмаса йўл берк,
Бўласанми хафа ё хурсанд?

Мени жуда қизиқтиради
Кўзинг, узун бармоқларинг ва
Юрагимни тирилтиради
Бизни гап-сўз қилган тоифа.

Эсингдами, тутган гулларим
Қўлларингга етиб бормасди.
Фақат сенга элтган йўлларим
Кет десанг ҳам сендан қолмасди.

Сочларингнинг тўлқинларида
Оқиб кетди қанча кўзларим.
Юлдузларнинг ёлқинларида
Кўрсатмасдан қанча йиғладим.

Сен билмайсан, туриб бекатда
Эртаю кеч термулар эдим.
Деразада ва ё бир четда
Кўринмасанг емрилар эдим.

Ўтди йиллар. Эсласам сени
Ўша ёмғир ёғар ёдимдан.
Боғ. Ўриндиқ... қийнайди мени,
Чиқиб кетмас ҳеч ҳаётимдан.

Салим АШУР

@SalimASHUR


Репост из: O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
Qutlov

SALIM ASHUR - 60 YOSHDA

16-dekabr – O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan jurnalist, Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi, shoir Salim Ashur tavallud topgan kun.
  Salim Ashur 1964-yil 16-dekabr kuni tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan. 
Uning “Yashil giyoh”,“Atirgul”, "Siz ertaga kelasiz", "Atalgan kunlar", "Kechikkan tong", “Sensiz”, “Darz”, "Ona tilim", “Kelajakka qadam”, “Mashinalar karvoni”, "Mangu el" kabi sheʼriy hamda publitsistik maqolalar kitoblari nashr etilgan.
O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi jamoasi va ko‘p sonli a‘zolari Salim Ashurni qutlug‘ 60 yoshi bilan tabriklaydi.

O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Axborot xizmati


Репост из: Fozil Farhod
ШОШИЛИНГ!

Мансур Жумаевнинг қаттиқ муқовали "Ҳазрати ишқ" китобнинг дастлабки икки нусхаси сотилди. Илк харидор – Зебо Омонова бўлди.
Шошилинг, китоб унча кўп эмас. Донаси 100 000 сўм. Олмоқчи бўлсангиз, шу ердан ё шахсийга ёзинг ёки ушбу рақамга қўнғироқ қилинг: +998909967125

Фозил Фарҳод


***
Декабрнинг тугаши қизиқ,
Декабрнинг тугаши қийин.
Кўкрагимда уйғонган оғриқ
Ҳаётимни қилмоқда ўйин.

Тун умримдан узунга ўхшар,
Фалак амри кўп ишга қодир.
Изтиробу қувонч аралаш
Ёмғир ва қор берди декабр.

Йил — деҳқондир, ҳосил кўтарган,
Кутганидек бўлдимимкан чош.
Юрагимга туйғу жамғарган
Сал нарида турибди қирқ ёш.

Айиқ, бўри, қуён ва буғу —
Ниқобларни ташиб келаман.
Ўғлим, қизим кетар севиниб
Қорбобога ўхшаб қоламан.

Уйдан ишга, ишдан сўнг ўйга,
Борлиғимни ташлаб кетаман.
Севги кесиб ўтар йўлимни
Худойим, нетаман, нетаман?

Бойсундаги азиз даштларда
Бир заҳматкаш сафарларим бор.
Қумқўрғонда отамга ўхшаб
Кутаётган сабрлар бисёр.

Декабрдан умидим кўпдир,
Кечаларни юриб ўтаман.
Юрагим чўғ, вужудим чўпдир,
Мен фақат яхшилик кутаман.
Мен фақат яхшилик кутаман.

2019 йил
Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM


***
Мен маст эдим, онагинам рўза эди,
Ер ёнарди, саратон ё жавзо эди.

Қуёш тегиб ўтар эди қирларимга,
Тер ёмғирдай ёғар эди шўрларимга.

Жума куни, пешиндан сўнг, аср чоғи,
Липилларди ҳаётимнинг шамчироғи.

Акам келди, отдан тушди — даштда эди,
Лаби қотган, лек аламнок шаштда эди.

Ўрма қамчи елкам узра чизди йўллар,
Бу йўлларни ювиб кетди тентак селлар.

Қамчиларнинг оғриқларин сезмасдим мен,
Кўзларимни онажондан узмасдим мен:

“Сени кўриб кулган кўзим тўлмасмиди,
Қайроқтошдай бир тош туғсам бўлмасмиди?!

Бундай одам бўлгунингча ўлгин, болам,
Ўлма болам, ортгинамда қолгин, болам!”

“Бундай одам” дегани у қандай одам?”
Саволимни такрорлашга қўймас оғам.

“Одам нима? Қандай нарса, қаерда бор?”
Томоғимдан бўғар Дунё — кўп ичи тор.

Одам недир? Билмай ўтиб кетсин дейди,
Шу такаббур рафтор бир кун бошин ейди.

Одам — ният! Яратганнинг оқ нияти,
Одам — номус! Табиатнинг ҳамияти.

Одам — дуо! Гоҳ-гоҳида ижобатдир.
Одам баъзан таҳоратсиз ибодатдир!

Одам ҳали битмай турган иморатдир,
Одам гоҳо ибодатсиз таҳоратдир.

Бу туришда Одам уйи битмагайдир,
Ибодатлар ижобатга етмагайдир.

Одам йўлдир, ундан омон ўтиш керак!
Бошқа йўл йўқ, аждаҳо бор, нетиш керак?

Одам гўдак чоғларида учар эди,
Ўлгунича кир дунёни қучар энди.

Одам — тандир, Тангрим ўтин қалаб қўйган,
Одам нафсдир! Талх жаҳонни ялаб тўйган.

Бу тандирда қандай қилиб нон пишади?
Олов керак! Қачон ҳасрат етишади?

Одам олов излаб юрган мусофирдир,
Совуқ қотган, қорни очган, йўли тордир.

Бир кечага жой сўрайди, бера кўрма,
Уйингга ўт қўйиб кетса, йиғлаб юрма.

Одам — идиш! Ичи тўла хомашёдир!
Ул пишгунча ёлғон дунё — чин дунёдир!

Одам овоз, қоронғуда жаранглаган!
Кун ботишдан кун чиқишга аланглаган.

Одам нима? Одам кимдир, қаердадир?
Масжид ёки майхонада, қабрдадир!

Одам — савол! Жавоби дил тубидадир!
Ул уммонни билмаган ранж хобидадир.

Одам қулфдир! Кимдир уни очиш керак!
Олмосдай қурч, олмосдай мўрт калит керак!

Ул калитни ютиб қўйган ўғрибоши,
Шундан кейин мохов бўлган юзу қоши.

Одам бунда жуда кўпдир, жуда камдир!
Ҳам қўрқувдир, ҳам умиддир, ҳам аламдир!

Мен одамлар оролида мусофирман,
Гоҳ ўғриман, гоҳ даллолман, гоҳ тожирман!”

Шул сўзларни айтиб бўлдим, шом етишди,
Акам, онам, ҳаммаси ҳам ҳовридан тушди.

...Кўп йил ўтди... инсоф эли мени кутди,
Мен азобни, сабр мени жим овутди.

Рўза эдим. Онагинам бемор эди.
Қуёш эса зўр ҳижронга хумор эди.

“Рамазонда омонатин олсин, дерди,
Қозоқларда юрганларим келсин”, дерди.

Мана, бўлди. Биродарлар йиғлаб олдим!
Ишқсиз умр — кесак экан, шуни билдим!

Денгиз сари фақат сув деб бормоқ ҳайфдир,
Изтироб ва соғинч ҳаққи, яшаш кайфдир!


Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Қорхат (бадиа)
Устимда нимадир юргандай бўлди. Тиззамни, сўнгра оёғим учларини босиб турди. Кўзим юмуқ ҳолимда, мушук деб ўйладим. Онамнинг товуши келди: тушир анови етимчани, Чиннихол... DAVOMI PASTDAGI SILKADA👉https://telegra.ph/SHodmon%D2%9Bul-Salom-%D2%9Aorhat-badia-12-06

@Shodmonqul_SALOM


Тангрим, мени “йўқ” де сўраганларга,
Манзилимни ўчир юракларидан.
Туш кўргандай бўлсин бул қари морбоз,
Сира кўринмайин истакларида.

Йўқ, қўл силтамадим, тушундим холос,
Асли эрта чиқди менинг саводим.
Бунча кўнгли нозик кўнгил бергансан!
Руҳимнинг тақвосин бузди ҳаётим.

Тангрим, караминг кенг, қаттиқ яширгин,
Одам бўйи етмас жойларинг борку.
Қушларнинг тушига мени яширгин,
Ваъдангда туғилмай яшаш ҳам борку!

Юрагим совқотди, назар қил, Эгам,
Сўраганимни бер, сўрмагандан қўрқ!
Устимни ёпиб қўй, очилмас қилиб,
Биласан – устимни очгилиги йўқ!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

4.4k 0 31 15 69

Репост из: ELTUZ
Ҳаёт нима?

• Достоевский: Бу дўзах.

• Суқрот: Бу синов.

• Аристотель: Бу ақл.

• Ницше: Бу куч.

• Фрейд: Бу ўлим.

• Маркс: Бу ғоя.

• Пикассо: Бу санъат.

• Ганди: Бу муҳаббат.

• Шопенгауэр: Бу азоб.

• Бертран Рассел: Бу рақобат.

• Стив Жобс: Бу ишонч.

• Эйнштейн: Бу билим.

• Стивен Хокинг: Бу умид.

• Кафка: Бу фақатгина бошланиши.


💬Telegram |📱Facebook |
🐦Twitter |📱Instagram | ▶️YouTube

2.9k 0 47 15 33

* * *
Боқдим, самовотда юлдузлар тугал,
Ой вазмин сузади тунни оралаб.
– Она, етолмадим жўнаб кетди йўл,
Ҳаёт ғолибларни бўпти саралаб.

Мағлубнинг онаси… қанчалар маъюс!
Ёмғирдай жонтортар, тошдай жим, кабир.
– Она, менга бергил яна бир имкон...
– Болам, шу туришинг қаҳрамонликдир!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

3k 0 19 2 61

Қиёмат кунида, Маҳшар тонгида
Оналар фарзанддан тонаётган дам.
“Воҳ, болам!” деб биров бўзласа ногоҳ,
Бу ўзбек онаси, бешак, муҳтарам.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


АЁЛ ШАЪНИ

Баъзи "инқилобчи"ларга!

1.
Энг аввал Онага – аёлга таъзим,
Таъзимдир муштипар опа-сингилга.
Босган изи асли – юрт харитаси,
Таъзим бўлсин ёрга, дарддош кўнгилга.

“Ватанни севаман” деган изҳорни
Айтмасдан, жим юриш мумкиндир, илло.
Лек азиз аёлга бир даста гулдай,
“Севаман!” сўзини айтмаслик гуноҳ!

Ана шу аёлнинг кўксидаги нур,
Бу совуқ оламни сирга ўраган.
Ўзидан зериккан, кулгуси салқи,
Бемурод дунёнинг лабин бўяган.

Аёлнинг қудрати бир уюм тошдан
Борлиққа Тожмаҳал ҳадялар этган.
Шу азиз сиймонинг ўт нигоҳидан
Замин қитъаларга бўлиниб кетган.

Ўзи-чун яшашни унутиб гоҳо,
Муҳаббат тонгида ойдай балққаним.
Ўзбек аёли ҳам бордир шу сафда
Ўлмасин болам, деб туғдай қалққаним.

Қиёмат кунида, Маҳшар тонгида
Оналар фарзанддан тонаётган дам.
“Воҳ, болам!” деб биров бўзласа ногоҳ,
Бу ўзбек онаси, бешак, муҳтарам.

Ўзи бир штат иш – ўзбек бўлмоқлик,
Ўзбек аёли бу – икки бор яшаш.
Бу номни кўтармоқ учун қанча куч,
Қанчалар улуғлик, матонат, кураш...

Ва буюк муҳаббат керак бўлади,
Бу улуғ шарафни пок тутмоқ учун.
Меҳр тиланмайди, қозонилади,
Куч керак! Сабрни жим ютмоқ учун!

Эй, сиз азиз аёл номидан сўзлаб,
Энг гўзал боғимга тегаётганлар.
Бир бор келинчакдай эгилмай туриб,
Менинг ҳам бошимни эгаётганлар.

Номус матосини кўчага ёйиб,
Қуёш юзига кул сочаётганлар.
Худо билан аёл ўртасидаги
Энг пинҳон дарчани очаётганлар.

Эй, аҳли гумонлар, билинг оламда
Ҳалиям ошиқлар ва ҳижрон бордир.
Ҳалиям кимгадир висол ҳурмати
Титраб турган гулнинг жамоли ёрдир.

Ҳа! Недир сир бўлиб қолиши керак!
Неларнингдир пинҳон тургани зебо.
Кимдир ҳаё тутган парда ортида
Нозик энтикканда портласин дунё.

2.
Ватан ҳақидаги нутқдир, шубҳасиз,
Аёлнинг номидан айтар ҳар сўзим.
Шу сабаб бу қутлуғ калом олдидан,
Таъзим, дейман фақат, пойига таъзим!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


ҚАНДИЁР

Эртага сочимни оқартиради,
Бу кеча Бойсунга ёғиб ўтган қор.
Соғинчдан кўксимга тоғлар қулади,
Тўлғонган тоғларга кетдик, Қандиёр.

Юракни тўлдириб ҳайратларидан,
Кириб боражакмиз Дарбандларидан.
Қор остида қолган ҳасратлар ила,
Уйғонган тоғларга кетдик, Қандиёр.

Минг йил ёғса ҳамки, бу чархнинг қори,
Ҳеч вақт йиқилмагай умид девори.
Бу ҳикматни айтган Сайроб чинори,
Чўлғонган тоғларга кетдик, Қандиёр.

Ортимиздан дуо қилмоқда Тошканд,
Ҳали йўлимизда Кеш-у, Самарқанд.
Пешвоз чиқаётган самодил Дарбанд,
Қўзғолган тоғларга кетдик, Қандиёр.

Кўкнинг фарёдлари ерга тўкилди,
Ернинг қувончлари қирга тўкилди,
Бизнинг армонимиз шеърга тўкилди,
Беармон тоғларга кетдик, Қандиёр.

Умрнинг кечадан кундузигача,
Қўл гоҳ етиб-етмас юлдузигача,
Ватаннинг Тошкентдан Термизгача,
Ястанган тоғларга кетдик, Қандиёр.

Шодмонқул САЛОМ
2003 йил

@shodmonqul_SALOM


Акмал САИДОВ, академик

МУҚАДДАС КАЛОМ ФАЙЗИ ВА НУРЛАРИ
Қуръони Kаримнинг ўзбек тилидаги еттинчи тугал таржимаси хусусида

Таржимон ва қўшимча изоҳлар муаллифи: Мирзо КЕНЖАБЕК

Батафсил — https://telegra.ph/MU%D2%9AADDAS-KALOM-FAJZI-VA-NURLARI-11-13

t.me/Shodmonqul_SALOM

Показано 20 последних публикаций.