Тепа қаватга чиқиш учун лифт ёнига келсам, ёши олтмишлардан ошган икки аёл туришибди, ёнларида иккита ёш болачалар, бири уч ёшлар атрофидаги ширин қизалоқ, икккинчиси беш ёшлар чамаси ўғил бола.
Аёлларнинг неваралари адашмасам.
Энг юқори қаватга кўтарилган лифт тезда пастга туша қолмайди, ишдан қайтаётганим учун қўлимда битта, елкамга ҳам битта сумка осиб олганман, иккала сумка ҳам асбоб ускуналар билан тўла.
Ёш болачалар қизиқувчан бўлишади, қизалоқ сал нарида турган болалар аравасини жойидан жилдирмоқчи, ўғил бола бўлса, дам-бадам лифт тугмасини босади.
-- Нега тез келмаяпти? -- сўрайди момосидан.
-- Тегма, тугмани босаверма ҳадеб, бузилиб қолади.
Қара амаки сенга ёмон қараяпти, амаки уришади, торт қўлингни тугмадан, -- дейди аёл, болачага имлаб мени кўрсатаяпти.
Ғалати бўлиб қолдим, наҳотки шу ёш болага ёмон қараб турган бўлсам, болача ҳавотирли кўзлари билан менга қараган вақти жилмайдим.
-- Ҳой Зари, тегма бировнинг аравасига, кел бу ёққа тек тур мана бу жойда, амаки уришади агар, амаки ёмон, -- дея наварасини чақирди иккинчи аёл ҳам.
Товба қилдим, шунақа ёмон одамга ўхшаб кўринаманми, нимага булар бунақа дейди ҳайронман.
Юзимга бўёқ, ёки қора мой суртилиб қолмаганми ишқилиб, телефонимни олиб камераси орқали ўзимга қарайман, бип-бинойидек одамга ўхшаб турибман-ку.
Зари исмли қизалоқ ҳам менга ҳавотир билан боқади.
Тишимни оқини кўрсатиб иршайдим, шу билан мен ёмон одаммас қўрқма демоқчи бўлдим.
Қизча дарров тушунди шекилли, югуриб бориб яна аравани ўйнай бошлади.
-- Тегма дедим Зари, кел бу ёққа, амакини сумкасида пичоғи бор, уришади ҳозир, -- дейди яна аёл.
Оббо, сумкамдаги пичоқни қаердан билди бу опа, устада пичоқ бўлади-да энди.
Ва ниҳоят узоқ кутилган лифт етиб келди.
Аёллар билан болачалар кириб олгач, ортларидан лифтга кирдим.
Ўзимизга керакли қаватлар учун рақамларни босдик.
Болача қизиқиб яна лифт тугмаларини боса бошлади.
-- Тегма дедим сенга, тинч ўтирсанг бўлмайдими а, ҳамма нарсага бир-бир тегиб чиқишинг керак сен қулоқсиз бола, ҳозир амакига айтаман сени сумкасига солиб олиб кетади, -- дея неварасига яна танбеҳ берди аёл.
" Оббо, невараларингиз шўх бўлса менда нима айб ?, бола бўлгач ўйнайди-да опа, нега ҳадеб мени ёмон деяверасиз? " дейман ичимда.
Икки бола ҳам беғубор нигоҳлари билан ҳавотирланиб менга қарашади.
Қизчанинг кўзларида қўрқув бордек, момоси айтган гапга ишониб мени чиндан ёмон одам деб ўйлаётгани аниқ.
Болача бўлса имкон бўлса шу ёмон одамни нима биландир солсамда дегандек қараяпти.
Ёш болачалар, ҳали оқ-қорани танишмайди, катталар нима дейишса ишонишади-да, момоси, бобоси, дадаси, онаси ва бошқа яқинлари кимни яхши дейишса яхши деб, ёмон дейишса ёмон деб қарашади.
Булар-ку ёш бола, оиласидагилар, тарбия берувчиларнинг айтганларига ишонишади.
Кап-катта одамлар, онги, фикри тор доирада қолиб кетганлар бор, кимнидир ёмон деб бир киши айтса оммавий ўша гапга ишониб эргашиб кетаётганларни, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали кўзга кўринган фаол инсонларни, ёпиқ, кимлиги ноъмалум профиллардан кириб фалончи бунақа экан, мунақа ишлари бор экан дейишса ўз миялари билан тафаккур қилмасдан эргашиб кетаверувчилар қанча.(айниқса охирги кунларда шунақа ҳолатлар роса авж олди фейсбукда ҳам, Аноранинг бошидан ўтаётганлари бунга яққол мисол)
Болалардан нимагаям ҳафа бўлардик.
-- Момонг айтаверади, ўзи умрида биринчи марта кўриб турибди мени, яхши ёмонлигимни қаердан билсин, қўрқманглар болалар мен ёмон одаммасман, бемалол ўйнайверинглар индамайман, -- дедим лифтдан чиқаётган вақтимда.
Шу пайтгача жим турганимга тили йўқмикан деб ўйлашган шекилли, икки аёл ҳам анграйиб қараб қолишди😄
Бахтиёр Турсун