"ЯНГИ ЙИЛ...
Хотирамда қолиб кетар ўтмишлар,
Кун кетидан қараб қолар шўр кўнгил.
Юрак узра жаранг сочар миш-мишлар,
Сарҳисобни сўраб келса янги йил.
Ҳар тонгингда қадамингни бос дадил,
Мақсадларга эриштирсин янги йил.
Қор парчаси ёзда тушмас далага,
Ҳеч қайси куй тенг эмасдир аллага,
Шодликларни кўриб юрак қувнасин,
Хонадонлар тўлсин қувноқ болага.
Юраклар нурафшон беғубор софдил,
Орзуларга етиштирсин янги йил.
Йўл қарайди кимдир кутар онасин,
Қисматида кимда фарзанд ноласин.
Бефарзандни шу шеъримда ёд этай,
Ё Аллоҳим, бергин издош боласин.
Муродларинг бир кун беражак Оқил,
Армонларни рўё қилсин, янги йил.
Бир камлигин биламиз-ку дунёнинг,
Дарди борга берсин Тангрим давони.
Инсон номи оқибатли қалбларда,
Тинч кўрайлик замин узра самони.
Қут-барака, мурувватли, серҳосил,
Бахтиёрлик олиб келсин янги йил.
@piskenthayoti