“Дарё тошқин, сувлар тўлқин, ўтолмайман, ёр-ёр...”Ёзувчи Фурқат Алимардоннинг “Пичирланган сирлар” қиссаси минтақамизга таҳлика солиб турган сув муаммосига бағишланган. Асар қаҳрамони 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда 7 куб километр сув танқислиги кузатилиши ҳақидаги хабарни ўқиб қоладию, кўксига ғулғула тушади. Бутун асар давомида сув муаммосини ечиш бўйича изланади. Умуман олганда, муаллифнинг бадиий нияти, китобхонга айтмоқчи бўлган асосий фикри эзгу. Аввало, йирикроқ асар ёзишга бел боғлабди, журъату ғайрати эътиборга лойиқ. У ўқувчига бу муаммога лоқайд қараб туриш мумкин эмаслигини, ҳозир ҳаракат қилмасак, сувни асрамасак эртага кеч бўлиши мумкинлигини эслатмоқчи бўлади. Ҳарқалай, ҳозирги вақтда бу каби ижтимоий муаммо негизига қурилган асарларга зарурат бор.
Муаллиф сув муаммосининг қандай юзага келганию уни қандай бартараф этиш мумкинлигига оид материалларни эринмай йиғган, ўқиган, уққан. Сув ҳақида не матн борки, муаллифнинг кўз қиридан четда қолмаган, албатта. Ўйлаган мавзусини яхши ўргангани – ёзувчининг ютуғи. Шунингдек, атрофда бўлаётган воқеаларни обдон кузатиб, хулосаларини, ўй-мулоҳазаларини бадиий матнга сингдиришга ҳаракат қилган.
Бадиий асар ҳаётий материал негизига қурилади. Унда бадиий компонентлар қатнашади. Тили, фабуласи, ғояси, макон-замони, образлар тизими, характерлар орқали бадиий асарнинг қадр-қийматини баҳолаш мумкин. Агар айтиладиган фикр эзгу бўлсаю, уни қўпол ва баланд овозда етказилса, кўнгилни хира қилади. Худди шунингдек, бадиий асарда ҳам ғоя ва мавзунинг оригиналлиги бошқа нуқсонларни бекитиб қўя олмайди.
Асарни бир ўтиришда ўқиб чиқдим. Ўйлашимча, қиссада берилган ҳужжатли матнлар ўқувчини бироз зериктириши мумкин. Муаллиф ҳаётий материалларни йиғаркан, уни бадиий матнга айлантиришда бироз ҳафсаласизлик ёки дангасалик қилган. Мутолаадан кейин менда баъзи саволлар туғилди. Масалан, Ориф нега ўша хабардан кейин бирдан сув муаммоси ҳақида ўйлаб қолди? Ваҳоланки, унинг иш жойи сув билан боғлиқ ташкилот эди. Ёки Барно асарда нега пайдо бўлдию, яна шу тариқа изсиз йўқолди? Унинг асардаги миссияси нима эди? Асарга Боҳо чўнтак образини киритишдан мақсад нима? Ва ҳоказо 4-5 савол ўйлантирди.
“Пичирланган сирлар”да образларнинг нутқи масаласида ҳам баъзи саволлар бор. Муаллиф асарда келтирадиган мақолалар, ҳужжатлар тили билан қаҳрамонлари тилида ўхшашликлар бор. Баъзан жуда китобий гапириб қўйишади. Айниқса, ўғри Баҳо чўнтак образи профессорлардан кам гапирмайди. Унинг нутқидаги “ижтимоий эҳтиёжлар”, “маданий қадриятлар” каби жумлалар бунга далил. Ёки феминисткалару қўшхотинлик ҳақидаги гап-сўзлар қаҳрамонни кўп чалғитган. Сув муаммосидай улкан дардни ўзига юқтирган инсонга бу гап-сўзлар ортиқчадай туюлади.
“Пичирланган сирлар”нинг композицион қурилиши менга ёқди. Лавҳалар, сувнинг инсониятга мактуби ва ҳоказо ҳужжатли парчаларни бадиий асарнинг умумий сюжети билан уйғунлаштиришда муаллифга тажриба етишмаган. Ёки ҳафсаласизлик қилган. Асарда ҳужжатли материаллар кўп деб ўйлайман.
Асосийси, муаллиф шижоат кўрсатган, журъат топган. Яхшими, ёмонми бир қисса пайдо бўлди. Китобнинг фазилатлари ҳақида сўзлай туриб, баъзи нуқсонлари ҳақида ҳам ёзиш керак деб ўйладим. Албатта, булар каминанинг шахсий қарашлари ва фикрлари, холос. Муаллифнинг кейин ижодига ғайрат тилайман. Янги китоб муборак бўлсин!
👉
@xurshidabdurashid