Мақсуд шогирдлари ва ёнига кирган бошқа усталар билан ишга киришди. Ҳар куни эрталабда Толиб бойвачча янги тикланаётган иморатни текшириб кетади. “Учинчи қаватга болохонага ўхшаган айвон қуринг, уста. Панжарасининг орасини кенгроқ қўйинг, ёғоч панжарага нақшлар солинг. Зинапоянинг тутқичига ҳам нақшлар туширинг, худди қадимий саройлардаги нақшлардай бўлсин”. Мақсудни ишдан кўра ҳар куни такрорланганидан ёд бўлиб кетган гапларни эшитиш чарчатди. Бир томондан иш аввалида Толиб бойвачча берган пул ҳам алалқачон тугаган, Латофатнинг юз-кўзидан “Рўзғорда ҳеч вақо қолмади, нима қилай?” деган маъно сезиларди. Бунинг устига Мақсуд билан шерикликдан ишлаётганларнинг ҳам оиласи, бола-чақа рўзғори бор. Мақсуд устабоши сифатида бир неча марта Толиббойваччага пулга ишора қилиб гап очди, аммо ҳар гал ниманидир баҳона қилиб иш эгаси пулдан қочарди. Ишни тугатиш арафасида Мақсуд Толиббойваччага иш ҳақидан гап очишга тарадудланди:
Бой ака, айтганингиздек уй тикланди, томи ёпилиб, поли қоқилди. Бўёқчиларимиз ҳам эрта кечгача ишни тугатамиз, дейишяпти. Ишимиз сизга маъқулми?
Толиббойваччанинг авал пешонаси тиришди, сўнг энсасини қашлаб:
Бўлади, ука, бўлади. Ишқилиб, иморатни пишиқ- пухта тикладиларингми? Эрта бир кун кўчиб ўтгандан кейин бирор гап чиқмайдими?
Ака, бу нима деганингиз?! Тушунмадим?..- Толиб бойваччанинг саволидан ажабланди Мақсуд.
Зарур ашёларни ўғирламадиларингизми, дейман-да, уста Мақсуд!
Устанинг аъзойи баданига титроқ югурди. Ўзини аранг қўлга олиб:
Толиб ака, сизни тушунмадим, қачон бировнинг ҳақига кўз тикканимни кўргандингиз? Сиз озмунча гуноҳда айбламаяпсиз бизни?..
Янги ҳовлининг калити сиздан бошқа кимда бор яна?
Сизда...- Мақсуд ҳайрон бўлди.
Унда мен ўзимнинг молимга ўғри бўларканманда а?
Тушунмадим, нима, қачон ўғирланибди? Бундоқ тушинтириброқ гапиринг-чи?
Сизлар қурилиш ашёларини ўғирлагансизлар!- Энди тап тортмай баралла гапира бошлади Толиб бойвачча. Унинг овозини эшитиб бошқа усталар ҳам айвонга келишди.- Ҳар куни уч- тўрт марта қўнғироқ қиласиз: “Толиб ака, цемент етмай қолди”, “Толиб ака, усталар бекор ўтирибди ғишт керапк”, “Толиб ака, мих керак”, “Толиб ака, ёғоч етмаяпти”, “Толиб ака, бўёқ”, “Толиб ака, тунука”... Битта уйга учта иморатга кетадиган ашёни етказдим. “Ўзи йўқнинг кўзи йўқ” дейдилар, мен йўғимда қурилиш молларини уй-уйингизга ташигансиз-да. Мени билмайди деб ўйламанг, сизларга ўхшаган ўғриларнинг кўпини кўрганман. Ҳозир шаҳардан уста олиб келаман, шу уйга қанча цемент, қанча ғишт, ёғоч, мих, бўёқ кетганини аниқ айтиб беради. Ўғрилигингиз ошкор бўлса бу маҳаллада қандай бош кўтариб юрасиз, кейин?!
Бундай туҳматга умрида биринчи бор дуч келган Мақсуднинг оёғидан мадор қочиб, ерга ўтириб қолди. Қолган усталар бир Мақсудга, бир Толибга қарар, ҳаммалари қўшни қишлоқ-маҳаллалардан бўлгани учун бири устабошининг ўғрилигига ишонса, бири ишонмай ҳайрон қараб туришарди.
Умримда бировнинг ҳақига хиёнат қилмаганман. Ўғрилик нари турсин, ҳатто бирор бегона одамдан совға ҳам олмаганман. Ота-онам бизни пешона тери тўкиб ишлаб топган ҳалол луқма билан боқиб, ўстирганлар. Мен ҳам болаларимни шундай тарбиялаяпман. Бировнинг норози ҳақи кишининг хонумонига ўт қўяди, икки дунёсини куйдиради. Ҳали ўғрилик нарса бировга буюрганини дунё кўрмаган. Сиз шундай ўйласангиз, ўзингизга ва Худога ҳавола. Мен эса сизни меҳнатимга, пешона теримга ҳавола қиламан. Ким ноҳақ бўлса, Ўзи жазоласин, Омин!
Мақсуд шундай деб иш ҳақини ҳам олмай ўзи тиклаган иморатдан чиқиб кетди. Толиб бойвачча цемент қуйган, ғишт терган, бўёқчи усталарга келишилган пулдан ҳам ярмини бериб жўнатиб юборди. Мақсуднинг дурадгор шогирдлари эса ўша пулни ҳам олмай устозларининг ортидан чиқиб кетдилар.
Эрининг абгор- афтода ҳолда кириб келганини кўриб, Латофат ҳаммасини тахминан тушунди. Лекин бошқа хотинлардай “Айтувдим-а!”, “Сизга неча марта айтди-и-им” деган сўзлар билан бошланадиган маломат “қўшиғи”ни айтмади. Жим турди-да, бироздан кейин секин аммо қатъий оҳангда: