Террорист бўлиб кетишимга сал қолган!Терговчиликни энди бошлаган пайтим, қўлимга бир материални беришди. Унда бир қиз ариза қилиб, уни мажбурлаб ўғирлаб кетишганини ва номусига тегишганини ёзган эди. Ушбу материал юзасидан текшириш ўтказганимда қизни қозоқ урф-одатларига кўра келинликка ўз хоҳиши билан олиб қочишганини, ўз хоҳишига кўра куёв билан биринчи кечани ўтказганини, кейинчалик оилавий келишмовчиликлар сабабли қиз шу тарзда ариза ёзиб бериб куёвни жазоламоқчи бўлганини аниқладим.
Ҳаммаси яхши, ҳар бир эпизодга қонуний баҳо бердим. Фақат битта эпизод қолган эди. Бу - қиз куёвнинг уйига келганида уларга никоҳ ўқиб берган домланинг айблилик масаласи эди. Домлани терговга чақирдим.
Домла бирор диний таълим кўрмаган, чекка овулда динни нисбатан яхшироқ билгани учун овулнинг домласи этиб тайинланган, асл касби эса заводда муҳандислик эди.
Икки соат сўроқ қилдим, домла никоҳ ўқиганини тан олмади. Сўроқдан олдин никоҳнинг шаръий жиҳатларини тўлиқ ўрганиб сўроққа тайёрланган эдим. Домла никоҳ ўқимаганини, фақат “Фотиҳа” ва бошқа сураларни ўқиб, ёшларга панд-насиҳат қилганини айтиб, туриб олди.
Домлага охирги саволимни бердим: “Келин-куёвлар бизга никоҳ ўқилди деб, чимилдиққа киришган, Сиз уларга никоҳ эмас, балки “Фотиҳа” сурасини ўқиб бериб, улар зино қилишига сабабчи бўлдингизми?”, - деганимдан сўнг, домла охири “синди”, ҳаммасини тан олди.
Ўша пайтлари ЗАГСсиз никоҳ ўқиш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик мавжуд эмас эди, бундай ҳолатда МЖтКнинг 201 ёки 240-моддалари билан жавобгар қилардик, бу модда учун жарима жуда юқори эди.
Шу сабабли домланинг жаҳли чиқди ва мен билан қуйидаги диалогга киришди:
Домла: Мусулмонмисиз?
Мен: Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман.
Домла: Мени қайси асосга кўра жавобгар қилаяпсиз?
Мен: МЖтК бўйича.
Домла: Ушбу Қонунларингизнинг асоси нима?
Мен: Конституция.
Домла: Конституция ва Қонунларингизни ким яратган?
Мен: Олий маждис депутатлари ва сенаторлари.
Домла: Шунда бу инсонлар томонидан яратилганми?
Мен: Ҳа.
Домла: Нимага одамлар яратган Қонунга бўйсунаяпсизу, аммо Аллоҳ яратган шариатга бўйсунмайсизлар?
Бўлди, шу гапдан кейин қотиб қолдим. Домла иккита гап билан мени “вербовка” қилиб қўйди. Домлани бу гапларини анча пайт ўйлаб юрдим. Бу ўйловим жуда хавфли эди, чунки бу йўналишда кетишим, ўзимни ЖКнинг 159-моддаси билан жавобгарлигимни келтириб чиқарар эди.
Фақат ўзимга маълум бир катта гуноҳимдан сўнг, ўзимча бу гуноҳни “ювиш” учун бир куни эрталаб бомдод намози ўқиш учун масжидга чиқдим.
(Фақат бомдодда масжидга борар эдим, чунки эрта саҳардан масжидга бирор ҲМҚО ходими келмайди, ўзим ходим бўлганим учун масжидга чиқишим турли норасмий таъқибларни келтириб чиқариши мумкунлигидан қўрқардим)Масжид китобжавонида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар” китобини кўриб, азондан сўнг жамоат йиғилгунича ўқиб турдим.
Ушбу китоб ва унга боғлиқ бошқа китоблар барча гумонларимни аритди ва Конституциявий тузумимиз энг тўғри йўл эканлигини, тинчлик бебаҳо неъматлигини англаб етишимга сабабчи бўлди. Уларда Конституциявий тузум шаърий жихатдан асослаб берилган эди. Ҳуллас, қуйидаги китоблар, мени радикал террорист бўлиб кетишимдан асраб қолган:
1. “Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар” (турли фитналарга раддия)
2. “Дин насиҳатдир” (“Ҳизб ут-таҳрир” ғояларига раддия)
3. “Очиқ хат” (ИШИД ғояларига раддия)
Ушбу китобларнинг ҳаммаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимоҳуллоҳ қаламларига мансуб. Энг қизиғи, булар у кишининг улкан ижодларидан бир томчи ҳолос.
Каналга уланиш:@advocatekulbayev