📝Нурли аёл
Бундан ўн йиллар олдин туман фан олимпиадасида ҳакамлар таркибида эдим. Ўқувчиларнинг натижалари эълон қилингандан сўнг ҳам биздан кетиб қолмасликни талаб қилишди. Апелляция бўлса, ўқувчиларга жавоб беришимиз керак эди.
Бир пайт биз ўтирган хонага узун бўйли, калта сочлари ўзига ярашган ўрта ёшлардаги истараси иссиқ аёл салом бериб кириб келди. Танидим. Бу аёл Мирзо Улуғбек туман ХТБ мудир ўринбосари Миновар Хусаиновна эдилар. Битта ўқувчи баҳосидан норози эканлигини, йиғлаб апелляциядагиларга ҳам кўнмаётганини айтиб, ишини бошқатдан ўзининг олдида кўриб беришимиз лозимлигини айтдилар. Кейин "Келинг!"—дедилар. Эшикдан йиғлайвериб кўзлари қизариб кетган қиз билан, важоҳати қўрқинчли бир аёл (онаси) кириб келди. Миновар опа қизнинг ишини бизга топшириб "Қани, ким бу қизимизнинг тестларини кўриб беради?"—дедилар. Ҳамма жим турибди. "Менга бера қолинг",—дедим секин. Аслида тест қайта текширилмайди, лекин тинмай йиғлаётган ўқувчига ва бизга еб қўйгудек тикилиб турган онасига буни исботлаб бериш керак эди.
—Ўтир қизим,—дедим,—сиз ҳам ўтириб олинг,—онасига мурожаат қилдим. Қиз асосан адабиётдан хато қилган экан. Шеърларни аралаштириб юборган, асар қаҳрамонларини адаштирган, берилган парча қайси асардан эканлигини топа олмаган...
Мақтаниш эмас, ҳамма синф дарслигидаги шеърларни, ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ёддан биламан. (Касбимни севганимдан бўлса керак) Ўқувчининг хатоларини битта-битта кўрсатиб, ёддан тўғирлаб айтиб бердим. Кейин
—Бу—шунчаки бир танлов. Бунда ғолиб бўлиш дегани—Жаннатга кириш, дегани эмас,—дедим. Қизнинг онаси"Ўқишга кирсин, олий маълумотли бўлсин дейманда",-деди сал ҳовуридан тушиб.
—Олий маълумотлиларнинг биттаси менми, —дедим,—бола-чақамни оч қолдириб, тунги ўнда ҳам уйимга кетолмай ўтирибман,—девордаги соатга ишора қилдим. Сиз қизингизнинг бахтини сўранг, қадарга кўнишга ўргатинг,—дедим. Яна ҳазил аралаш баъзи гапларни гапирдим. Шуниси эсимдаки, эшикдан чиқиб кетаётганимда ўқувчининг ва онасининг юзида табассум бор эди. Уларни кузатгач, Миновар опа "Ўзингизни камситманг, сиз ҳам биз учун қадрлисиз, ахир сиз —УСТОЗсиз",— дедилар...
Туманимизда шаҳар ўқитувчилари учун ҳар бир фандан семинар берадиган бўлдик. Адабиётдан мени танлашибди. Ўзбекнинг эркатой шоири Муҳаммад Юсуф вафот этган йили эди. Шу шоир ижоди бўйича дарс ўтадиган бўлдим. Хона меҳмонлар билан тўлди, қўшимча стуллар олиб кирилди. Завқ-шавқ билан дарс ўтаётсам, Миновар опа бошчилигидаги раҳбарлар дарсларни текшириб юрган эканлар, очиқ эшикдан битта қарадилар-у, бироздан сўнг стул олиб келиб, шундоқ эшикни олдига ўтириб олдилар, то дарснинг охиригача биров чақириб келса ҳам чиқмай дарсимни кузатиб ўтирдилар. Адабиёт—сеҳрли олам. Унга ошно бўлган қалбларда фақат яхшилик унади. Ўша кун қандай дарс ўтганимни билмайман, аммо ҳамма ишини ташлаб дарсда ўтирган Миновар опани яхши кўриб қолган эдим.
Кейин қаерда кўриб қолсам ҳам тортиниб салом берсам "Ферузахон, саломатмисиз?"-деб сўрашиб ўтадиган бўлдилар. Ҳар йили мукофотларга тавсия қилардилар, паспортим туфайли ҳужжатларим қайтарилар, жудаям ҳижолат бўлар эдим.
Халқ таълими аълочи бўлган куним Миновар Ҳусаиновнани эсладим, астойдил истаган эканлар-да. Ўшанда исми жисмига мос мунаввар шу аёл ҳақида нимадир ёзаман деб дилимга тугиб қўйган эдим. Устоз ҳозир нафақадалар, бу мақоламни ўқийдиларми, йўқми, билмадим, аммо шуни биламанки,
таълимга Миновар опадек фидойилар керак. Яна шуни аниқ биламанки, ўқитувчилар қадр топган жойда натижалар юқори бўлади...
Устозларга эса имкон бериш ва ишониш керак...
Феруза Салходжаева
Ota ~ Onasini Qadrlaganlar Kanali
@MEXRIBONIM_OTAM_ONAM 🌸