АРАФОТДАГИ ДУО
Нуриимон Абулҳасаннинг иккинчи ҳикояси.
Ҳар йили муборак ҳаж сафарини ташкиллаштириш ишлари билан банд бўлардим. Нима бўлдию, ўша йили касалхонага тушиб қолдим. Тушдиму, кейин нима бўлганини билмайман. Бир маҳал уйғонсам, тепамда осма дорилар. Тонг палласи. Кимдир хонада юрибди. Фаррош опа экан. Шу дамда жудаям очиққанимни ҳис қилдим.
– Опа, бирон нарса борми, ейишга? – дедим.
У менга “ярқ” этиб қарадида:
– Ейсизми? – деди ҳайрон бўлиб.
– Ҳа...
Бир оз ўтмай, ярим коса мастава олиб келди. Қатиқ сўрадим. Берди. Қатиқни аралаштиряп-
ману, нафсим қурғур чидамаяпти. Худди ошовқатсиз чўлу биёбонда қолиб кетган одамга ўхшайман. Фаррош хотин нимагадир тепамда қараб турибди. Бир-икки қошиқ олган бўлдиму, охири чидамай, косани кўтариб қўя қолдим. “Яна борми?” дегандек, косани опага тутдим. У бўлса додвой қилиб қолди: “Вой, мен нима қилиб қўйдим, энди мени ишдан бўшатворишади, меҳрибончилигим қурсин…”
Билсам, ўттиз кундан бери томоғимдан овқат у ёқда турсин, бир қултум сув ҳам ўтмаётган, осма дорилар билан яшаётган эканман. Бирданига ярим коса маставани ичворишим, воҳ...
Суриштирсам, ўша кун Қурбон ҳайитининг биринчи куни экан. “Аллоҳ Ўзининг қутлуғ кунида мени сийлабдида”, деб ҳамд айтдим. Шушу иштаҳага кириб кетдим. Орадан кўп ўтмай, муборак ҳаж сафарини ташкиллаштиришга кетган дўстларимдан бири мени кўргани келди. Унга Ҳайит куни комадан чиққанимни ва мастава воқеасини кулакула гапириб бердим.
У бўлса:
–Ҳайит куни комадан чиқдим, дейсизми? – деди ҳайратланиб.
– Ҳа... Ўша куни мени Аллоҳ меҳмон қилдида.
– Субҳаналлоҳ, – деди у жилмайиб, – билсангиз, биз арафа куни Ҳазрат билан Арафот тоғида учрашиб қолдик. Ҳазрат: “Ташкилотчилар орасида Нуриимон кўринмадия”, деб қолдилар. Мен сизнинг бетоблигингизни, аҳволингиз оғирлигини айтдим. Ҳазрат шу заҳоти дуога қўл очиб, узоқ дуо қилдилар, уч марта “Нуриимон”, деб номингизни тилга олдилар. Дуонинг ижобат бўлганини қаранг, оёққа туриб кетибсиз, умрингиз узоқ бўлсин.
Иккала дўст Арафотда қилинган дуолар қабул бўлишини билар эдигу, бунчалик тез ижобат бўлишини ўйлаб, бирбиримизга қараб қолдик...