Кеча Сабура узундан-узун овозли хабар юборибди. Бунақа одати йўқ эди-ю, деб эшитиб кўрсам, синглимнинг фиғони фалак.
Уйида бир неча кун иссиқ сув бўлмапти. Мавсумий ўчиришлар бор-ку, ўша. “Ҳа майли, ҳаммага келган тўй” деб, иссиқ сув келишини кутишибди. “Сув келади” дейилган кундан бир кун аввал, кечқурун соат 8да “сув келмайди, электр йўқ, насос ишламаяпти” қабилида хабар келибди.
Энди бир нарса қилиш керак-ку дея сув иситкич (“Аристон”) опкелиб ўрнатишибди. “Анвар акам 2,5 миллионга аъзо бўлдилар”, дейди Сабура.
Ана энди буёғига бир амаллаймиз дейишганида, ҳозиргина телеграмдан қўшнилар гуруҳида шумхабар келибди: эртага бир сутка умуман сув бўлмас экан. “Аристон” жониворга эса сув керак экан, уни иситиш учун. Қаранг!
Битта нарсага тушунмайман. Масалан, Калгарида сув, газ, электрдан қарийб муаммо йўқ. Жонажонда эса энг аввал ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар эса саноғи йўқ.
Шу билан бирга, Калгарида Ўзбекистондагидек ҳашаматли (бюджет пулига қурилган) бинолар йўқ. Форумлар саройи йўқ, Хумо-арена каби яп-янги муз аренаси йўқ, “Улуғ ватан уруши” ҳақида кино олинадиган Цивилизация маркази йўқ, Самарқандда олий табақали меҳмонларни кутиб оладиган, Урсула фон дер Ляйениинг ватанида ҳам бўлмаган ўта ҳашаматли конгресс-холлар ҳам йўқ.
Шу пуллар ўрнига аҳолининг энг асосий, бирламчи муаммолари ҳал қилинса бўлмасмикин?
“Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсанг… биз қурган сув қувурлари, газ омборлари, электр симларию ГЭСларга боқ” деган гап айтмаган экан-да Амир Темур бобомиз.
@zambarakning_oqi