Ҳижрондан туғилса — қонли бўлармиш,
Армондан туғилса — дардли қорачиқ.
Ҳамиша кўз каби жонли бўлармиш,
Ҳамиша кўз каби оламга очиқ…
Ҳақиқат ўшандан мўралар эмиш,
Имон ҳам ўшанга боғли эмиш бот.
Диёнат ўшандан яралар эмиш,
Ўшандан ёғармиш элга эътиқод…
Одамлар бировни буюк деганда,
Балки шу жиҳатни назарга илган.
«Хусрав кўксидаги куйик» деганда —
Саъдий сувайдони шараф деб билган*.
Ҳой, инсон, йўлингда ёр бўлсин омад,
Ёр бўлсин азалдан адамгача то.
Эндиги ҳамма гап шундадир фақат:
Қалбингдан жой олмиш қайси сувайдо?
Куйгансан шам каби ё машъалмисол,
Куйикдир кўксингга «дард» деб уйганинг.
Лекин сен ўртаниб-куйганда алҳол,
Юртим, ватаним, деб борми куйганинг?
Ёнгансан, ёндирган қанча муаммо,
Муаммо ечгансан ёниб эрта-кеч.
Яшамоқ азмида ёнаркан аммо,
Элим деб, тилим деб, ёнганмисан ҳеч?
Ёнингдан бепарво ўто билмадим.
Бенасиб эмасман дардингдан, башар.
Менинг ҳам юрагим жазиллар, балким
Менинг ҳам қалбимда сувайдо яшар…
Бағримга доғ қўймиш қайси бир алам?
Бу қайси аламнинг муҳри, касрати?
Ўғлини тупроққа қўйганди оғам,
Балки бу ўшанинг доғи-ҳасрати.
Дўст ҳам йиғлар эмиш ҳабиб олдида,
Юзимда кўз ёшим изи шашқатор.
Юртидан айрилган ғариб олдида
Менинг ҳам бош эгиб йиғлаганим бор…
Сувайдо жонларда яшайди мутлақ,
Биз билан келгандир, биз билан кетар.
Сувайдода мардлик акс этади — ҳақ,
Лекин номардлик ҳам унда акс этар.
Оқшомлар юраман хаёлга тўлиб,
Бошимда юлдузим бўлур ҳувайдо.
Мен унга ҳар сафар боқсам термилиб,
Шаффоф сийнасида — қора сувайдо…
* * *
Жамол Камол бизни Машриқу Мағрибнинг икки юксак устуни: Мавлоно Жалолиддин Румий ва Вильям Шекспир дунёси билан таништирди. Устознинг бошқа таржималарини санаб ўтирмайман. Аммо, ишончим комилки, биргина Мавлоно ва Шекспир асарларининг таржимасига сингган беназир меҳнатининг ўзи Жамол Камол таржима мактаби ҳақида сўз юритишга асос бўлади.
Жамол аканинг сўнгги йиллардаги жамиятимизда кечган ва кечаётган жараёнларга бағишланган публицистикаси ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Ҳушёр кузатув, теран таҳлил, мамлакат ҳаётига фаол дохиллик бор бу асарларда. Яна энг муҳими, бу асарларда адабиётнинг жамият ва инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида айтилган рост ва аччиқ ҳикмат бор: “Дунёдаги барча фанлар бир тараф, адабиёт бир тараф. Барча фанлар танингга хизмат қилади, адабиёт жонингга, руҳингга. Хўш, руҳ нима? Руҳ – сенинг инсонлигинг…”
* * *
Жамол Камол устоз Эркин Воҳидовга бағишланган мақоласида ёзади: “Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида адабиётга кириб келган, бугун ёши етмишдан ошиб, саксонга яқинлашаётган ижодкорларни Эркин Воҳидов авлоди дейиш мумкин. Бу авлод адабиётимизни бир неча масофа олға сурди, шеъриятимиз байроғини янада баланд кўтарди. Мен ана шу авлодга мансублигим билан фахрланаман”.
Мен ҳам ўша шонли авлодга шогирд эканимдан фахрланаман, уларга изма-из, ўзбек шеъриятининг юксак довонида дадил бораётган устоз Жамол Камол қорасини, кўксида ловуллаб турган ўтни назардан қочирмай, йўли узоқ бўлишини Яратгандан сўраб, йўл босаман.
2018
Жамол Камол ҳаёти ва ижоди "ХДК" саҳифаларида:
https://kh-davron.uz/?s=jamol+kamol