Аста-секин вазн ортишига сабаб бўладиган 6 та маҳсулот
Баъзи маҳсулотлар йиллар давомида вазн йўқотишга тўсқинлик қилиб келади. The Voice Маg нашри тақдим этган 6 турдаги ушбу маҳсулотни иложи борича камроқ истеъмол қилиш қилиш
тавсия этилади.
Қадоқланган шарбатлар
Сотиб олинган шарбатнинг бир стаканида 30 грамм шакар мавжуд. Бу кунлик эҳтиёжнинг ярмидан кўп дегани. Шунинг учун, қадоқланган шарбатларни имкон қадар чеклаш керак.
Маккажўхори ёрмаси ва мюсли
Ушбу маҳсулотлар ҳам кўринишидан фойдалига ўхшайди. Аслида, ўртача порциясида тахминан 30 грамм шакар мавжуд бўлиб, бу ЖССТ томонидан тавсия этилган стандартлар бўйича кунлик қийматнинг ярмидан кўпини ташкил қилади. Мюсли ёки ёрмани оддий бўтқа билан алмаштириш фойдалироқ.
Йогурт ва творог
Лактозага қўшимча равишда кўпинча фойдали деб таъкидланган ушбу маҳсулотларда ҳам шакар мавжуд. Қўшимчаларсиз йогурт ва твороглар бундан мустасно. Бироқ диққат билан танишиш керак: баъзида ишлаб чиқарувчилар тоза маҳсулот таркибига ҳам шакар ва консервантларни қўшишга ҳаракат қилади.
Учтаси бирда қаҳваси
Аксарият ходимлар иш жараёнида кунига бир неча марталаб учтаси бирда қаҳвасини ичади ва қандай қилиб ортиқча вазнга эга бўлаётганини сезмайди. Ахир, ушбу севиб ичиладиган бу ичимликнинг бир порциясида 70 килокалория ва 10 грамм шакар мавжуд.
Нон
Бу ҳақда биров ўйламаса ҳам керак, лекин бутун донли нонда ҳам шакар миқдори 100 грамм маҳсулот учун тахминан 4 граммни ташкил қилади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, нон биринчи навбатда углеводдир, яъни ундаги барча шакар дарҳол қоринда ёғ тўпланишига сабаб бўлади.
Колбаса ва сосискалар
Кўпчилик ҳар қандай таомни меъёрида истеъмол қилишни организм учун зарарсиз деб ҳисоблайди. Бироқ колбаса маҳсулотлари таркибидаги ёғ, трансёғлар ва натрий глутаматнинг юқори миқдори уларни рациондан чиқариб ташлаш кераклигини англатади.