Мени ёмон дебсан, омон бўл, жўра,
Танқидинг, хулосанг бунчалар зўр-а?!
У учун банданинг ёмони йўқдир,
Ишонмасанг, ана, Ўзидан сўра...
Ҳатто кўлмак дейди: “Ҳар томчим зилол”,
Тўлинман деб сўйлар доғ юзли ҳилол.
Меҳрин ато айлаб битган кўзасин,
Ёмон деб айтарми ул буюк Кулол?!
Қай мўмин хатосин чиндан яширсанг,
Жиндек яхшисини тоғдай оширсанг.
Сенинг ҳам айбингни ёпгайдир Худо,
Дилқудуқдан меҳринг сувдай тоширсанг...
Ўзидан тонганлар ўзига борар,
Сўзидан тонганлар сўзига борар.
Ноҳақ айтса биров ким учун қарғиш,
Айланиб, бил, қора кўзига борар...
Дунё - шу, азалдан тешик тоғора,
Кимга буғдой нони, кимга зоғора.
Баҳодир, аввало, ўзингга бир боқ,
Кейин майли ургил, тинмай ноғора...
Баҳодир ОБИД.
https://t.me/tuhfadil