Андижонда Россия қурилаётган ГЭС туфайли сув тошқини юз бердиКеча 8 май куни Андижон вилояти Булоқбоши туманида “Сарвонтепа” маҳалласи ҳудудида катта сув тошқини рўй берди. Жанубий Фарғона канали қирғоғи шикастланиб, маҳаллий кўчаларни сув босди. Ҳодиса аввал каналнинг ўзидан юзага келган деб тахмин қилинган бўлса-да, кейинчалик бу офат Россия қурилаётган кичик ГЭС қурилиши билан боғлиқ экани маълум бўлди.
“Ўзбекгидроэнерго”нинг расмий маълумотига кўра, мазкур ГЭС Россиянинг МПР молия институти маблағлари ҳисобига Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 800-сонли қарорига асосан қурилаётган экан. Қуввати 6,9 МВт бўлган ушбу “ЖФК-3” кичик ГЭС йилига 33 миллион киловатт соат электр энергия ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Қурилиш ишлари Россиянинг “Энергосила” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида каналда сув тўсиш иншооти барпо этилиб, сув вақтинча айланма канал орқали йўналтирилган. Аммо айланма каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қуввати 60 куб метр бўлганига қарамай, ундан 70 куб метр сув оқиб ўтган ва оқибатда каналнинг ўнг қирғоғи емирилиб кетган.
Ҳукумат ҳолатни “техноген” деб баҳолаб, бартараф этиш ишлари олиб борилаётганини билдирди. Рasmийлар томонидан барча зарур техника ва ишчи кучлари жалб этилгани айтилмоқда. Режага кўра, 9 май куни соат 14:00 га қадар каналдаги иш одатий ҳолатга келтирилиши ва аҳолига етказилган зарар қопланиши ваъда қилинган.
Бироқ саволлар қолмоқда: нима учун айланма каналнинг қуввати етарли эмаслиги олдиндан ҳисобланмади? Қурилиш ишлари назорати ким зиммасида эди? Бу йирик лойиҳа маҳаллий аҳоли хавфсизлиги ҳисобидан қурилаётгани эмасми?
Маҳаллий аҳоли орасида қўрқув ва норозилик кайфияти кучаймоқда. “Россия қураётган ГЭС учун бизнинг уйлар сув остида қолиши шартмиди?” дейди бир маҳаллий фуқаро. Мавжуд ҳолат қурилишдаги масъулиятсизлик ва режалаштиришдаги камчиликларни яна бир бор ошкор қилган кўринади.
Ҳукумат ва қурилишни амалга ошираётган Россия компанияси ушбу ҳолат юзасидан аниқ ҳисобот беришлари ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишлари керак.
@toshkentpost