АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФБР) томонидан махфийлиги очилган ҳужжатларни эълон қилди — буюк ихтирочи Никола Тесланинг ҳаётининг охирги йиллари ва мероси ҳақида. Бу материаллар 1943 йилда унинг вафотидан кейинги воқеаларга ойдинлик киритади ҳамда аввал маълум бўлмаган тафсилотларни очиб беради.
Олим вафот этгандан сўнг, ФБР дарҳол унинг барча мол-мулкини назоратга олди. Турли жойларда, шу жумладан банк сейфларида сақланган шахсий ёзувлар, чизмалар ва ихтиро моделларини ўз ичига олган тахминан 80та қути мусодара қилинди. Улар орасида алоҳида эътиборни "ўлим нури" (телефорс) деб аталувчи сирли қурилма тортди — бу ускуна, Тесланинг таъкидлашича, ҳаво кемаларининг двигателларини масофадан туриб йўқ қилиш қобилиятига эга бўлиб, у ҳали маълум бўлмаган физика тамойилларига асосланган эди.
Тесланинг жияни — югославиялик сиёсатчи Сава Косановичнинг роли қизиқарли. У машҳур амакисининг меросига етишиш учун фаол кураш олиб борди.Гарчи, АҚШ махсус хизматлари уни махфий маълумотларни Югославия ҳукуматига ўтказиши мумкинлигидан гумон қилишганлиги сабабли таъқиқларга учраган бўлсада, якунда Косанович ҳужжатларнинг бир қисмини қўлга киритди, улар кейинчалик Югославиядаги Тесла музейи асосига айланди.
ФБР ҳужжатлари ихтирочининг ҳаётининг сўнгги йиллари ҳақида оз маълум бўлган фактларни ҳам очиб беради.
Даҳо бўлишига қарамасдан, у руҳий муаммолардан азият чеккан, яккаликда яшаган ва жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келган. Ҳужжатларда АҚШ ҳукуматининг Тесланинг ихтироларини бошқа давлатлар қўлига тушишидан ҳимоя қилиш ҳаракатлари алоҳида таъкидланган. Хусусан, "ўлим нури" қурилмасининг ҳарбий мақсадларда қўлланишига АҚШ мудофаа идоралари катта қизиқиш билдирган.
Кейинчалик Tesla International ташкилоти Тесланинг илмий меросини сақлаш учун фаол ҳаракатни бошлади. Тесланинг фанга қўшган инқилобий ҳиссаси жуда катта — у замонавий ўзгарувчи ток электр таъминоти тизими асосидаги технологияларнинг ривожига катта ҳисса қўшган ва замонавий цивилизациянинг пойдеворларидан бирига айланган.
Тесланинг энг машҳур ихтиролари қуйидагиларни ўз ичига олади:
• кўп қутбли ўзгарувчи ток тизими,
• асинхрон электродвигател,
• Тесла трансформатори,
• энергияни симсиз узатиш асослари,
• радиобошқарув технологиялари,
• флуоресцент ёритиш бўйича тажрибалар,
• радиомулоқотдаги муҳим ишланмалар,
• радиолокация асосидаги ғоялар,
• дунёдаги илк радиобошқарув қурилмалари намойиши.
Тесла жаҳон бўйлаб 300 дан ортиқ патент олган. Унинг юқори частотали токлар, энергия ва маълумотларни симсиз узатиш борасидаги тадқиқотлари ўз замонасидан илгарилаб кетган ва Wi-Fi ҳамда мобил алоқа каби замонавий технологиялар пойдеворига айланган. Унга бағишлаб халқаро ўлчов тизимида магнит индукция бирлиги — "тесла" деб номланган.
Бу ҳужжатлар нафақат буюк ихтирочининг илмий мероси тақдирига ёруғлик солади, балки АҚШ ҳукумати унинг ишланмаларига қай даражада жиддий ёндашганини ҳам намоён қилади — уларни бошқа давлатлар қўлига тушишини потенциал хавф сифатида баҳолаган.
👉
Яширин тарих!