Ўзбекистонда миллий хавфсизлик миллий истиқлол мафкураси билан ҳамоҳангдир. Чунки миллий истиқлол мафкураси ўз мазмун-моҳиятига кўра, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тараққиётига хизмат қилади, барча сиёсий партиялар, гуруҳлар ва қатламларнинг - бутун халқимизнинг қуйидаги умумий манфаатларини ифодалайди:
- мамлакатнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, сарҳадлар дахлсизлиги;
- юртнинг тинчлиги, давлатнинг ҳарбий, иқтисодий, ғоявий, экологик, информацион таҳдидлардан муҳофаза этилиши;
- мамлакатда фуқаролараро ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик муҳитини таъминлаш;
- ҳар бир оила ва бутун халқнинг фаровонлиги;
- жамиятда адолат устуворлиги, демократия, ўз- ўзини бошқариш тамойилларининг амал қилиши”
Ушбу манфаатлар миллий давлат манфаатини ташкил этади. Мамлакатнинг миллий хавфсизлиги унинг миллий манфаатини турли сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, экологик, ғоявий, информацион ва бошқа омиллар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилишга йўналтирилади. Шу боис миллий хавфсизлик таркиби мураккаб тузилишга эга бўлиб, сиёсий, ҳарбий-мудофаа, ғоявий, мафкуравий, иқтисодий, экологик, ахборот хавфсизлигини ўз ичига олади.
Сиёсий хавфсизлик мамлакатнинг миллий-давлат тузилишини, конституцион тузумни ҳимоя қилишга йўналтирилади. Ҳарбий-мудофаа хавфсизлиги мамлакат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва сарҳадлар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган. Ғоявий, мафкуравий хавфсизлик ҳозирги даврда айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда. Мафкура, ғоя ҳар қандай жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Чунки мафкура мавжуд бўлмаса, ҳар қандай жамият ўз танлаган йўлини йўқотиши мумкин. Қаерда мафкуравий бўшлиқ вужудга келса, ўша ерда бегона мафкура ҳукмронлик қилиши барчага аён ҳақиқатдир.
Ҳозирги даврда турли хил эски ва янги мафкура, ғояларнинг ўзаро кураши ҳар қачонгидан хам шиддатли тус олмоқда. Бунга сабаб социалистик тоталитар тузум емирилганидан кейин дунёнинг икки қарама-қарши қутбларга бўлиниши барҳам топган бўлса-да, турли хил мақсад, манфаатларни ифода этувчи мафкуралар, ғоялар кураши, тортишуви ҳали тўхтагани йўқ Бу курашлардан мақсад инсон, жумладан, ёшлар қалбини эгаллаш, муайян мамлакат ёки минтақадаги бирор миллат ёки халқнинг онг. ва тафаккурига таъсир кўрсатиш уни ўзига бўйсундириш, маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилишдан иборатдир. Фикр қарамлиги, тафаккур куллиги эса ҳар қандай иқтисодий ва сиёсий қарамликлардан ҳам кўра даҳшатлироқдир. Шу боис, давлати- миз раҳбари таъкидлаганидек, мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан ҳам кўпроқ кучга эга. Агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий таҳдид, хавф-хатар, тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин. Аммо мафкуравий, ғоявий хавфни, тазйиқни тезда илғаб олиш, сезиш ниҳоятда қийин. Инсон ўз мустақил фикрига, собит эътиқодига, ўзи таяниб яшайдиган ҳаётий миллий қадриятларга, мустаҳкам иродага эга бўлмаса, жамиятда халқни ягона мақсад йўлида бирлаштирувчи миллий ғоя ва мафкура мавжуд бўлмаса, унинг турли зарарли ғоя на мафкураларнинг тазйиқига бардош бериши амри маҳолдир.