🇰🇬🇷🇺🇺🇦
Қирғизистондаги “Рус уйи” ходимаси одамларни Украинадаги урушга ёллаш иши бўйича ҳибсга олиндиБишкекнинг Биринчи май тумани суди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг илтимосига кўра Ўш шаҳридаги “Рус уйи” (“Россотрудничество” таркибидаги тузилма) ходимаси Наталя Секеринани 17 июнгача ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда суд матбуот котибига таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
Мазкур жиноят иши доирасида Ўш шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин ҳам ҳибсга олинган. Бундан ташқари, Лапушкин билан бирга яна икки киши қўлга олинган, уларнинг шахси очиқланмаган.
Барча тўрт нафар шахс Қирғизистон Жиноят кодексининг “Ёлланма жангчилик” моддаси бўйича айбланмоқда. Бу модда 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Суд маълумотига кўра, қўлга олинганлар одамларни Украинадаги урушда қатнашишга ёллаганликда гумон қилинмоқда.
“Медиазона” нашрининг эслатишича, 2023 йилда Қирғизистонда Асқар Қубаничбек уулу исмли шахс Россиянинг Украинага бостириб киришида қатнашганлик иши бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Кейинчалик ҳукм енгиллаштирилиб, унга ҳар ой икки марта ҳуқуқ-тартибот органларига бориб қайд этилиш мажбурияти юклатилган. 2024 йил ёзида Қубаничбек уулу Россияга қочгани ва яна фронтга жўнаб кетгани аниқланганди.
🔥
@burchakostida