“Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди
Бугун Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган “Судья ва ёшлар” учрашувида Фарғона вилоят суди раиси Акром Утаев, вилоят маъмурий суди раиси Д.Махаматов, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ёшлар иштирок этдилар.
Дастлаб вилоят судлари раислари соҳадаги ислоҳотларга тўхталиб, судьялик касбининг масъулиятини, адолат, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамиятини, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар чуқур билим олишга интилишлари, ўз устида тинимсиз ишлашлари зарурлигини таъкидладилар.
Шундан сўнг, вилоят суди кадрлар бўлими бош консультанти Д.Акрамов суд тизими ҳамда суд тизимидаги ходимлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, ижтимоий кафолатлар, шунингдек "Бўлажак суд ходимлари клуби" тўғрисида маълумот берди.
Тадбир доирасида, вилоят суди раислари ва ёшлар ўртасида жонли савол-жавоб бўлиб ўтди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган суд-ҳуқуқ масалалари, қонунларнинг қўлланилиши ва суд тизимидаги ўзгаришлар ҳақида саволлар беришди.
Суд тизими вакиллари бу саволларга атрофлича ва тушунарли тарзда жавоб бериб, ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимларни оширишга қаратилган очиқ мулоқотни таъминладилар. Ушбу жонли мулоқот ёшларнинг ҳуқуқий онгини оширишга, суд тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Каналга уланиш: @fargonaviloyatisudlari