Ҳаётда турли хил табиатли кишилар учрайди. Кимдир пешона тери тўкиб, меҳнат қилишни афзал билса, яна кимдир осон йўл билан даромад топиш илинжида турли хил қилмишлар, хусусан, фирибгарликка қўл уришдан ҳам тоймайди.Бу ҳақда фикр юритганда, одатда, фирибгар кимсалар ғараз мақсадини амалга ошириш учун кўпроқ содда ва ишонувчан кишиларни чув туширишни кўзлашини қайд этиш жоиз. Масалан, пойтахтимизда яшовчи Шарифжон Ғойипов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам содда ва ишонувчанлиги туфайли фириб тўрига қандай тушганини ўзи ҳам билмай қолди.
Гап шундаки, Олмазор туманида яшовчи В. Нормирзаев илгари ҳам фирибгарлик жиноятини содир этган, аммо жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2021 йил 26 июлдаги ажримига кўра Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши кодекснинг 66-1-моддаси тартибида, яъни ярашганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги боис тугатилганди. Бундай кечиримлилик, аслида, В. Нормирзаевга жиддий сабоқ бўлиши лозим эди. Аммо у буни ўйлаб ҳам кўрмади, аксинча, ўз билганидан қолмади. Яъни орадан 3 йил ўтиб, яна фирибгарликка қўл урди.
В. Нормирзаев 2023 йил август ойида турмуш ўртоғининг номига кредит эвазига “Спарк” русумли автомашина харид қилганди. Аммо 2024 йилнинг бошида у автомашинани сотиш ниятига тушиб қолади. Танишлари орқали бундан хабар топган Ш. Ғойипов дарҳол унга қўнғироқ қилади.
— Ҳа, машинани сотмоқчиман. Пул зарур бўлиб қолди, — дейди В. Нормирзаев.
— Нархи қанча? — сўрайди харидор.
— Беш ярим минг деяпман, озгина ками бор.
Қисқаси, сотувчи ва харидор ўртасида автомашина 5 300 АҚШ долларига баҳоланади. Бинобарин, В. Нормирзаев Тошкент катта ҳалқа автомобил йўлининг Яккасарой тумани ҳудудидан ўтган қисмида — “IBR” номли ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнида Ш. Ғойипов билан учрашиб, олдиндан 300 АҚШ доллари олади. Кейин яна 2 200 АҚШ долларини турли вақт оралиғида қўлга киритади. Лекин Ш. Ғойиповга автомашина хадеганда насиб этмайди. Чунки В. Нормирзаев алдов йўли билан қўлга киритган пулни аллақачон сарфлаб юборган, автомашинани эса, сотиш нияти йўқ эди.
Охир-оқибат Ш. Ғойипов алданганини англаб етади. Шу боис, у ариза билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Натижада В. Нормирзаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди эса, уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Буни қарангки, тергов жараёнида бу фирибгар кимса жабрланувчига етказган зарарининг атиги 300 АҚШ долларини қайтарди, холос.
Бинобарин, суд ҳукмида судланувчидан Ш. Ғойипов фойдасига 2 200 АҚШ долларининг миллий валютамизга нисбатан қийматини ундириш ҳам белгиланди.
Буларни баён этишдан мақсад — ҳаётда жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини таъкидлашдир.
Ҳалол меҳнат, ростгўйлик кўнгил хотиржамлигини таъминловчи муҳим восита эканини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Азимжон ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой тумани
суди судьясиTelegram