Кеча ва ниҳоят масжид ходимлари ва орган ходимлари мақсадларига эришишди.
Масжидни ҳамма кириш эшикларига қулф осилибди. Ҳар бир эшик олдида иккитадан милиция ходими турибди. Киришни асосий дарвозадан қилиб қўйишибди. Асосий дарвоза олдида эса элликтага яқин ўқитувчилар турибди. Ҳар бир мактабдан вакил бор.
Ўйлаб қолдим. Сариқ чақага ишлаб, пахта далаларидан бери келмайдиган шу ўқитувчилар учун бечора халқ куйиб пишганмиди? Шунча журналист ва блогерлар шуларни ҳуқуқини кўтариб чиққанмиди? Ўқитувчи, устоз, мураббий деган одам ярим кечаси итга ўхшаб, эшик тагида болаларни қопиб олиши учун шунча йил институт ва университетда ўқиганмиди? Ҳайф устоз деган ном. Давлат қилган зулмларга, сариқ чақага лойиқ одамлар экан.
Хуллас, чалғиб кетдим. Ўттизга яқин орган ходими атрофда турибди. Болаларни киргизмаслик билан эса асосан ўқитувчилар шуғулланяпти. Кўрсангиз жуда кулгули ва ачинарли манзара. Муаммо чиқса кейин орган ходимлари аралашяпти.
Боласини етаклаб келган оталар жойидан қимирламай, озгина ҳаққини талаб қилиб турса, бир дунё оломон йиғилади. Табиийки орган ходимлари буни исташмайди. Истаса истамаса киргизишга мажбур бўлади. Аммо йўқ. Оталар боласини ташлаб кириб кетяпти. Боласи йўқларни эса парвойига келмаяпти.
Орган ходими билан гаплашдим "Беш-олти йил қўйиб бердик Ҳеч қандай босим қилмадик. Ишимиз бўлмади. Буйруқ бўлмаса, совуқни кунида бизга ҳам зарурми?", деди. "Буйруқ экан тушундим. Юзингиздан бир чиройли йигит экансиз. Ота-онангиз, Бобо-бувингиз, қариндош-уруғингиз ичида намоз ўқийдиганлари бордир. Сиз ҳам ёшлигингизда масжидга кириб, таровиҳ ўқигандирсиз. Шу ишларинг тўғрими?", дедим. Ходим индамай юзини бурди.
Гапга ўқитувчи аралашиб:
- "Провокация қилманг. Болалар ўқишини ўқисин, эрталаб мактабга уҳлаб қоляпти", деди.
- Фарзандингиз борми?
- Бор.
- Нечанчи синфда ўқийди?
- Нимайди?
- Сизни болангиздан, мени болам ҳам диний, ҳам дунёвий тарафдан илмли эканлигига баҳс боғлаймиз. Розимисиз?
- .... Бу ишларни нима даҳли бор?
Яна бошқаси аралашди. На орган ходими билан, на ўқитувчи билан баҳсни охирига етказишга йўл қўйишмади. Орган ходимлари ўраб олди. Биттаси четга тортди.
"Бола бир четда ўтириб турсин. Сиз кириб намозни ўқиб чиқинг", деди. "Бир четда ўтирсин, аммо намоз ўқимасин-а?", деган саволимга ҳам жавоб бермади.
Хуллас, тушунтириш ишлари ва чиройли гап билан "угроза" лардан сўнг, хуфтонни ўқимай, бошқа ерга кетишга мажбур бўлдик.
Болаларни масжиддан тўсишга буйруқ берган, унга бўйсунган, ижро этаётган, қўллаётган, минбарда бўладими, кўчада бўладими барчасига ўзинг кифоя қилcин. Шу буйруқ асосида бир калима айтган, бир ишора қилганларни жаннатига киргизмасин.
Жамшид Бобобеков©️
👉
@MrAbrorov