#SHAVKATRAHMON
Ҳаёт бўлганларида бугун 72 ёшни қаршилар эдилар….
Дадамни ҳар доим ўжар Шоир деб ижодкор сифатида ёдга олишади. Бизнинг ҳотирамиздаги Шавкат Раҳмон эса меҳрибон ва хақиқий йўлбошчи (мотиватор) ўз шахсий намунаси билан ўрнак бўла олган инсондир.
5 синфда эдим... синф раҳбаримиз уй ишига иншо ёзишни буюрдилар мавзу эса “Ватан туйғуси”. Уйга бориб дадам ишдан келганида:
- Дада иншо ёзишга ёрдамлашворасизми, мен нима деб ёзишни билмаяпман.
дедим. Шунда Дадамдан қаттиқ койиш эшитдим:
- Иншода сен ўз фикрингни баён этишинг керак, мен сенга ёрдам берсам қандай қилиб ўқитувчингга “Иншо ёзиб келдим” дейсан. Ахир бу ёлғон бўлиб қоладику қизим, дедилар.
Индамай эшитдим. Койиганларига ўзлари ҳижолат бўлиб:
“ Ўзи нима мавзу экан?” деб сўраб қолдилар. “Ватан туйғуси” дедим мен. Улар индамай қўйдилар, бироздан сўнг Аямга куюниб гапириб кетдилар.
"Кичкина болада қандай қилиб ватан туйғуси тўғрисида тушунча бўлсин?! Ахир улар бу туйғуни чиндан, юракдан ҳис қила олишмаса, Ватанга бўлган ҳиссиётлари бўлмаса, нега буларни ҳозирдан ёлғон гапиришга ўргатишади", деб айтганларини четдан кузатиб турганман.
Эртаси куни эса мактабимиз директорига ҳам ўз позицияларини тушунтириб, болаларга тўғри ва эркин фикрлашни кичкиналигиданоқ ўргатиш муҳимлигини тушунтирдилар.
Биласизми оиламиздаги мана шу кичкинагина диалогдан мен бир нечта дарс олганман:
* Ватан бу муқаддас туйғу, унга муҳаббатни эса кичкинагина иншочалар билан ифода этиб бўлмаслигини
* Ҳамма катталар ҳам ақлли бўла олмаслигини, ҳақиқат учун курашиш муҳимлигини
* Ҳар бир ишга ўта масъулият билан, виждонан ёндошишни
* Ўз фикрига эга бўлиб, уни қўрқмасдан ифода этишни
* ва энг асосийси - фарзанд тақдирида ота-онанинг иштироки катта аҳамиятга эга эканлигини
Менинг ҳотираларимда эса шу каби суҳбатлар, ҳаётий вазиятлар кўп бўлган. Дадам бизга ҳаётга карашларимизни ўзларининг ҳақиқатпарвар, қўрқмас ва ўткир - “ёвга терс қарамайдиган" нигоҳлари орқали ўргатдилар.
Ота-онамиз ҳеч қачон бизни ўтириб олиб қулоғимиздан чўзиб тарбия қилмаганлар, балки, юқорида айтганимдек, ҳамиша шахсий намуна сифатида доим ўрнак бўлганлар. Уларнинг ҳар бир ҳаракатлари биз учун дарс бўлган. Ҳозир ҳам Дадамнинг шеърлари орқали, баъзи бир саволларимга жавоб оламан, илҳомбахш куч оламан.
Дадам қисқагина умр кечириб бетакрор ижоди, халқчиллиги билан ўқувчилар қалбидан чуқур жой олди, суврати, сийрати, поклиги билан одамларнинг меҳрини қозонди.
Биз Шавкат Раҳмондек теран фикрли, оилапарвар кучли шахснинг фарзандлари эканимиздан доим фахрланамиз.
Дадамни ёд этиб ёзган табрикларингиз учун миннатдормиз!
(C) Kamola Rahmonova