Бундай миллат ўлимга маҳкум аслида!* Бизга ҳаво ҳам ҳаром!
«Ҳаммага ҳалол, мусулмонга ҳаром»
Аҳмад деган киши Бурсада чашма қурдирди ва “«Ҳаммага ҳалол, мусулмонга ҳаром», деб ëздириб қўйди.
Аҳмадни тутиб, қозининг ëнига олиб келишди.
– Нега фитна чиқараяпсан? Аҳолиси мусулмон бўлган давлатда сен савоб учун чашма қурдирибсан, лекин чашмадан сув ичишни мусулмонларга таъқиқлаб қўйибсан. Эсинг жойидами? Нега бундай қилдинг? Қатлинг вожибдир, – деди қози.
– Сабабини фақатгина Султонимга айтаман, – деди Аҳмад.
Воқеа Султонга етиб борибди. Аҳмадни саройга келтиришди. Султоннинг жаҳли чиқди, аммо Аҳмад қилган ишнинг сабабини билгиси келди.
– Бу нимаси, чашма қурдирасан, ҳам «Ҳаммага ҳалол, мусулмонга ҳаром», деб ëздирасан?
– Далилим бор, аммо исбот талаб қилади, – деди Аҳмад.
– Агар сен айтаëтган далил қувватли бўлмаса-чи?
– Агар ундай бўлса, бошимни олишсин!
– Хўш?
– Султоним, яҳудийларнинг исталган бир ибодатхонасидан дуч келган раввинни ҳеч қандай тушунтиришларсиз олиб келишсин! Бир ҳафта қамоқда сақланг. Нималар бўлишини кўринг!
Аҳмаднинг айтганини қилишди. Камчилик бўлган яҳудийлар бирлашиб, «Нима бўлаяпти? Бу қандай зулм? Раввин учун биз кафилмиз. Нима қилиш керак бўлса, айтинглар, қиламиз. Унинг айби йўқ. Керак бўлса, пул тўлаймиз», деб чиқишди. Ҳатто қўшни давлатлардан элчилар келди, мактуб устига мактуб.
Бир ҳафтадан кейин Аҳмад:
– Султоним, энди раввинни қўйиб юбораверинг, - деди.
Раввин қўйиб юборишди, яҳудийлар хурсанд. Султонга ҳар қаердан ташаккурномалар, совғалар.
– Айни шу ишни ҳар қандай черковдан битта роҳибни олиб келиб қилинг! – деди Аҳмад.
Бир роҳибни ушлаб келишди. Роҳиб билан ҳам шундай ҳолат: талаблар, норозиликлар, бу нима зулм, дейишлар.
Бир ҳафтадан кейин роҳиб қўйиб юборилди. Хурсандчилик, султонга ташаккурнома ва совғалар.
– Султоним, пойтахт аҳли энг яхши кўрадиган олимни минбардан олиб келишсин, – деди Аҳмад.
Аҳмаднинг айтганини қилишди. Энг катта марказий масжиднинг имомини айни Жума хутбасининг ўртасида олиб кетишди. Бирор киши чиқиб, «Нима бўлаяпти? Нима қилаяпсизлар? Ҳеч бўлмаса, хутбани тугатгунча кутиб турсангизлар бўлмайдими?» деган гапни айтмади.
Орадан бир ҳафта ўтди. Имом қаерда, аҳволи нима бўлди, деб ҳеч ким келмади. Ҳамма хурсанд. Бунинг устига одамлар орасида қўлга олинган имом ҳақида миш-мишлар тарқаб кетди:
– Биз унинг аслида кимлигини билмасдан, имом деб юрган эканмиз.
– Ким билсин, қандай гуноҳ қилди экан, бу имом?
– Э, воҳ, шунча пайт билмасдан, орқасида намоз ўқиб юрган эканмиз.
Бўлиб ўтган воқеалардан Султон ҳам хабардор. У Аҳмаддан сўради:
– Хўш, нима қиламиз энди?
– Имомни қўйиб юборамиз ва ундан узр сўраймиз.
– Тўғри айтасан, – деди султон.
Имом қўйиб юборилди. Аҳмад Султонга қараб деди:
– Эй, Султоним, ўзингиз айтинг, бундай мусулмонларга сув ҳалол бўладими?
Султон аччиқ табассум қилиб, деди:
– Буларга нафақат сен қурдирган чашманинг суви, ҳатто, ҳаво ҳам ҳаром!
***
– Султоним, бир кишини рост сўзни айтгани учун 15 сутка зиндонга ташласалар-у, бутун бошли миллатдан бир киши "Ҳой, нима қилаяпсанлар?!" демаса, у миллатнинг ҳукми нима бўлади? – деб сўради Аҳмад ривоят тамом бўлгандан сўнг.
– Унақа миллат ўлимга маҳкум! – деди Султон. – Ундай миллат кўп ўтмай ер юзидан миллат сифатида йўқ бўлиб кетади!
БИЗГА ҲАВО ҲАМ ҲАРОМ!
Ё шундай эмасми, сиз нима дейсиз?
Soyadagilarga ham ulashing ❗️
📌 https://t.me/Soyadagi