"Ташриф буюрмадим”, шунчаки “келдим”
Хабар ва янгиликларни ўқиганда, телекўрсатувларни кўрганда энг тишга тегадиган иборалардан бири – “ташриф буюриш”. Дуч келган одамга нисбатан ўрни бўлса-бўлмаса ташриф буюрди, деб ишлатиб кетилаверади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ёзилишича, ташриф арабча сўз бўлиб, аслиятда ҳурмат, эҳтиром; улуғлаш, шарафлаш; маросим; марҳамат қилиб келиш маъноларига эга.
Ташриф ва шарафнинг ўзаги бир, ташриф буюриш шарафлантириш деганидир. Бу сўз ўзбек тилида юксак мартабали меҳмонлар, улуғ кишиларга нисбатан ишлатилади. Чунки уларнинг қадами биз учун шарафдир.
Масалан:
Юртимизга Малайзия Бош вазири ташриф буюрди.
Мактабимизга атоқли олим, академик Наим Каримов ташриф буюрди.
Ўзи ҳақида гапираётган киши ташриф буюрдим, дейиши эса мутлақо хато. Ҳатто у Бош вазир ёки академик бўлса ҳам. Бу қоида биринчи шахс кўпликка (ташриф буюрдик) ҳам тегишли. Чунки бундай ифода нокамтарлик, манманлик белгиси. “Мен борган эдим, қадамим етиб, ўша жой шарафланди”, дегандай гап. Масалан:
“Мен ўтган йили санаторийга ташриф буюрдим”, дейиш ўрнига: “Мен ўтган йили санаторийга бордим”
ёки
“Мана, ҳозир кўрсатувимиз қаҳрамонининг хонадонига ташриф буюрдик”, дейиш ўрнига: “Мана, ҳозир кўрсатувимиз қаҳрамонининг хонадонига кириб келдик”, деб гапириш тўғри, ўринли ва фаросатли кишига хос бўлади.
Энди бошқа бир ҳолатга эътибор қаратамиз. “Ташриф” сўзи феълсиз, якка ўзи қўлланадиган ўринлар бор. Масалан:
Ўтган йили сайт ташрифчилари сони сезиларли ошди.
Музейимизга умумий ташрифлар икки миллионтани ташкил этди.
Бу ўринда сўзнинг шарафлантириш маъноси йўқ. Ўзагида бор бўлса-да, жонли тилда ўша маъно йўқола борган (ташриф буюришда улуғворлик, юксаклик маъно қирраси бор). Шу сабабли сўзни бу ҳолатда ишлатишни хато эмас, дейиш мумкин. Агар кимдир шу сўзни қўллашни жуда истамаса, гапни таҳрир қилади:
Ўтган йили сайтга кирувчилар сони сезиларли ошди. (Масалан, менга мана шу вариант маъқул. Ифодаси ўзбекчароқ.)
Музейимизга келувчилар икки миллион кишига етди.
Муаллиф: Ориф Толиб