БОБУРМАН
Мирзо Карим
Шоҳман гадодан кўп, ғамга ботурман,
Қабримда ҳам юртга қараб ётурман.
Тожу тахтга тўйган, юртга тўймаган,
Икки дунё ичра дарди оғирман!
Ватан қадрин мендан сўранг, Бобурман!
Айрилсам бўлмасми танда жонимдан,
Айрилгунча она Андижонимдан,
Дилга не наф топдим, шунча шонимдан,
Тожмаҳал улуғмас, эски чодирдан!
Ватан қадрин мендан сўранг, Бобурман!
Ҳар ким ўз юртида, бекдир-тўралар,
Ҳинд атиргулидан, афзал шўралар,
Жайҳун узра гоҳ-гоҳ руҳим мўралар,
Соғинч азобини ҳамон тотурман!
Ватан қадрин мендан сўранг, Бобурман!
Ким айтди, тиғ тутиб, кўнгил чоғладим,
Ватан деб, байт битиб,
ярам боғладим,
Худо ҳохламади, беҳад ҳохладим,
Тақдирга тан бериб, тошдек қотурман!
Ватан қадрин мендан сўранг, Бобурман!
Ватан йўқ дунёда, Ватандан ўзга,
Тупроғи тўтиё, сурт элим кўзга,
Турон насибаси йўқ энди бизга!
Зурёд тўзган, қайда илдиз отурман!
Ватан қадрин мендан сўранг, Бобурман!
Аҳсикент кўчкисин кураб кўйинглар,
Отам қабрин гулга ўраб қўйинглар,
Мирзо, Бобур ҳолин сўраб қўйинглар,
Афғон қирларида бағрим ёқурман!
Ватан қадрин мендан сўранг, Бобурман!
http://T.me/mirzolarningmirzosi.
https://www.YouTube.com/channel/UCoRsvGN9EjQ5VZBL0iYEHQg.