🔴 🟦🟦🟦
❗️
“Мақсадим – инсонлар дардига дармон бўлиш”📃 Куни кеча Президентимиз жамият ҳаётида фаол бўлган 28 нафар хотин-қизни Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ушбу нуфузли мукофот совриндорлари орасида Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети 1-босқич талабаси Саида Абдуллаева ҳам бор.🧪 Қаҳрамонимиз 2007 йил Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган. Навоий шаҳридаги 11-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олган. Айнан шу ерда устози Сардор Самадов унинг кимё фанига бўлган қизиқишини сезиб, у билан кўпроқ шуғулланишга ҳаракат қилди.
👩🏻🔬 Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилингач, устози Моҳира Болтаева билан чуқурлаштирилган амалий машғулотлар сони янада ортди. Натижада Саида кимё оламига буткул шўнғиб кетди.
💬 — Атрофимиздаги барча нарса ва ҳодисаларга жавобни кимё орқали топиш мумкинлигини англаб етдим, — дейди у. — Қолаверса, бу йўлда ўзим учун жуда кўп нарсаларни кашф қилдим. Ҳар бир кимёгарнинг севимли жойи бу – лаборатория. Мен учун ҳам шундай. Тажрибаларим самарасини кўриб, хурсанд бўламан. Устозим Моҳира опа кимёни амалий томондан тушуниб етишимга кўмаклашди.
🥈Машғулотлар аста-секин ўз самарасини бера бошлади.
2023 йил Хива шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадасида 10-синф ўқувчиси бўлган Саида
кумуш медални қўлга киритди.🥇
2023/2024 ўқув йилида фан олимпиадасининг республика босқичида 1-ўринни эгаллади.🥉Ўтган йили эса Хитойнинг Шенжен шаҳрида ўтказилган
58-Халқаро Менделеев олимпиадаси (IMChO)да бронза медали соҳибаси бўлди.🥈Унинг
2024 йилда қўлга киритган йирик ютуқларидан яна бири Саудия Арабистонининг Ар Риёд шаҳрида 87 та давлат (340 нафар ўқувчи) иштирокида ўтказилган
56-Халқаро кимё олимпиадаси (IChO)да олган кумуш медали бўлди.
🏥 Эришган муваффақиятлари самараси ўлароқ, Саида Тошкент тиббиёт академиясига имтиёзли равишда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
Аслида кимё фани унга бошқа кўплаб касбларни эгаллаш учун имконият эшикларини очиши мумкин эди. Лекин у айнан шифокорликни танлади.💬 — Бундай қарорга келишимга ўз вақтида ҳамшира бўлиб ишлаган бувим сабабчи бўлганлар, — дейди Саида. — Улар болалигимдан тиббиёт ходимлари одамларнинг дардига дармон бўлишини кўп бор такрорлардилар. Энг катта орзулари — мени оқ халатда кўриш. Шу боис Тошкент тиббиёт академиясида ўқишга қарор қилдим.
🩺
Қаҳрамонимиз келажакда эндокринология йўналишида малакали шифокор бўлмоқчи. Саиданинг айтишича, бунга қандли диабет, қалқонсимон без касалликларининг бутун дунёда кенг тарқалаётгани ва одамлар улардан азият чекаётгани сабаб бўлди. Истаги — келгусида бу хасталикка чалинган инсонларнинг ҳаётини енгиллаштириш учун ечимлар топиш.📝 Ҳозирда Саида фан олимпиадаларига тайёрланаётган тенгдошларига яқиндан кўмак бермоқда. Бу орқали у ўзи каби яхши натижаларга эришган ёшлар сонини кўпайтиришни ният қилган.
💬 — Ушбу юксак мукофотга нафақат меҳнатим, балки давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга ўз иқтидоримизни намоён этиш ва чуқур билим олишимиз учун яратган имкониятлари, устозларим берган билимлар ва ота-онамнинг ишончи туфайли сазовор бўлдим, деб ҳисоблайман. Бунинг учун улардан чексиз миннатдорман. Қолаверса, бу – уларнинг ҳам ютуғидир, — дейди бўлажак шифокор.
✅ Айтиш лозимки,
Тошкент тиббиёт академиясида Саида каби улкан ютуқларга эришиб келаётган талабалар гуруҳлари тузилган бўлиб, улар бошқа ёшларни ҳам ортидан эргаштирмоқда. 📌 Унинг мақсади — бакалавриатни тамомлаб, магистратурани ривожланган чет давлатларда давом эттириш, уларнинг илғор тажрибаларини ўзлаштириб, Ўзбекистон тиббиётини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш.
✨
Биз эса мақсадлари аниқ ва улар сари дадил бораётган қизга муваффақиятлар тилаб қоламиз!
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
🌐@ssvuz | 🌐@ssvmatbuotkotibi |🌐 Facebook | 🌐Instagram