Postlar filtri


* Хотира шукуҳи

Лайло ШАРИПОВА:

Файзли ижод соҳиби


“Ижодда ҳам файз бўлиши мумкинми?” деган ўринли савол туғилади. Ҳа, файзли инсон ижод билан шуғулланса, бу файз ижодида ҳам ўз акси-ифодасини топар экан.
Бухорода туғилиб, шу улуғ тупроқда яшаб ижод қилган шоир Шариф Нурхонни халқ самимий, феъли тоза,қўли гул, миришкор боғбон, энг муҳими, қувваи ҳофизаси ўткир, салоҳиятли шоир сифатида хотирлайди. Шу сабабли бўлса керак, шоирнинг ижоди анча-мунча тадқиқ этилган. Улар орасида шоир ижодини атрофлича ўрганган ва шоир ҳақида ёзилган барча мақолалар манбаини кўрсатган олим – Охунжон Сафаров тадқиқотлари жуда муҳим. Фольклоршунос, адабиётшунос олимнинг “Боғбон шоирнинг шеърий чорбоғи” рисоласи аслида кичик адабий портретдир...

Тўлиқ ўқиш

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Шукуҳ

Лайло ШАРИПОВА:

МУАЛЛИФИ СИНГАРИ ДИЛБАР ШЕЪРЛАР

Бухоролик шоира, устоз Гулчеҳра Жўраеванинг “Сени севаман, ҳаёт” сайланмаларини варақлаб туриб қуйидаги сатрларни ўқийман: 

Қалбим қирғоқда қолди,
Қалбим йироқда қолди,
Қалбим фироқда қолди.


Шу уч сатрда товуш такрори – тавзеъ, тарсеъ, мувозана, радд ул-ибтидо – анафора каби бадиий санъатлар қўлланган. Бу шоиранинг маҳоратига далилдир. Мумтоз адабиётда қўлланадиган радд ул матлаъ санъатини бармоқ вазнига мослаб, шоира дастлабки бандни такрор келтиради. Биринчи ва охирги банд сатрлари бир хил, аммо ўринлари алмаштирилган:

Қалбим фироқда қолди,
Қалбим йироқда қолди,
Қалбим қирғоқда қолди...


Тўлиқ ўқиш

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Хотира шукуҳи

Лайло ШАРИПОВА:

ГЎЗАЛ, БЕТАКРОР ШЕЪРИЯТ


Устоз Садриддин Салим Бухорий ижодида сўз нон каби, жон каби эҳтиром этилади. Шоир сўзни қанотга, Ғиркўк отга, саботга, ҳаётга менгзайди:

Сўз қанотга айланди,
Кўкни қучмоқда қўшиқ.
Сўз саботга айланди,
Малаклар унга ошиқ.


Устоз шоирликни ўта улуғ, ўта масъулиятли тақдир деб билди ва бунга бутун умри, ижоди давомида амал қилиб яшади. Шу сабаб у “Ҳар бир ғунча аввал менинг юрагимда гуллайди”, “Тонгда қуёш аввал менинг юрагимда сўйлайди”, “Тонгда олам аввал менинг юрагимда куйлайди”, “Мен шоирман, онажон”, – дея ҳаяжонини ифодалаш орқали шоирга таъриф беради. Сўз ҳарфлардан ташкил топар экан, “Хат” шеърида Садриддин Салим Бухорий “Ҳарфлар миллат хотирасидир” деб ёзади. “Ҳарф”ни кўп маъноли сўз сифатида ажойиб тарзда жонлантиради. Шоир назарида “замин ҳарфлари – дарахтлар”, “осмон ҳарфлари – юлдузлар”...

Тўлиқ ўқиш

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Онлайн тақдимот

ХОТИРА ҚУТИСИ

“Муаллимнинг сўзлари”, “Насабнома” китоблари муаллифи, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Ҳаким Тоҳиров – Шофирконнинг Додбоғни қишлоғидан. У ўзи туғилиб-ўсган, ҳаётининг бирда ширин, бирда аччиқ дамлари – ибратга йўғрилган лаҳзалари кечган қишлоғини, унинг тарихи, табиати ва халқини яхши кўради. Сўзбошида қайд этилганидек, “Биргина шу қишлоқдан олтмиш нафар навқирон йигит урушга отланган бўлса, уларнинг ўттиз тўрт нафари бегона тупроқларда мардларча ҳалок бўлган бўлса, бу қишлоқ билан, унинг одамлари билан фахрланмай бўладими?..”
Дарҳақиқат, фахрий ўқитувчининг “Дурдона” нашриёти рухсати билан чоп этилган навбатдаги китобида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ҳаёти ва жасорати билан боғлиқ лавҳалар жамланган.
Китоб ўз ўқувчисини яқин тарихимизга кўнгил кўзи билан назар солишга ва ибратли хулосалар чиқаришга ундаши шубҳасиз.

Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи – Шодмон СУЛАЙМОН

Муҳаррир – Азим ҚАЛАНДАРОВ

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Хотира боқийдир, қадр – муқаддас!

Бухоро давлат педагогика институтида ўзбек халқ оғзаки ижоди, болалар фольклори ва адабиёти соҳасида бебаҳо илмий мерос қолдирган йирик фольклоршунос, филология фанлари доктори, профессор Охунжон Сафаров номидаги ўқув хонаси очилди.
Унинг очилишига бағишланган тадбир тафсилотлари – вилоят телерадиоканалининг “Диёр янгиликлари” информацион дастури нигоҳида.

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


ЯХШИ ОДАМЛАРНИ ЭСЛАЙВЕРАМИЗ...

🎙Салоҳиддин ФАЙЗИЕВ

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Вилоят телерадиоканали "Ёднома" туркуми остида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва журналист Ғулом Шомурод хотирасига бағишланган кўрсатувни тақдим этади.

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Хотира ёлқини

ШЕЪРИЯТ ШАЙДОЛАРИ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Инсоний фазилатлари, самимий сатрлари билан замондошлари хотирасидан ўрин олган шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз Ғулом Шомурод умрининг сўнгги кунларида ҳам сермаҳсул ижод қилди, улуғларнинг маънавий дунёси, инсоний фазилатларини очиб беришга интилди.
Жондор туманидаги мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбир айни шундай шеърлардан таркиб топган ва шоирнинг яқинлари томонидан чоп эттирилган “Буюклар қадри” китоби асосида, туман ҳокимлиги ва “Тong yulduzi” газетаси ҳамкорлигида, республикадаги умумтаълим ҳамда ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш мақсадида ташкил этилди.
Кечада шоир-ёзувчилар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, адибнинг оила аъзолари ва танлов иштирокчилари жам бўлди.
Жараёнда шоирнинг бадиий маҳорати, инсоний фазилатлари ёдга олинди, шеърлари янгради.
Якунда танлов ғолиблари рағбатлантирилди.

Уланиш учун: https://t.me/ijod_bustoni


* Болалар дунёси

ЁМҒИР ЁҒДИ

Ёмғир ёғди дув-дув,
Текин бўлди сув-сув.
Иркит юрган Ноижон,
Қўл-бетингни юв-юв!
Ёмғир ёғди дув-дув,
Норжон бўлди тоза.
Ўртоқлари хурсанд –
Қаранг, қандай соз-а.
Тарновчадан сувлар
Оқиб тушди шув-шув.
Ўйнаб қолди жилға,
Орқасидан қув-қув.
Ёмғир ёғгач дув-дув,
Ер-кўк кетди яйраб.
Шамол эсгач ғув-ғув,
Қушлар чиқди сайраб.

АЙИҚПОЛВОН

Айиқполвон ўйин тушар,
Авжда чапак, қийқириқ.
Олқишлардан қалби жўшар,
Қилар яна минг қилиқ.
Нағма қилиб эгасига –
Қараб қўяр қайрилиб.
Бир жуфтгина оппоқ қанддан
Қолмайин деб айрилиб.

ШЎРДАНАК

Шўрданагим, шўрданак,
Қандай эдинг зўр данак.
Зўрман, дединг чақдилар,
Сен ўзингдан кўр, данак.

Сафар БАРНОЕВ

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган республика ёш ижодкорлари анъанавий Зомин семинарининг Бухоро ҳамда Навоий вилоятлари ёшлари иштирокидаги ҳудудий саралаш босқичи – вилоят телерадиокомпаниясининг “Диёр янгиликлари” ахборот дастури нигоҳида.

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Эътироф

Ўзбек китобхонини дунё шоиру ёзувчиларининг юксак асарлари билан меҳмон қилаётган “Жаҳон адабиёти” журнали дастурхонига қўйилган бухоролик шоирамиз Ибодат Ражабаванинг “Бу бешикни тебратган момом” гулдастасидан ҳайратга тушмай иложингиз йўқ. Бетакрор шоиранинг бетакрор ташбеҳлари, нигоҳи тушган нарсага хаёлингизга келмайдиган жонлантиришлар бахш этиши, сўз бойлиги, кўз олдингизга фавқулодда суратларни пайдо қилиши, оҳангларнинг шаддодлиги ва дарвешоналиги руҳингизни эгаллаб олади. Бу дунёни “Бухоронинг кўзлари билан” сиз ҳам кузатасиз:

Бухорони айланиб чиқдим,
Дарахтлари елкамда юрди.
Қушлар менга шамшод шохида
Майсалардан шабпаноҳ қурди.

(“Синглимга хат” шеъридан)

* * *
Қумриларнинг қафаси синди,
Ҳаққушларнинг қаноти менда.
Ҳафта ўн кун ой шимиб ётдим,
Тўмариснинг жанггоҳларида...

(“Қумриларнинг қафаси синди” шеъридан)

Азиз САИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Уланиш учун:
https://t.me/Buxoro_adiblari


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
ИФТИХОР

Биздами айб, минг бир дардга дармон бўлсак,
Осмон илмин айвонида ўзбек турса.
Иймон, мардлик, ор-номусу виждон бўлсак,
Не бўлибди бутун дунё ўзбек бўлса?!

Шодмон СУЛАЙМОН

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Онлайн тақдимот

ИБТИДО ВА ИНТИҲО

Таниқли адиб Жўра Фозилнинг Тошкентдаги “IJOD-PRESS” нашриётида яқинда чоп этилган мазкур китобидан унинг “Ибтидо ва интиҳо” тарихий қиссаси, “Айрилиқ остонаси” тарихий романи ҳамда “Саҳродаги ёлғиз дарахт” эссеси ўрин олган.

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


БУХОРОЙИ ШАРИФ

Биродарим Шодмон Сулаймонга!

“Бисмиллоҳ”сиз бул майдонга кириб бўлмас,
Яратгандан изн бўлмай юриб бўлмас,
Пайғамбарнинг меросхўри – олимлардир,
Бориб бўлмас, ўз-ўзича бориб бўмас!

“Ла илоҳо иллоллоҳ”нинг ўзи амр,
Эй йўлдошим, Сиротда ҳам қилгил сабр,
У бепоён – қуш кўзича бўлмас Кабир*,
Ихтиёринг қўлдан кетган – тўриб** бўлмас.

Самовотдан кўрингувчи манзилларим,
Ер остидан дуо берган азизларим,
Тушида ҳам, ўнгида ҳам из изларим,
Бухорога таҳоратсиз кириб бўлмас!

Бу манзилда қарийб уч минг пирлар ўтган,
Хизр билан суҳбатлашган зўрлар ўтган,
Ер остига тоғлар ўтган, қирлар ўтган,
Бухорога таҳоратсиз кириб бўлмас!

Ҳар бирининг карвонлари бир шаҳардир,
Етти пирим коинотдан бир назардир,
Хушхабардир, эси борга хушхабардир,
Бухорога таҳоратсиз кириб бўлсмас!

Ибн Сино сўзларидан шифо топдим,
Ал-Бухорий ҳадис тизди – маъно топдим,
Балогардон ҳазратимдан даво топдим,
Бухорога таҳоратсиз кириб бўлмас!

“Бисмиллоҳ”сиз бу бу манзилда юриб бўлмас,
Худойимдан амр бўлмай туриб бўлмас,
Охирзамон Пайғамбарин эсга олмай,
Бухорога таҳоратсиз кириб бўлмас!
Бухорода таҳоратсиз юриб бўлмас!

----------------------------------------------
* Кабир – саҳройи Кабир назарда тутилган.
** тўриб – шевада, кезиб маъносида.

Шодмонқул САЛОМ

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Онлайн тақдимот

БУХОРО МАЛИКАСИ

Бухоролик таниқли адиб ва таржимон Жўра Фозилнинг Тошкентдаги “IJOD-PRESS” нашриётида яқинда чоп этилган мазкур китобидан унинг “Бухоро маликаси” ва “Қизил қуюн” тарихий қиссалари, “Ўзга боғнинг олмаси”, “Куздек паришон баҳор”, “Етим сайёра ёхуд мангу қўшиқ”, “Севиш ҳуқуқи”, “Уйқудаги дунё” ҳикоялари ўрин олган.

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


* Онлайн тақдимот

ЎТМАГАН КУНЛАР

Таниқли ёзувчи, шоир ва драматург Абдунаби Ҳамро ўзининг навбатдаги китобини адабиёт ихлосмандларига армуғон этди. Тошкентдаги “IJOD-PRESS” нашриёти рухсати билан 3000 нусхада чоп этилган мазкур тўплам “Ўтмаган кунлар” деб номланган бўлиб, ундан адибнинг “Ўтмаган кунлар” ҳамда “Менинг исмим – Ҳақиқат” романлари ўрин олган.
Китобхон романлар мутолааси асносида қаҳрамонларнинг мураккаб, айни пайтда ғаройиб ҳаёт йўлига назар солади, ўзи учун тегишли хулосалар чиқаради.

Уланиш учун:
https://t.me/Buxoro_adiblari


Тадбир тафсилотлари суратларда.

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari


УЛУҒ АДИБ ХОТИРЛАНДИ

Ғиждувон тумани Соктаре қишлоғида жойлашган Садриддин Айний уй-музейида адабий-маърифий тадбир ва сайёр дарс ташкил қилинди.

Икки жондош ва қондош халқнинг ардоқли фарзанди, ўзбек ва тожик адабиётининг атоқли вакили, ёзувчи, шоир, таржимон, адабиётшунос, тарихшунос, тилшунос – қомусий билим соҳиби Садриддин Айний таваллудининг 147 йиллиги муносабати билан Бухоро давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси профессорлари Дармоной Ўраева, Дилрабо Қувватова, доцент Нафосат Ўроқова ҳамда Навоий давлат университети доценти, филология фанлари доктори Гулчеҳра Болтаевалар ташаббуси асосида ўтказилган тадбирда филология факультети ўзбек ҳамда тожик тили таълим йўналишлари талабалари иштирок этишди.
Тадбир қатнашчилари Айний қадамжоларида бўлиб, улуғ адиб ҳаёти, ижоди ва серқирра фаолияти билан танишдилар. Айниқса, бу борада музей ходимаси Робия Сайфуллаева берган маълумотлар муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирлар Соктареда жойлашган университет сиртқи бўлими фаоллар залида ҳамда 4-сонли умумтаълим мактабида давом этди. Туман фаоллари, нуронийлар, нафақадаги устозлар қатнашган адабий-маърифий кечада ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ҳузуридаги “Ниҳол” адабий тўгараги аъзолари томонидан улуғ ижодкор шеърлари ва асарларидан саҳна кўринишлари ўзбек ва тожик тилларида ижро этилди. Мутахассислар Садриддин Айний қолдирган бой адабий мерос хусусидаги мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.
Мулоқот давомида факультет профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан таъсис этилган ва даврийлиги таъминланаётган “Айний ворислари” журналининг навбатдаги сони мундарижаси таништирилиб, иштирокчилар ва мактаб кутубхонасига журнал нусхалари тақдим этилди.
Илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш мақсадида “жадвалдан ташқари дарс” шаклида ташкил этилган ноанъанавий машғулот барчада илиқ таассурот қолдирди.

Асал ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Бухоро давлат университети талабаси

Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari

19 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.