Мадаминбек русларга қарши курашмаган!
"Мадаминбек. Қонли гуллар водийси" романи эълон қилинганидан сўнг турли саволлар берила бошланди: "Мадаминбек роса русларни қийратган экан!" "Қўрбошилар русларни енгай деб туришганда бўлиниб кетишган эканда!.."
Ўша давр воқеаларини ўзбек ва рус, мусулмон ва насоро қарама-қаршилиги сифатида баҳолаш ўта мантиқсизлик, ҳам илмсизлик.
Нима учун?
Биринчидан, бу ҳаракат руслар ёки европаликларга (ўша вақтда Туркистонда чех, словак, немис, венгер, поляк каби) қарши бўлмаган. Бу миллий-истиқлолчилик кураши эди. Бундан ташқари, Мадаминбек штабида қирққа яқин рус зобити хизмат қилган, армиясини жангларга тайёрлаган. Улар орасида энг машҳурлари Никольский, ака-ука Ситняковскийлар, Лазаревич, Корнилов... Рўйхат жуда узун.
1918 йил мартида Мадаминбек Туркистон халқларига мурожаатнома йўллайди. Унда большевикларга қарши бўлганлар, миллати, дини, ирқидан қатъий назар мусулмон қўрбошилар ҳимоясида бўлиши айтилади. Шу мурожаатномадан сўнг кўплаб насронийлар, черков хизматчилари Мадаминбек ҳимоясида бўлишни афзал билишади. Большевикларнинг диний сиёсатдаги ишлари ҳаммамизга маълум.
1918 йил кузида адмирал Колчакнинг элчилари Мадаминбек ҳузурига келишади ва унга рус армияси полковниги унвонини беришади. Адмирал Колчакнинг ўзи Россияда большевикларга қарши кураш олиб бораётган қўмондон эди.
1919 йил сентябрида Мадаминбек Ўш ва Жалолобод шаҳрида яшаётган Рус-Крестян армияси қўмондонлари, генерал Алексеев ва полковник Монстровлар билан ҳарбий иттифоқ тузади. Бу иттифоқ бир муддат шўроларга қарши муваффақиятли урушлар олиб боради.
Россияда, "оқлар" ва "қизиллар" курашганидек, ғоялар жанги ҳам эди.
Ушбу тарихий ҳақиқатларнинг ўзиёқ Мадаминбек русларга эмас, балки тузумга, мустамлакачилик сиёсатига қарши бўлганини кўрсатади. Ва унинг қўшинидаги руслар Мадаминбек ўлдирилгунича унга хизмат қилишади. Фарғонадаги аксарият руслар Мадаминбекни тан олишади...
@Tarix_va_Tahlil