Ўткир Раҳмат I O'tkir Rahmat


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Kitoblar


Ушбу каналда таниқли шоир, моҳир публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳматнинг шеърлари, мақолалари, таржималари, эсдаликлари ва фикр-мулоҳазалари билан танишиб борасиз!
Ҳамиша биз билан бўлинг!

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Сониялар қучоғида
Вақт дўстингми, ё душман,
Муҳаббатми бу очунда
Инсон истар ҳуррият.
Барқ ургунча соф орзулар
Бунёд этади гулшан,
Осмону фалак томон
Учаверар руҳият.


#Кўнгил_хиёбони | @Otkir_Rahmat


RUHIYATIM HАVOLАNАR...

Shabnamdan ham qizgʼonaman
Kulib turibsan gulim,
Hali gʼubor tishlamagan
Yuzingda sehr-u jodu.
Shoshgandan soʼz aytolmayin
Аylanadi oh tilim,
Yoningga qaytolmayman
Koʼksimdan boʼgʼar ogʼu.

Bu bokira,
Shaffof dunyo
Qoʼyniga choʼkayapman,
Nafaslarim biram yengil
Huzur berar bu orom.
Аytilmagan dardlarimni
Shivirlab toʼkayapman,
Ruhiyatim havolanar
Topib seni dilorom!

Bu olamning tashvishlari
Yoqangdan olib toʼymas,
Tegrangda mijgʼovlanib
Yurar allanarsalar.
Quvonch kulib qarshi olsa,
Qaygʼu seni tinch qoʼymas,
Tutab ketar shodligingni
Hasadgoʼylar koʼrsalar.

Goh ezilib,
Qiyqirib goh,
Toʼlqin urar hayajon,
Quchogʼida bu umrning
Quchib baland-pastidan.
Shomga botib tongda yana
Pok umidlar sogʼ-omon,
Soyasida asrar meni
Nomardlarning dastidan.

Gʼalvalar ham puch yongʼoqday
Xayolingni boʼladi,
Umid bilan kutganlaring
Аylanadi sarobga.
Oʼksik diling qiynalib goh
Zardoblarga toʼladi,
Hayot asli oʼxshar ekan
Oʼqilmagan kitobga.

Gard inmagan bokira qalb,
Qaydan keldi dunyoga,
Gʼuborlardan xoli olam
Ohanrabo,
Maftunkor.
Mavjlari ham sir bermas jim,
Qiyoslanar daryoga,
Yoʼldan urib yana paydo
Boʼlmasmikan bir makkor.

Qaerlarga olib ketar
Bu umrning yoʼllari,
Qay manzilda yechiladi
Tugunlari taqdirning.
Oʼtgan har yoʼlovchining
Ochiq ketar qoʼllari,
Yetolmayin hech soʼngiga
Manguga qolgan sirning.

Soniyalar quchogʼida
Vaqt doʼstingmi, yo dushman,
Muhabbatmi bu ochunda
Inson istar hurriyat.
Barq urguncha sof orzular
Bunyod etadi gulshan,
Osmon-u falak tomon
Uchaverar ruhiyat.

© Oʼtkir Rahmat

#Кўнгил_хиёбони | @Otkir_Rahmat


РУҲИЯТИМ ҲАВОЛАНАР...

Шабнамдан ҳам қизғонаман
Кулиб турибсан гулим,
Ҳали ғубор тишламаган
Юзингда сеҳру жоду.
Шошгандан сўз айтолмайин
Айланади оҳ тилим,
Ёнингга қайтолмайман
Кўксимдан бўғар оғу.

Бу бокира,
Шаффоф дунё
Қўйнига чўкаяпман,
Нафасларим бирам енгил
Ҳузур берар бу ором.
Айтилмаган дардларимни
Шивирлаб тўкаяпман,
Руҳиятим ҳаволанар
Топиб сени дилором!

Бу оламнинг ташвишлари
Ёқангдан олиб тўймас,
Тегрангда мижғовланиб
Юрар алланарсалар.
Қувонч кулиб қарши олса,
Қайғу сени тинч қўймас,
Тутаб кетар шодлигингни
Ҳасадгўйлар кўрсалар.

Гоҳ эзилиб,
Қийқириб гоҳ,
Тўлқин урар ҳаяжон,
Қучоғида бу умрнинг
Қучиб баланд-пастидан.
Шомга ботиб тонгда яна
Пок умидлар соғ-омон,
Соясида асрар мени
Номардларнинг дастидан.

Ғалвалар ҳам пуч ёнғоқдай
Хаёлингни бўлади,
Умид билан кутганларинг
Айланади саробга.
Ўксик дилинг қийналиб гоҳ
Зардобларга тўлади,
Ҳаёт асли ўхшар экан
Ўқилмаган китобга.

Гард инмаган бокира қалб,
Қайдан келди дунёга,
Ғуборлардан холи олам
Оҳанрабо,
Мафтункор.
Мавжлари ҳам сир бермас жим,
Қиёсланар дарёга,
Йўлдан уриб яна пайдо
Бўлмасмикан бир маккор.

Қаерларга олиб кетар
Бу умрнинг йўллари,
Қай манзилда ечилади
Тугунлари тақдирнинг.
Ўтган ҳар йўловчининг
Очиқ кетар қўллари,
Етолмайин ҳеч сўнгига
Мангуга қолган сирнинг.

Сониялар қучоғида
Вақт дўстингми, ё душман,
Муҳаббатми бу очунда
Инсон истар ҳуррият.
Барқ ургунча соф орзулар
Бунёд этади гулшан,
Осмону фалак томон
Учаверар руҳият.

© Ўткир Раҳмат

#Кўнгил_хиёбони | @Otkir_Rahmat


Қизғанма, ҳавонинг йўлини тўсма,
Ахир у ҳаммага етар бемалол.
Мендан ҳайиқмагин, мен сенга дўстман,
Ундан кўра боргил тўйиб нафас ол...



#Кўнгил_хиёбони | @Otkir_Rahmat


BАHORIM USTIGА YOGʼDIRMАGIN QOR...

Mendan qizgʼanmagin axir havoni,
Koʼnglingni kengroq qil, olayin nafas.
Hali sen bilmaysan u bevafoni,
Vaqti kelganida hech ham ayamas.

Аnavi chaman-u kenglikda shodon,
Entikib kezguvchi odamlarga boq.
Yashasa ne ajab ular sogʼ-omon,
Kulfat-u gʼamlardan olis va yiroq...

Kimga ilhom bergan, kimgadir quvvat,
Kimningdir umrini choʼzgan u kunlar.
Sen madad yoʼlini toʼsmagin faqat,
Oʼtsa ham oshiqib kunduz-u tunlar.

Sen toʼsiq boʼlmagin,
Tila sof niyat,
Ul inja qalblarga yetkazma ozor.
Ne boʼlsa borini toʼkadi hayot,
Qish ketgach, ortidan yuz ochar bahor.

Bogʼlarga nazar sol –
Daraxt yozgan barg,
Borliq ham yashnaydi olgancha bahra.
Toʼyguncha simirsang havoni begard,
Qarshingda jonlanar ming gul, ming chehra...

Bu dunyo moʼjiza, goʼzal javohir,
Odamzod aqlini shoshirgan sir bu.
Gohida quvonchlar, gohi xavotir,
Аjdodlar bizlarga oshirgan sir bu.

Zarradan togʼ qadar maftun va bedor,
Butun borliq aro sep yoygan havas.
Koʼksini toʼldirib yashar beozor,
Dunyo bir maromda olar hur nafas.

Bu Haqning har jonga cheksiz mehridir,
Shu alfoz gurkirab yozadi qanot.
Goʼzal tabiatning ajib sehridir,
Har qadam boʼlajak chamanzor bunyod.

Qizgʼanmoq ne kerak,
Аyt ne muddao,
Nahotki shu bilan boʼlsang baxtiyor?!
Borligʼing ichida hasad etib jo,
Bahorim ustiga yogʼdirmagin qor.

Besh kunlik dunyoning sinovlari koʼp,
Ne zotlar koʼksini toʼldirgan havo.
Shu bois yashashdan rozi boʼlgan xoʼp,
Soʼnggi dam zarracha boʼlmagan daʼvo.

...Ingragan, oh chekib aylagan faryod,
Soʼnggi damda havo yetib kelmagan.
Har tomon koʼz tikib, aylagan imdod,
Havodan ham ortiq neʼmat boʼlmagan...

Qizgʼanma, havoning yoʼlini toʼsma,
Аxir u hammaga yetar bemalol.
Mendan hayiqmagin, men senga doʼstman,
Undan koʼra borgil toʼyib nafas ol...

Ey doʼst, qizgʼanmagin mendan havoni...

© Oʼtkir Rahmat

#Koʼngil_xiyoboni | @Otkir_Rahmat


БАҲОРИМ УСТИГА ЁҒДИРМАГИН ҚОР...

Мендан қизғанмагин ахир ҳавони,
Кўнглингни кенгроқ қил, олайин нафас.
Ҳали сен билмайсан у бевафони,
Вақти келганида ҳеч ҳам аямас.

Анави чаману кенгликда шодон,
Энтикиб кезгувчи одамларга боқ.
Яшаса не ажаб улар соғ-омон,
Кулфату ғамлардан олис ва йироқ...

Кимга илҳом берган, кимгадир қувват,
Кимнингдир умрини чўзган у кунлар.
Сен мадад йўлини тўсмагин фақат,
Ўтса ҳам ошиқиб кундузу тунлар.

Сен тўсиқ бўлмагин,
Тила соф ният,
Ул инжа қалбларга етказма озор.
Не бўлса борини тўкади ҳаёт,
Қиш кетгач, ортидан юз очар баҳор.

Боғларга назар сол –
Дарахт ёзган барг,
Борлиқ ҳам яшнайди олганча баҳра.
Тўйгунча симирсанг ҳавони бегард,
Қаршингда жонланар минг гул, минг чеҳра...

Бу дунё мўъжиза, гўзал жавоҳир,
Одамзод ақлини шоширган сир бу.
Гоҳида қувончлар, гоҳи хавотир,
Аждодлар бизларга оширган сир бу.

Заррадан тоғ қадар мафтун ва бедор,
Бутун борлиқ аро сеп ёйган ҳавас.
Кўксини тўлдириб яшар беозор,
Дунё бир маромда олар ҳур нафас.

Бу Ҳақнинг ҳар жонга чексиз меҳридир,
Шу алфоз гуркираб ёзади қанот.
Гўзал табиатнинг ажиб сеҳридир,
Ҳар қадам бўлажак чаманзор бунёд.

Қизғанмоқ не керак,
Айт не муддао,
Наҳотки шу билан бўлсанг бахтиёр?!
Борлиғинг ичида ҳасад этиб жо,
Баҳорим устига ёғдирмагин қор.

Беш кунлик дунёнинг синовлари кўп,
Не зотлар кўксини тўлдирган ҳаво.
Шу боис яшашдан рози бўлган хўп,
Сўнгги дам заррача бўлмаган даъво.

...Инграган, оҳ чекиб айлаган фарёд,
Сўнгги дамда ҳаво етиб келмаган.
Ҳар томон кўз тикиб, айлаган имдод,
Ҳаводан ҳам ортиқ неъмат бўлмаган...

Қизғанма, ҳавонинг йўлини тўсма,
Ахир у ҳаммага етар бемалол.
Мендан ҳайиқмагин, мен сенга дўстман,
Ундан кўра боргил тўйиб нафас ол...

Эй дўст, қизғанмагин мендан ҳавони...

© Ўткир Раҳмат

#Кўнгил_хиёбони | @Otkir_Rahmat


Бу боққа кўз ташлаб шодландим беҳад,
Елкасин елкага тутиб турарди.
Бу жойда яшнамоқ руҳи бор фақат,
Эзгулик ел каби кезиб юрарди...


#Хаёлот_сўқмоқларида | @Otkir_Rahmat


Кўплаб шеърият ихлосмандларининг илтимосига биноан ўқилиши қулай бўлиши учун "Бу боғ ичра..." шеърини матн ҳолатида ҳам ҳавола этмоқдамиз.


БУ БОҒ ИЧРА…

Нурлар оғушида яйраб кетди боғ,
Шивирлар япроқлар сабо-ла зимдан.
Дилрабо ҳавоси дилни этиб чоғ,
Борини аямас асло ҳеч кимдан...

Гуркираб ич-ичдан яшнаган маскан,
Тўрт фасл ўзини мардона тутиб.
Гоҳида шамолу тўфонлар эсган,
Уларни бўлурми ахир унутиб...

Қадимий тупроқда қадимий илдиз,
Вужуди чирмашиб кетгандир ерга.
Айрилмас бир умр кечаю кундуз,
Йилларни узатиб яшайди бирга...

Бу боққа кўз ташлаб шодландим беҳад,
Елкасин елкага тутиб турарди.
Бу жойда яшнамоқ руҳи бор фақат,
Эзгулик ел каби кезиб юрарди...

Воажаб, кузатдим ажиб ҳолатни,
Дов-дарахт ногоҳон бошлади мажлис.
Унутиб бир зумда вақту соатни,
Таклифу тортишув олди қизғин тус...

Энг аввало чинор айтди шундай гап,
У жойга арзир, деб серҳосил ўрик.
Қўйинглар, деди у, мендан келмас наф,
Мевалар бермасам бўлар нонкўрлик.

Кимдир номин айтди олма дарахтин,
Деб уни беозор, ҳосили тўкин.
Ҳеч қачон бузмаган у берган аҳдин,
Ҳар доим кўтарган ўзининг юкин...

Кимдир гилос деди, ёнғоқни кимдир,
Анору шафтоли қолмади тилдан.
Барибир номзодлар сўз айтмай жимдир,
Неларни ўйлашар яна кўнгилдан...

Дарахтлар суҳбати кўп этди давом,
Ҳар бири эринмай айтди бир-бир сўз.
Кимгадир ёқмади, кимни айлаб ром,
Маҳлиё боқарди эринмайин Куз.

Кўпни кўрган чинор боқди эгилиб,
Ҳайрату ҳавасдан эди у қувноқ.
Азизлар, деди у қалбингиз билиб,
Мамнунман!
Ғамхўрсиз яшнамайди боғ!

Қайрағоч фикрига қўшилдим мен ҳам,
Бу қадим жой қолган мерос бизларга.
Қувончу шодликни кўрганмиз баҳам,
Ҳаммаси аёндир дўстлар, сизларга.

Настарин, арчанинг сўзида жон бор,
Гулларнинг таклифи тоза ва хушрўй.
Не бўлса барини этдингиз изҳор,
Ниятлар покиза, бунчалар хушбўй.

Айтилган ҳар калом пурмаъно бирам,
Чидаган сабримиз очу тўқликка.
Гарчи, бу бўлса-да ҳур боғи эрам,
Ҳеч ким устун эмас мулки борлиққа...

Бу сўзни қайсидир гул айтди секин,
У бир райҳонмиди ёки атиргул.
Ҳаммасидан гумон қилманглар, тағин,
Сўзлаган гул эмас, балки у булбул...

Сездим бойчечак ҳам қўшилди аста,
Деди у лаҳзада ўтади даврон.
Боғимиз ҳеч қачон бўлмас шикаста,
Бўлса ёнимизда бир дўст меҳрибон.

Шундай бўлсинки у — ҳаммадан доно,
Эзгу амаллари кўкни бўйлаган.
Бўлсин ишидаю сўзида маъно,
Шунда қисмат бизни албат сийлагай.

Боққа меҳр берсин, шаън, шодон бўлсин,
Кечаю кундуз у турсин ёнма-ён.
Иссиғу совуқда биз томон бўлсин,
Мақсадга етказсин бўлиб соғ-омон.

Баҳсга нуқта қўйди митти бойчечак...
Унгурларда нафас ростлади шамол.
Тебранмасдан қотиб турарди терак,
Чинор ҳам бу ҳолдан қолган эди лол.

Ва бирдан сўзини бошлаб қолди у:
“Минг раҳмат барчага, фикрингиз тўғри.
Бўлсин десак агар бу гулшан мангу,
Ҳар бир дарахт бўлсин унинг қалб-қўри.

Эзгу ниятларни қилиб ҳимоя,
Ҳар бирига зафар тиласак бу он.
Ширин мева берсин ва ёки соя,
Ўз ишида бўлсин собит, фидожон.

Бу боғ ичра, билинг, ҳар бирин, ахир
Адо этилажак ўз юмуши бор.
Мен беҳад шодланиб турибман ҳозир,
Яширмай борини этдингиз изҳор.

Тилга олдингиз-ку менинг номим ҳам,
Ташаккур, биламан, бу аъмол мушкул.
Осонмас бўлмоқлик ҳамнафас, ҳамдам,
Уддалай олмайман бу ишни буткул.

Бугун англадингиз теран бир ҳикмат, Минг шукр, қалбингиз экан-ку уйғоқ.
Адашмайсиз энди бу йўлда фақат,
Ҳол сўраб келса у очганча қучоқ.

Бу юксак ишончни оқлагувчи ким,
Қалбдаги орзулар чўзармикан бўй?!
Тўлқинлар ичида қолди юрагим,
Жавобини топди мана ўша ўй:

Кўзию сўзида ўчмаган оташ,
Яшнатиш ишқига бағишлаган жон.
Меҳрибону ҳалол, танти, меҳнаткаш,
Боғбон у, боғбон у, боғбон у, боғбон!

© Ўткир Раҳмат

#Хаёлот_сўқмоқларида | @Otkir_Rahmat


Ўткир Раҳматнинг “Бу боғ ичра..." сарлавҳали шеъри “Ҳуррият" газетасининг 23-октябрь сонида чоп этилди.

Газета таҳририятига эътибор учун миннатдорлик билдирамиз!


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Бугун – ажойиб байрам руҳи кўнгилларни хушнуд этаётган дамда Ўткир Раҳматнинг "Она тилим" шеърини гоҳ видео, гоҳ аудиолавҳа шаклида жўнатаётган шеърсеварларга алоҳида ташаккур!

Эътиборингизга ҳавола этилаётган шеърий лавҳа Урганч давлат университетининг Филология ва санъат факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декани ўринбосари Соҳиба Янгибоева томонидан ижро этилган.

Ижро муаллифига самимий тилаклар ва миннатдорлигимизни йўллаймиз!

Марҳамат, тинглаб, ҳис қилиб лаззатланинг!


#эфирда_шеър | @Otkir_Rahmat


Ўткир Раҳмат шеъриятини ёритиб боришни ният қилган ушбу ўзаннинг мухлислари кундан-кунга ортаётганидан хурсандмиз ва азиз ўқувчиларга эътибор учун миннатдорлик билдирамиз!


ОНА ТИЛИМ


"Сен шундай нурли бўл, кўкни қуч мудом,
Доимо жаранг соч дунга баралла.
Тонглари мадҳиям бўлгин жонажон,
Кечалар бўл онам айтган хуш алла..."


Ишонамизки, таниқли нотиқ, соҳир овоз соҳиби Раҳимбой Жуманиёзов ижроси муҳибларимизни бефарқ қолдирмайди, кўнгиллар тўрига етиб бориб, завқу шавқ улашади.

#Она_тилим | @Otkir_Rahmat


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
ОНА ТИЛИМ...

"Тобора юксаклаб борар бул қуёш,
Баралла жаранглар юксак минбардан..."


Шеър муаллифи: Ўткир Раҳмат
Ижро муаллифи: Азиза Музаффарова.

Шеърни ифодали ўқигани учун "Сурхондарё" телерадиоканали сухандони ва ижодий жамоасига миннатдорлик билдирамиз!


#эфирда_шеър | @Otkir_Rahmat


Сен борсанки, руҳим қучади кўкни,
Сен борсанки, яшнаб борадир дилим.
Билмайман, эртага мен борми, йўқми,
Аммо сен мангусан, эй Она тилим!


#Iftixor|@Otkir_Rahmat

5.8k 1 31 14 72

ONA TILIM

Dunyo evrilmoqda, tilim tarjimon,
Turfa jilvasini bayon aylar u.
Ba'zan to‘lib-toshar go‘yoki qozon,
Qog‘ozga tushadi har bitta tuyg‘u...

Kecha moziy bilan bo‘ylashdim teran,
Tarix quchog‘idan durlar tergali.
Ona tilim biyron so‘ylaydi, qarang,
Qo‘llab turgandayin olam pirlari.

Kul tegin bitigi toshni gullatdi,
Yo‘l-yo‘riq ko‘rsatar ul Bilga hoqon.
Qoshg‘ariy jamiki elni tillatdi,
Arsh qadar ko‘tardi Navoiy – sulton.

Bobur shevasidan yashnadi ro‘y-rost,
Mashrab ohangida junun nafasi.
Yana ne ulug‘lar ko‘tardilar dast
Bugun ajnabiyning kelar havasi.

Tilim, zulmlar ham o‘tdi boshingdan,
Xoinlaring senda so‘zladi ravon.
Yoqamni tutaman zo‘r bardoshingdan,
Yot tilga sig‘inar ba'zilar hamon.

Qo‘y tilim, ranjima, ularni kechir,
Xoinlar senimas, o‘zini sotgan.
Jon tilim, jonday xush suvingdan ichir,
Sen tug‘ilgan kundan tongimiz otgan.

Tobora yuksaklab borar bul quyosh,
Baralla jaranglar yuksak minbardan.
Bo‘g‘zim to‘lib borar, ko‘zlarimda yosh,
O‘zbegim tilida uchgan xabardan.

Sen shunday nurli bo‘l, ko‘kni quch mudom,
Doimo jarang soch dunga baralla.
Tonglari madhiyam bo‘lgin jonajon,
Kechalar bo‘l onam aytgan xush alla.

Sen borsanki, ruhim quchadi ko‘kni,
Sen borsanki, yashnab boradir dilim.
Bilmayman, ertaga men bormi, yo‘qmi,
Ammo sen mangusan, ey Ona tilim!

© O‘tkir Rahmat

#Iftixor|@Otkir_Rahmat


ОНА ТИЛИМ

Дунё эврилмоқда, тилим таржимон,
Турфа жилвасини баён айлар у.
Баъзан тўлиб-тошар гўёки қозон,
Қоғозга тушади ҳар битта туйғу...

Кеча мозий билан бўйлашдим теран,
Тарих қучоғидан дурлар тергали.
Она тилим бийрон сўйлайди, қаранг,
Қўллаб тургандайин олам пирлари.

Кул тегин битиги тошни гуллатди,
Йўл-йўриқ кўрсатар ул Билга ҳоқон.
Қошғарий жамики элни тиллатди,
Арш қадар кўтарди Навоий – султон.

Бобур шевасидан яшнади рўй-рост,
Машраб оҳангида жунун нафаси.
Яна не улуғлар кўтардилар даст
Бугун ажнабийнинг келар ҳаваси.

Тилим, зулмлар ҳам ўтди бошингдан,
Хоинларинг сенда сўзлади равон.
Ёқамни тутаман зўр бардошингдан,
Ёт тилга сиғинар баъзилар ҳамон.

Қўй тилим, ранжима, уларни кечир,
Хоинлар сенимас, ўзини сотган.
Жон тилим, жондай хуш сувингдан ичир,
Сен туғилган кундан тонгимиз отган.

Тобора юксаклаб борар бул қуёш,
Баралла жаранглар юксак минбардан.
Бўғзим тўлиб борар, кўзларимда ёш,
Ўзбегим тилида учган хабардан.

Сен шундай нурли бўл, кўкни қуч мудом,
Доимо жаранг соч дунга баралла.
Тонглари мадҳиям бўлгин жонажон,
Кечалар бўл онам айтган хуш алла.

Сен борсанки, руҳим қучади кўкни,
Сен борсанки, яшнаб борадир дилим.
Билмайман, эртага мен борми, йўқми,
Аммо сен мангусан, эй Она тилим!

© Ўткир Раҳмат

#Ифтихор|@Otkir_Rahmat

4k 0 14 4 44

ИЗТИРОБ ОҲАНГИ

Муножот… Бу куйни ким англамайди?
Ундан сўнгсиз азоб нафаси келар.
Бу ситам ўтига ошиқдир Лайли,
Мажнуннинг бу ғамга ҳаваси келар.

Асрлар елкалаб келган у юкдан
Қутилмас, то ҳажр кунлари қолмас.
Туганмас шон олгай абадийликдан,
Авжида бу юрак ёрилмаса бас…


Шеър муаллифи: Ўткир Раҳмат

Ушбу шеърни гўзал ва қалбга яқин тарзда ижро этгани учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, соҳир овоз соҳиби Меҳриддин Раҳматов ва режиссёр Сирожиддин Воҳидовга миннатдорлик билдирамиз!

Мазкур шеър "Ишонч" газетасининг 2024 йил 28 сентябрь сонини ҳам безаган эди. Таҳририят жамоасининг эътиборидан хурсандмиз.

#бедор_ўй I @Otkir_Rahmat


SamDU Yoshlari dan repost
#ijodiy_uchrashuv
#SamDU_yoshlari

🔰Yoshlar Ittifoqi boshlangʻich tashkiloti  tashabbusi bilan  taniqli shoir va jurnalist Oʻtkir Rahmat hayoti va ijodiga bagʻishlangan ijodiy kecha boʻlib oʻtdi. Ushbu uchrashuvda universitetda tahsil oluvchi ijodkor yoshlar hamda badiiy adabiyotga qiziquvchi havaskor yoshlar ishtirok etishdi.


        📌Uchrashuvdan koʻzlangan oliy maqsad shuki, fakultetlardagi ijodkor yoshlarni aniqlash hamda barcha ijodkor talabalarni birlashtirgan holda ijodkor yoshlar  forumini oʻtkazishdir.

        🔆Bizni kuzatishda davom eting. Zero eng yaxshilari doim biz bilan ❗️

📲"SamDU yoshlari" ning ijtimoiy tarmoqdagi rasmiy sahifalari

Telegram | Instagram | Facebook


Ҳавасу ғурурлар интилса дилдан.
Ҳеч ҳам хавотирга қолмайди ўрин.
Уларни четламанг кўнгилдан, йўлдан,
Шодлигин авайланг, бошга кўтаринг.


© Ўткир Раҳмат

#Даъват |@Otkir_Rahmat


* * *
Bepoyon kengliklar chorlar har nafas,
Hayotbaxsh havosi umrbod sirdosh.
Ko‘ngilda ulg‘aygan tuganmas havas,
Boshingda har kuni nur sochsa quyosh...

Shu maskan qo‘ynida o‘sdim, ulg‘aydim,
Daraxtday bo‘yim-da gullab, yashnagan.
Shu zamin, borliqqa mehrimni qo‘ydim,
Bilaman, topilmas unga o‘xshagan.

Kundan-kun niyatlar do‘ngay maqsadga,
Quvonchlar yuz ochib, kelar ketma-ket.
E'tibor qilmayin fisq-u hasadga,
O‘zining kunini ko‘rayotir Yurt!

Qaysidir nokaslar atrofda pinhon
Hali ham urinar bir gard topmoqqa.
Uning shum maqsadi o‘ziga ayon,
Gap tashir kimgadir faqat yoqmoqqa...

Atrofda o‘ylar ko‘p, tashvishlar bisyor,
Ko‘rasiz faxrla boqqan ko‘zlarni.
Ularning diliga yetkazib ozor,
Majburan yoptirar derazalarni.

Kulgichi yarashgan mitti bolakay,
Jajji qo‘lchalarin uzatsa ne tong,
Undan hadiksirab yurmoqlik tokay,
Bo‘lmag‘ur gaplarni qilmayin doston...

Yaxshilik tomonga intilar odam,
Fidoyi ortidan ergashar har on.
Tan berib turibdi jumlayi-olam,
Har qancha qilsa-da zimdan imtihon...

Hamisha alqagan g‘olib, mardlarni,
El asragay toki yomon ko‘zlardan.
Tozalab yo‘lidan g‘ubor, gardlarni,
Ezgulik ergashgay bosgan izlardan...

Havas-u g‘ururlar intilsa dildan.
Hech ham xavotirga qolmaydi o‘rin.
Ularni chetlamang ko‘ngildan, yo‘ldan,
Shodligin avaylang, boshga ko‘taring.

Niyatlari ulug‘, qadami qutlug‘,
Fidoyi insonni ko‘rishsin ular.
Talpingan qalblarda mehrlar o‘tlug‘,
Yonma-yon, yelkadosh yurishsin ular.

Toki ko‘ngil uyi to‘lsin ziyoga,
Toki xayollarda nur yoysin chaman.
Ezgulik-la boqsin ko‘zlar dunyoga,
Uni asraganni asrasin Vatan!

© O‘tkir Rahmat

#Da'vat |@Otkir_Rahmat


* * *
Бепоён кенгликлар чорлар ҳар нафас,
Ҳаётбахш ҳавоси умрбод сирдош.
Кўнгилда улғайган туганмас ҳавас,
Бошингда ҳар куни нур сочса қуёш...

Шу маскан қўйнида ўсдим, улғайдим,
Дарахтдай бўйим-да гуллаб, яшнаган.
Шу замин, борлиққа меҳримни қўйдим,
Биламан, топилмас унга ўхшаган.

Кундан-кун ниятлар дўнгай мақсадга,
Қувончлар юз очиб, келар кетма-кет.
Эътибор қилмайин фисқу ҳасадга,
Ўзининг кунини кўраётир Юрт!

Қайсидир нокаслар атрофда пинҳон
Ҳали ҳам уринар бир гард топмоққа.
Унинг шум мақсади ўзига аён,
Гап ташир кимгадир фақат ёқмоққа...

Атрофда ўйлар кўп, ташвишлар бисёр,
Кўрасиз фахрла боққан кўзларни.
Уларнинг дилига етказиб озор,
Мажбуран ёптирар деразаларни.

Кулгичи ярашган митти болакай,
Жажжи қўлчаларин узатса не тонг,
Ундан ҳадиксираб юрмоқлик токай,
Бўлмағур гапларни қилмайин достон...

Яхшилик томонга интилар одам,
Фидойи ортидан эргашар ҳар он.
Тан бериб турибди жумлайи-олам,
Ҳар қанча қилса-да зимдан имтиҳон...

Ҳамиша алқаган ғолиб, мардларни,
Эл асрагай токи ёмон кўзлардан.
Тозалаб йўлидан ғубор, гардларни,
Эзгулик эргашгай босган излардан...

Ҳавасу ғурурлар интилса дилдан.
Ҳеч ҳам хавотирга қолмайди ўрин.
Уларни четламанг кўнгилдан, йўлдан,
Шодлигин авайланг, бошга кўтаринг.

Ниятлари улуғ, қадами қутлуғ,
Фидойи инсонни кўришсин улар.
Талпинган қалбларда меҳрлар ўтлуғ,
Ёнма-ён, елкадош юришсин улар.

Токи кўнгил уйи тўлсин зиёга,
Токи хаёлларда нур ёйсин чаман.
Эзгулик-ла боқсин кўзлар дунёга,
Уни асраганни асрасин Ватан!

© Ўткир Раҳмат

#Даъват |@Otkir_Rahmat

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.