#Янги ҳикоя
Дақиқа қадри
Ҳаво анча исиб кетди.Мўмина эрталаб ҳаво булутлигини кўриб сал қалинроқ кийинган экан, энди шу кийимини кўтариш ҳам оғирлик қилаётганди. Ҳафтанинг охири бўлгани учунми, дарс ўтаётганида руҳиятида ҳам, жисмонан ҳам қаттиқ чарчоқни ҳис қилди, ёки баҳор ҳавосининг таъсиримикан, ўз-ўзидан ҳаво етишмай юраги яна пала -партиш ура бошлади. Анча бўлганди эски дарди -юрак аритмияси қўзғамай қўйганди. У уйига етиб келгунча қора терга тушди.Болаларининг саломига ҳам бош ирғаб алик олди-ю, юзини муздек сувда ювиб, меҳмонхонадаги диванга ястаниб, сал тин олмоқчи бўлди. Бироз ётсам ўтиб кетар, деб ўйлаганди, лекин юраги худди сувда сузиб юргандек нотекис ва оғир урарди, бирдан ваҳима босиб ҳовлига чиқди. Шу пайт бахтига катта ўғли ўқишдан келиб қолди. Гап нимадалигини тушунди-ю, дарҳол отасига қўнғироқ қилди. Унга боласининг овози ҳам олисдан эшитилаётгандек туюлди. Ўғли шошилиб Яндекс иловасидан такси чақирди. Ишдан келиб ҳали кийимларини алмаштирмаган Мўмина ўғлининг етовида машинага ўтирди. Кордиология бўлимига кириб борганларида ишдан рухсат теккан чоғи, таниш йўлакда турмуш ўртоғи уларни кутиб олди ва ховлиқиб:
--Хайрият, докторинг кетиб қолмапти, бироз кутиб туринг дегандим, бирйўла ЭКГ қилдириб киринглар деди, қани қўлингни бер, юрақол, ҳозир ўтиб кетади,--деб, бир оғиз ҳам гапирмаётган аёлига қараб--сув ичасанми бор ўғлим, сув олиб кел, -дея чўнтак кавлаётганди, ўғли пулга қарамай югуриб кетди.
ЭКГ хонасининг ёнида доим навбат кутувчилар бўлар эди, негадир ҳеч ким йўқ. Ичкарида оқ халат кийган аёллар қизғин суҳбатга берилган. Бирдан кўтарилган гуррос кулгу анча давомли бўлди. Ҳаво етишмаётганидан Мўминага уларнинг овози момоқалдироқдай таъсир қилди. Чуқур -чуқур нафас олиб кўзларини юмди. Юраги нотекис ураётган шу паллада хаёлидан нималар кечгани ўзига аён...
Турмуш ўртоғи эшикни тақиллатиши билан кула -кула сумкаларига нималардир жойлаб, шиппакларини алмаштираётган аёллардан бири :
--Иш вақти тугади, соат иккидан ошди, -деди.
--Биламан, аммо аёлимнинг юрагини мазаси йўқ, илтимос, ёрдам қилинг... --дея гапини тугатмаган ҳам эди, афтидан, каттаси шекилли, қора қош аёл жеркиб:
--Бу ерда ҳамманинг юраги касал, бўлди вақтимизни олманг, шундоқ ҳам шанба куни бўлсаям соат 3 гача қолиб кетамиз, бизда ҳам тирикчилик бор, --деб хонани шарақ -шуруқ қулфлаб, йўл- йўлакай шеригига қараб жавраб кетарди --тавба, одамларгаям ҳайронсан, сал воҳлироқ келсин эди.
Хўжайини табиатан оғир -босиқ инсон, аммо бугунги вазиятда қони қайнаб кетди, шунда ҳам ўзини тезгина қўлга олиб, доктордан шу яқин атрофда хусусий шифохона бор йўқлигини сўради ва бор кучини тўплаб нафас олаётган аёлига яна битта волидол таблеткасини очиб бериб, ўғлига қараб:
--Машинани шу ерга олиб келаман,сен онангга ёрдамлаш, -деди-ю, отилиб чиқиб кетди.
Доктор берган манзил йўлнинг шундоқ нариги бетида экан. Клиника эшигининг тагигача машинада кириш мумкин, зиналари ҳам юраги хаста одам учун мўлжаллангандек қулай экан.
Ичкарида ҳар қадамда куллерда сув, Мўминани аҳволини пайқаб, иккита ҳамшира югуриб ёрдамга ошиқди. Рўйхатга олиб тўлов қилишга ҳам бир неча дақиқагина кетди. Бу ердаги муҳитми,ёки ёруғлик ва шинамликми, балки эътибор сабабми Мўмина ҳам сал ўзига келгандек бўлди.
Ҳаворанг ихчам халат кийган очиқчеҳра қиз Мўминани етаклаб, ЭКГ хонасига бошлади ва кушеткага ётишига ёрдамлаша туриб, орқа ўгириб халат ёқаларини тўғирлаётган шифокорга қараб :
--Дилором опа,чарчамай етиб келдингизми,-деб, сўрашган бўлди.
--Раҳмат, келдик. Қани, опажон, аҳволингиз яхшими, нима бўлди сизга, ҳозир бир зумда кўриб қўяман--деб, аппаратларни улаётган хушмуомала шифокорга қараб, Мўмина анграйиб қолди.
Унинг қаршисида салгина олдин важоҳатидан чўчигани, ўша қора қош аёл киприкларини пирпиратиб жилмайиб турарди.
Маҳбуба Баҳодир қизи
https://t.me/Mahbuba_Bahodir_qizi