64 МИЛЛИАРД ДОЛЛАР – ХАЛҚНИНГ БЎЙНИГА ИЛИБ ҚЎЙИЛГАН ҚАРЗМУНЧОҚ 2025 йил. Ўзбекистон ташқи қарзи расман 64 миллиард доллардан ошиб кетди. Халқаро молия ташкилотлари жим. Ўзбекистон Молия вазирлиги “ҳаммаси назоратда” дея, ҳар ойда битта “позитив инфографика” чоп этяпти. Халқнинг эса тинчи йўқолган – реал ҳаётда нафақани кутиб, ойликка умид қилиб, бозорда картошканинг нархига қараб нафас олмоқда.
Бир йил ичида қарз 10 миллиард долларга ошибди. Қарз соати тик-тик эшитилмайди, чунки у халқнинг юрагида уради. Тескарисига ўсиш — ҳар соатда минг, ҳар ойда миллиард.
2016 йилда қарз 6 миллиард доллар атрофида эди. Ҳозирчи... қарз – олиш учун керак, қайтариш эса “ҳалол солиқ тўловчи” зиммасига!
Кимлардир бу қарзни “инфратузилма учун, ривожланиш учун” дейди. Тўғри, йўллар ҳам, кўприклар ҳам, яшил ҳудудлар ҳам керак. Лекин савол: бу миллиардлар қаерга кетди? Нега бюджет ходимлари кредитга яшаяпти? Нега муаллим ойликни бўлиб олади?
Бу саволларга жавоб йўқ. Сабаби, қарз – “давлат сири”, аммо уни қайтариш – халқ масъулияти.
Бир киши: “Нима бўпти, бошқа давлатлардан ҳам қарз бор!” дейди. Ҳа, бор. Лекин уларда натижа ҳам бор. Қарз билан қурилади, иш ўрни яратилади, экспорт ошади. Биздачи? Ҳар йили янги қарз, янги лойиҳа, лекин эски муаммолар – ишсизлик, инфляция, қашшоқлик...
Бугунги кунда ҳар бир ўзбекистонликка қарийб 1 400 доллар ташқи қарз тўғри келяпти. Яъни, туғилган чақалоқнинг ҳам ютмаган қарзи бор. Болалар “келажак эгалари” деб ўргатилмоқда, лекин уларнинг келажаги қарз дафтаридан бошланяпти.
Ҳеч ким “қарз олманг” демаяпти. Лекин қарзнинг нима учун ва қаерга кетгани – ҳалол сўз билан халққа айтилиш керак. Ахир бу маблағлар – солиқ тўловчининг, нафақа кутаётган кампирнинг, мактабда ишлаётган устознинг, қишлоқдаги деҳқоннинг томоғида тиқилган суяк бўлиб қолмаслиги керак.
Қарзнинг юзини эмас, изини кўрсата оладиган журналистлар сони ҳам камайиб бораётгандек. Мумкин бўлса, қарз ҳақида савол берганга “хоин ” деган тамға қўймасдан, жавоб беришни ўрганайлик.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube