#ТАБРИК
ТАЛАБАЛИК — ОЛТИН ДАВР, МИЛЛАТ ОЛДИДАГИ БУЮК МАСЪУЛИЯТДИР!Азиз талабалар!
Қадрли ёш дўстларим!Ёшлик – инсон ҳаётининг энг унутилмас, фараҳли даври. Бу даврда сизлар нафақат билим олиш йўлида илғор қадамлар қўясиз, балки катта ҳаётга пухта тайёргарлик кўрасиз. Шу боис, талабалик – инсоннинг улкан орзу ва мақсадларига етаклайдиган йўлнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади. Бугун дунё ёшлари ўртасида байрам сифатида нишонланадиган Халқаро талабалар куни муносабати билан сизларни самимий табриклайман!
Албатта, биз яшаётган замон – билим ва технологиялар асрида ҳар бир талаба учун катта имкониятлар эшиги очилган. Юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш, янги авлод кадрларини тарбиялаш ва ёшларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар айнан сизлар, азиз ёшлар учун амалга оширилаяпти. Бугунги глобал рақобат шароитида билимли ва ташаббускор ёшлар мамлакат келажагининг энг муҳим таянчи, олтин захираси ҳисобланади.
Ҳурматли талабалар!“Адолат“ социал-демократик партияси ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доимо устувор вазифа сифатида ёндашиб келмоқда. Сайловолди дастуримизда ҳар бир олийгоҳда талабалар сонига мос равишда “Талабалар турар жойлари” барпо этиш ташаббусини илгари сурдик. Бу орқали нафақат сизларнинг яшаш шароитларингизни яхшилаш, балки ёшлар ўртасида тенглик ва адолат муҳитини яратишни мақсад қилганмиз.
Шунингдек, “Кафолатланган биринчи иш жойи“ лойиҳаси орқали ҳар бир битирувчи ўз соҳасида ишлаб кетиши учун зарур шароит яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бундай амалий қадамлар сизларнинг мустақил ҳаётда ўз ўрнингизни топишда муҳим аҳамият касб этади.
Биз таълимни юқори сифатли ва замонавий технологиялар асосида ташкил этиш, талабаларни инновацион лойиҳаларга жалб қилиш орқали янги авлод мутахассисларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Боиси, билимли ёшларимизнинг илмий изланишлари ва инновацион ғоялари мамлакатнинг стратегик ривожланиши учун муҳим ресурсдир.
Азиз ёшлар!Сизларнинг ҳар бирингизда улкан салоҳият бор. Ушбу салоҳиятни юртимиз равнақи йўлида тўлиқ намоён қилишингиз учун биз доимо сизларнинг ёнингиздамиз. Орзу-умидларингизнинг амалга ошиши, билимларингизни ҳаётга татбиқ этиш учун барча шароитларни яратишга интиламиз.
Халқаро талабалар кунида барчангизга мустаҳкам соғлик, улкан муваффақиятлар ва доимий илҳом тилайман. Юртимизнинг келажакдаги етакчилари сифатида ўз билим ва изланишларингиз билан янги марраларни забт этинг!
Юртимиз байроғини баланд кўтаришда доимо пешқадам бўлинг, қадрли талабалар!
Робахон МАХМУДОВА,
Сиёсий Кенгаш раиси🌐 Adolat.uz |🔵 Facebook | 🚀Telegram |📷 Instagram |🐤 Twitter | 🎬 YouTube