Shahnoza Soatova blogi


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Bloglar


Ki har ne olami sug‘roda mavjud,
Bori ul olami kubroda mavjud.
(Alisher Navoiy)
Murojaat uchun: @shahnozchatbot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa
Bloglar
Statistika
Postlar filtri


Бу тарихда қоладиган вазият бўлди. Бирмунча ойдинлаштирилди.

Абдусалом Азизов “Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилди” деган ифода ишлатилди. Тайинлов-истеъфолар эълон қилинганида аввал ҳеч эшитмаган эканман бу ифодани (“ихтиёрига ўтказилди”ни).

Daryo.uz” буни “унинг бирор лавозимга тайинлангани ёки доимий ишга расмийлаштирилганини англатмайди” деб талқин қиляпти. Балки бу вақт масаласидир, жараён, назаримда, ҳали динамикада.

Шунингдек, бошқа бир қатор исиеъфолар ҳақида хабар берилди.

Демак, “Kun.uz”нинг “тайинлангани тасдиқланмади”си тўғри бўлиб чиқди, Айрим нашрлар ва блогерларнинг хабарлари тасдиқланмади (ёки тўлиқ тасдиқланмади).

Қизиқ иш бўлди, хуллас. Қрама-қаршиликлар ойдин кўриниб қолди, ахборот майдони муҳорабаси очиқ ва яққол шаклга ўтди.

Бу яхшими ёки ёмон — бир нарса дея олмайман. Аммо ўзига хос бир кейс бўлди — аввал кузатилмаган ва ҳали кўп эсланадиган.

Ахборот майдонида ҳаққоний ва холис нашрларга эҳтиёжимиз бор. Биз учун битта “Kun.uz” ёки битта “Gazeta.uz” кам, Ўттиз олти миллионлик Ўзбекистон учун жуда кам. Ранг-баранг, кучли ва салмоқли интернет нашрлари кўпайиши керак. Шунда манипуляция қийинлашади.

Тузатилди: Gazeta.uz кеча “ўтказилди” деган экан, бошқа манба “тайинланди” деган экан, ҳозир ўчириб юборилибди у контент. Пост тузатилди ва хато учун узр сўрайман.

@shahnozxon


Ҳайдалди…
Бошқа ишга тайинланди…
Тайинлангани тасдиқланмади…

Ўзбек медиаоламида айни дамда шу пайтгача кузатилмаган ахборот уруши бўляпти. “Пинг-понг”га ўхшайди. Одамлар кўзини бир у томонга, бир бу томонга тикиб, нима бўлар экан деб ўтирибди.

Менимча, бу ёмон нарса эмас, қизиқ жараён бир томондан — одамлар ахборотга дарров ишониб кетавермайдиган бўлади. Бошқа томондан эса ОАВ обрўси деган масала бор — афсуски, кимдир “тасдиқланмаган ахборот тарқатувчи” бўлиб чиқади охирида.

Яна шанба кечга бўлаётгани-чи бу ишларнинг.

“Ҳайдалди” лекин Kun.uz дан кутилмаган сарлавҳа бўлди. Ҳали кўп эсланса керак.

@shahnozxon


Сўнгги ойларда пропан нархи 2 баробарга қимматлашди. Бу кўплаб фуқароламизни хавотирга солаётгани аниқ.

Шу сабабли "Адолат" СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси томонидан Энергетика вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Бош прокуратурага пропан нархи ошиши сабабларини аниқлаш, аҳолига аниқ ва асосли жавоб бериш, нархларни барқарорлаштириш ҳамда бу борада таъсирчан чоралар кўриш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш бўйича депутатлик сўровлари юборилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини бошлаганига 1 ҳафта ҳам бўлмади. Яхши бошлашяпти. Охиригача — натижагача олиб боришади деган умиддамиз.

@shahnozxon


Тамаки бозоридаги контрабанда: таҳлил ва хулосалар

Ўзбекистондаги ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси бўйича 2024 йилнинг январь-октябрь ойларидаги статистикаси билан танишиб чиқдим. Келинг, бирга таҳлил қилайлик:

Умумий ҳолат:
- Республика бўйича ноқонуний савдо улуши 9.8% ни ташкил этмоқда
- Бюджет 424.1 млрд сўм солиқ тушумидан маҳрум бўлган
- Энг юқори кўрсаткич февраль ойида (19.4%) қайд этилган


Муаммоли ҳудудлар:
- Фарғона водийси "етакчи" - 18.1%
- Наманган шаҳри рекордчи - февралда 77.3% гача чиққан!
- Марғилон шаҳрида ҳам жиддий муаммо - ўртача 25-30%


Вазият оғир бўлмаган ҳудудлар:
- Хоразм вилояти - 1.4%
- Қорақалпоғистон - 4.4%
- Самарқанд вилояти - 4.0%

Хулосалар.
Статистика шуни кўрсатмоқдаки, контрабанда маҳсулотлари муаммоси ҳамон долзарб. Биргина 10 ойда 424 миллиард сўмлик солиқ тушумларининг бой берилиши - бу жуда катта йўқотиш. Бу маблағ ижтимоий соҳа, инфратузилма ёки таълим тизимини ривожлантиришга йўналтирилиши мумкин эди.

Айниқса Фарғона водийсидаги вазият ташвишли. Баъзи ойларда ноқонуний савдо улуши 70-80% гача етгани - бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий хавфсизлик масаласи ҳамдир.

Таклифлар ва ечимлар.
1. Чегара назоратини кучайтириш:
- Замонавий сканер қурилмалари билан таъминлаш

2. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш:
- Ички ишлар, божхона ва солиқ органлари ўртасида маълумот алмашинувини автоматлаштириш
- Контрабандага қарши курашувчи махсус гуруҳлар тузиш


3. Қонуний савдони қўллаб-қувватлаш:
- Солиқ имтиёзларини жорий этиш
- Расмий дистрибьюторларга енгилликлар бериш
- Қонуний импорт жараёнларини соддалаштириш


4. Жамоатчилик назоратини кучайтириш:
- "Хабар бериш" тизимини такомиллаштириш
- Фуқароларни контрабандага қарши курашга жалб этиш


5. Профилактика ва тушунтириш ишлари:
- Контрабанда маҳсулотларининг салбий оқибатлари ҳақида аҳолини хабардор қилиш
- Ёшлар ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш
- ОАВда мавзуга доир материалларни мунтазам ёритиб бориш


Умуман олганда, контрабандага қарши кураш - бу фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг иши эмас. Бу умумхалқ масаласи. Чунки ноқонуний савдодан келадиган зарар ҳар биримизнинг чўнтагимизга, соғлигимизга ва келажагимизга таъсир қилади. Шу боис, бу муаммони ечишда ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши муҳим.


Uzbekistan’s club dan repost
Shahnoza Soatova:
Asli bugungi o‘zbek ayollari aksar huquqlari uchun jadid ayollardan minnatdor bo‘lishi kerak. Shu sababli ham tarixning chodrasi ortida yashirin qolib ketayotgan ushbu dadil, faol va ilmli momolarimizning nomi kengroq targ‘ib qilinishini istayman.

Batafsil👉 https://uzbekistans.club/uz/top/soatova


Тартиб посбонларимиз кўпқаватли уйлар йўлакларидаги болалар аравачалари, велосипедчалари ва самокатчаларини “ҳибсга олишибди”. Қойил👏

Қизиқ, пиёдалар учун йўлакларга қўйиб кетилган автомобилларни ҳам шундай қилишармикан?

Видеони кўриб “Абдуллажон” фильмидаги машҳур “Конфискуйте кетмени” деган буйруқ ва ундан сўнг бутун қишлоқ аҳлининг кетмонлари йиғиштириб олингани ёдга тушди 😃

Пиёдаларнинг кетмони яна учмайдиган бўлди…

@shahnozxon


@habikatura нинг ушбу дурдонасини кўпчилик қатори мен ҳам улашяпман, ҳамфикрлигимни билдириш учун.

Бу карикатура бугун кузатилаётган “қаергабўлсаҳамдомқурибсот” номли ғайриинсоний ҳаракатларга норозилигимиз изҳоридир. Буни тўхтатиш керак. Мафкуравий бўшлиқ ўрнини эгаллаётган бу “соққақил
мафкураси бузғунчи ва миллий манфаатларимизга зид “мафкура”дир.

Биз пул учун бобосини сотадиган халқ эмасдик-ку!

@shahnozxon


HUQUQ TA'LIMI dan repost
Vazirlar Mahkamasi tarkibiga kimlar kiradi?
So‘rovnoma
  •   A) Bosh vazir, uning o'rinbosarlari, vazirlar
  •   B) Faqat vazirlar
  •   D) Faqat Bosh vazir va uning o'rinbosarlari
  •   E) Barcha davlat xizmatchilari
2013 ta ovoz


Сенаторлар Сенат Раиси лавозимига аёл кишини сайлашди

Бугун Сенатнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенатнинг Раиси этиб Танзила Норбоеванинг қайта сайланди.

Танзила опа сиёсатчи сифатида ўзининг принципиаллиги, ташаббускорлиги, масалага конструктив ёндашуви билан ажралиб туради. Шу билан бирга дипломат, “юмшоқ куч”дан фойдаланишни билади.

Сенат мажлисларида долзарб масалаларни кўтариб, мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларидаги муаммоларни ҳам парламент минбарига олиб чиқди. Аҳоли манфаатларига мос қонунлар қабул қилишда қатъий позициясини кўрсатди.

Танзила опа аёл раҳбар, шу билан бирга хотин-қизлар муаммолари билан узоқ вақт ишлаган мутахассис сифатида аёлларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Ишончим комилки, Танзила Нарбаева юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида яна кўп йиллар муносиб хизмат қилади.

@shahnozxon


Еттинчи синфдан юқори ўқийдиган қизлар мактабга бора олмайди.

Аелларнинг олий таълим олиши масаласи мавҳум.

Аёллар овозини баландлатиб бировни чақириши мумкин эмас…

Толибоннинг аёлларга нисбатан қатор тақиқ ва чекловлар белгиланган қонунига афғонистонлик қизлар исён қилишмоқда. “Овозим, суратим аврат эмас” деган флешмоб ўтказишмоқда.

Эрки ва ҳуқуқларидан ўз ихтиёри билан воз кечаётган опа-сингиллар, шу қизларни бир эшитинг. Фикр қилинг.

@shahnozxon


Депутатлар Қонунчилик палатаси Спикерлигига
муносиб шахсни сайлашди

 
Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида депутатлар ўз танловини амалга оширишди –Нуриддин Исмоилов яна Спикер этиб сайланди.

Бу кишини мамлакатимиз жамоатчилиги яхши танийди. Нуриддин Исмоилов миллий парламентаризмнинг тамал тошини қўйишга муносиб ҳисса қўшган етук ҳуқуқшунос.

Сўнгги йилларда парламент фаолияти анча жонланди. Баҳс-мунозаралар янада очиқ, жамоатчилик эса қонунчилик жараёнларида фаол иштирок эта бошлади. Бу ўзгаришлар тасодиф эмас – раҳбарликдаги қатъиятлилик, сиёсий аниқлик ва чуқур тажриба асосий омил бўлган.

Юқоридаги ижобий тенденциялар келажакда ҳам давом этади, деб умид қиламиз.

Ишонамизки, Нуриддин Исмоиловнинг янги муддатдаги фаолияти Қонунчилик палатаси фаолиятини янада самарали ташкил этишмақсадига хизмат қилади.


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Байроқ ҳақида лонгрид

1. Мўғуллар босқини пайти Гурганж учун 7 ой қаттиқ жанг бўлди. 76 ёшли шайх Нажмиддин Кубро “Ё Ватан, ё ўлим!” деб ўз муридлари билан жангга кирди. Жанглардан бирида мўғул яловбардори шайхни қаттиқ яралади. Шайх ҳушини йўқотар чоғи яловбардор қўлидаги туғга (байроққа) ёпишди ва уни тортиб йиқилди – мўғул байроғи қулади. Бу душман учун жанг пайти жиддий маънавий зарба эди, байроқни тезда тик кўтариш лозим эди. Бироқ мўғул аскарлари ўнтаси бир бўлиб ҳам шайхнинг қўлидан байроқни тортиб ололмади, охири унинг панжаларини чопиб, байроғини “халос этиш”га муваффақ бўлди. Шарафли Шайх Кубро “шаҳидлар шоҳи” тарихи билан ўзи дарс берган хонақоҳга дафн этилди.

2. 1950-йилларда Шимолий ва Жанубий Корея вакиллари ўзаро музокараларга ҳар сафар ўз байроғини рақиб томонникидан каттароқ қилиб олиб кела бошлади. Байроқ пойгаси шу даражага етдики, байроқлар ҳажми бутун хонани эгаллади ва музокаралар жисмонан имконсиз бўлиб қолди. Шунда “байроқлар зиддияти”ни бартараф этиш учун томонлар алоҳида музокара бошлашга мажбур бўлишди.

3. Афғонистон байроғи 140 йил ичида 22 марта, АҚШ байроғи эса 27 марта ўзгаргани билан рекорд қўйди. Эътибор берилса, бу ўзгаришлар Афғонистонда сиёсий беқарорлик (тузумлар кўп алмашинуви), АҚШда эса, аксинча, барқарорликни (ҳар сафар давлат таркибига янги штат(лар) қўшилганида, унга юлдузчалар қўшиш учун ўзгариш бўлган) ўзида акс эттиради. Ўзбекистон бу борада анча барқарор – давлат ўз тарихида фақат 3 та байроқни кўрди – Туркистон Мухторияти, Ўзбекистон ССР ва Мустақил Ўзбекистон байроқлари. Ҳозирги байроғимизга бугун 33 йил тўлди.

4. 1991 йил давлат байроғимиз лойиҳалари Олий кенгашда муҳокама қилинган, телевидение тўлиқ кўрсатган (мактабда ўқирдим). Роса баҳс бўлганди. Шоиралардан бири “Бу не элким, боши узра якка бир байроғи йўқ, Сенга оқ ранг, менга кўк ранг деб талашмас чоғи йўқ” деб ёзгани ҳам эсимда. Лекин менга бу баҳсларни томоша қилиш ёқарди. Айнан ўшанда мен биринчи марта Туркистон Мухториятининг байроғини кўрганман (бир гуруҳ депутатлар шу байроқни қабул қилишни таклиф этишганди). Ҳозирги байроқни эса Биринчи президент Ислом Каримов таклиф қилган дейишади.

5.Бот-бот тармоқда Ўзбекистон байроғининг бошқа мамлакатлар ё шаҳарлар байроқларига ўхшашлигини кўрсатувчи бир гифка айланиб қолади. Мен байроқларнинг бир-бирига бироз қиёфадош бўлишида ёмонлик кўрмайман – умуминсоний тафаккур маҳсули бўлмиш рамзлар тили универсал, масалан, яшил деганда ер юзида деярли ҳамма табиатни, кўк деганда сув ё осмонни, қизил деганда қонни, ҳаётни тушунади ва бу рамзлар байроқларда акс этади. Халқаро Олимпиада байроғидаги 5 та ҳалқа нега айнан кўк, сариқ, қора, яшил, қизил рангларда? Чунки шу ранглардан ҳеч бўлмаса биттаси дунё мамлакатларининг байроғида албатта бор.

Байроқ нафақат давлат рамзи – аввало у ватан рамзидир. Уни фақат бинолар пештоқига эмас, қалбларга қадамоғимиз шарт!

Сана муборак!

#bayrogimfaxrim
#bayroqkuni

@shahnozxon


Ҳеч бўлмаса шамол бўларман
Байроғингни ҳилпиратгани (с)


Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун.

Давлатимиз байроғи — ҳар биримизнинг байроғимиз, фахримиз, ўзлигимиз. У доим тинч осмонимиз узра баланд ҳилпирасин, Яна кўплаб музаффар онларимизда бошимиз узра кўтарилиб, қаддимизни тик қилсин.

@shahnozxon


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Бугун йўл-транспорт ҳодисаси қурбонларини ёд этиш халқаро куни.

Муҳрим Ўзбекистонда ҳар йили йўлларда сон жиҳатидан Украинадаги урушдаги билан тенг болалар ўлаётганини айтиб, буни миллий фожиа деб баҳолаяпти. Қўшиламан!

Қоидабузарликни оқлаганлар, ёқлаганлар, “фатво” берганлар (“козёл”, хоин, ҳаром ва ҳк), сизлар шу миллий фожиада қоидабузарлар билан тенг айбдорсиз!

Тормоз ва газ педаллари орасида бир неча сантиметр масофа бор. Ҳайдовчи шу икки тепки орасида турган тирик жонлар масъулиятини ҳис қилиши керак. Баҳоналар ўтмайди!

Аҳвол ўзгариши керак. Жамият ўзгариши керак, ижтимоий фикр ўзгариши керак, давлат органларининг муносабати ўзгариши керак. Тинч юртда урушдагидек болалар ўлаётган экан, демак, биз нотўғри йўлдамиз.

@shahnozxon


Болаларга нисбатан зўравонлик қилинган видеони бугун менга 4 марта юборишди. Охиргиси ҳозир шу пайтда келди. Сўнгги икки кунда камида 10 марта шу видеони юборишди.

Одамлар, бас қилинглар ваҳшийликни тарқатишни. Сизни мутаассир этган, ёмон таъсир қилган нарса бошқаларга ҳам камида шундай таъсир қилади. Видео жуда даҳшатли. Ваҳшийликни тарқатиб кўпайтирмайлик.

Масъул органлар аллақачон хабар топишган, ижтимоий тармоқларда тарқалди-ку. Яна одамларга шахсийга юборманг.

Масъул органлардан эса ушбу видеодаги ҳолат юзасидан жамоатчиликка маълумот бериб тинчлантиришларини сўраб қоламан. Одамларда нафрат ва ваҳима ортиб боряпти, улар нима қилишни билмай бир-бирларига улашиб биргаликда бу туйғуларни енгишга уринишяпти. Натижа эса аксинча бўляпти. Омма психологияси шундай ишлайди.

Норасидаларга зулм қилган ваҳшийлар жазосини олсин!

Бу вазиятни юзага келтирган сабаблар эса жуда кўп, муаммо комплекс. Ижтимоий етимлар масаласига жиддийроқ қараш вақти аллақачон келган, бундай зўравонликлар, афсуски, кўп такрорланаётган тизимли муаммога айланиб улгурди.

@shahnozxon


Олий таълим муассасаларида «Ёшлар Академияси лидери» тизими ташкил этилади

2024 йилнинг 14 ноябр куни «ЎзЭкспомарказ» кўргазмалар саройи конференциялар залида «InnoWeek-2024» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов ва Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигида Ёшлар Академияси Ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда Ёшлар Академиясининг олий таълим муассасаларидаги лидерлари, Ёшлар Академиясининг ҳудудлардаги лидерлари, олий таълим муассасалари факултет лидерлари ва Ёшлар Академияси аъзолари иштирок этди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. Шарипов ҳамда Ёшлар Академияси Ассамблеяси аъзолари томонидан 2025 йилда 21 та олий таълим муассасаларида «Ёшлар Академияси лидерлари» тизимини ташкил этиш ҳамда «Ёшлар Академияси лидерлари тизими» йўлга қўйилган олий таълим муассасалари сонини 85 тага етказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Маълумот учун, Ёшлар Академияси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йил 30 августда ташкил қилинган.


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Контрабанда маҳсулотларга қарши курашиш бўйича фуқаролик масъулияти

Контрабанда маҳсулотлар нафақат давлат иқтисодиётига, балки фуқароларнинг соғлиғига ҳам жиддий хавф туғдиради. Ноқонуний тамаки ва алкоголь маҳсулотлари сифат назоратидан ўтмаганлиги сабабли истеъмолчилар ҳаётига таҳдид солиши мумкин.

Солиқ ҳамкори бўлиш — фуқаролик бурчларимиздан бири, чунки қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш орқали, биз:
- Жамият саломатлигини ҳимоя қиламиз
- Қонуний тадбиркорларни қўллаб-қувватлаймиз
- Давлат бюджетига кўмаклашамиз
- Рағбатлантирувчи кешбэк оламиз


Soliq.uz иловаси орқали контрабанда маҳсулотлар ҳақида хабар бериш қўлланмаси:

1. Илова билан танишув
Soliq.uz иловасини юклаб олинг (линк)
➖ Шахсий кабинетга киринг

2. Хабар бериш жараёни
➖"Soliq hamkori" бўлимини танланг
➖"Soliq qonunchiligining buzilishi turi" қисмига ўтинг
➖"Noqonuniy tadbirkorlik faoliyati (alkogol, tamaki va boshqa mahsulot)" бандини белгиланг

3. Далилларни юклаш
➖ Савдо нуқтаси ҳақида маълумот киритинг (қўлда ёки QR-код орқали сканерлаб киритиш)
➖ Фото ва видео материалларни илова қилинг (10 МБгача)
➖ "Хабар жўнатиш" тугмасини босинг

❓ Ҳуқуқий асос:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 апрелдаги 110 сонли Қарорига мувофиқ акциз маркаларисиз ва рақамли маркировкасиз алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини сотиш қатъиян тақиқланган.

💰 Рағбатлантириш:
Аниқланган қонунбузарлик учун жарима суммасидан 2 000 000 сўмгача кешбэк олиш имконияти мавжуд.

❗️ Муҳим эслатма:
Хабарлар махфий қолади, шахсий маълумотларингиз ҳимояланган бўлиб, Сиз фуқаролик позициясини намоён этиш орқали жамият фаровонлигига ҳисса қўшишнинг мумкин.


Бу иш бўйича 9 киши гумонланувчи бўлиб, улардан 8 таси қўлга олинган, биттаси қидириляпти (Nemolci.uz биттаси Туркияга қочган деганди).

Бу ҳақида “Газета.уз”га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилган.

Гумонланувчилар орасида прокуратура ходими ҳам бор.

Қиз 23 сентябрда ўғирланган, ҳибсга олиш қачон бўлгани номаълум, аммо биттаси бемалол қочиб кетишга улгурган. 😭

@shahnozxon


Самарқандда 8-синф ўқувчиси ўғирлаб кетилган ва бир неча кун давомида бир гуруҳ шахслар томонидан зўрланган.

Бу ҳақида “Kun.uz” “Nemolchi.uz”га таяниб маълумот бермоқда.

Бировнинг не ҳасратда ўстираётган гулдек фарзандини, вояга етмаган болани шунча қийнаб, азоблаган ваҳшийлар орамизда юрганини ўйлаш ўзи даҳшат!

Лекин қани энди даҳшатлар шу билан тугаса…

Kun.uz” хабаридан иқтибос:

“Сукут сақлама” лойиҳаси тегишли идоралар бу ишга “қанчалик беписандлик билан” ёндашганидан хавотир билдирган, бу хавотирга жабрланувчининг яқинлари билдирган қуйидаги даъволарни асос сифатида келтирган:

• 7 ноябр куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эксперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортган. Шунинг учун экспертиза 10 ноябр куни (яна қариндошларсиз) ўтказилган. Аммо қонида алкогол ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.
• Қизнинг қариндошлари прокуратурага боришганида, ташқарида уларни психиатрик бригада кутиб турган, уларни участка нозири чақирган бўлган. Ваҳоланки, қизга психиатрик эмас, психологик ёрдам керак бўлган.
• Жабрланувчи қиз билан мактаб психологи ҳам ишлаши мумкин эди, лекин мактабда унга бундай ёрдам тақдим этилмаган. Лекин қиз мактабга бормагани учун унинг ота-онаси жаримага тортилган. Кўп болали оилага (5 нафар фарзанди бор) 1,2 млн сўм миқдорда жарима солинган. Айни дамда қиз мактабга боришдан қўрқиб турибди, негаки бўлган воқеадан ҳамма хабардор.
• Иш одам ўғирлаш, унинг эркига қарши зўрлик ишлатиб уни ушлаб туриш, қийноққа солиш моддаларисиз, фақат 119-модда билан очилган.
• Оилани ҳеч ким “Инсон” ижтимоий ҳимоя марказига йўналтирмаган.

Nemolchi.uz. қизга аризасини қайтариб олиши учун ҳар турли босим ўтказилаётганини ҳам ёзган”


Бу ишлар ўлганнинг устига чиқиб тепиш эмасми? Кўп марта айтилди бу жараёнларни ўзгартириш лозимлигини, лекин аҳвол ўша-ўша.

Зўрлашлар нимага содир бўлаверади?

Қанча фильмларга сюжетлар бўлган воқеалар бор. Бекорга қизлар жонига қасд қиладими? Бу зўравонлик қурбонларига фақат жамият босими сабабли эмас, адолат қарор топиб зўравон жазоланишига имкон камлиги ва буни қурбонлар амалда кўргани учун ҳам содир бўлади.

Зўрлаш қурбони бўлган шахс адолат истайди, у қарор топса, жамият босими ҳам, муносабати ҳам бирмунча юмшайди. Агар зўравонлар жазоланмаса, қурбонга баттар қийин бўлади, босим каррасига ортади.

Жазо муқаррар эмаслиги жиноятни рағбатлантиради, зўравонга хайрихоҳлик жазо муқаррарлигини йўққа чиқаради ва ҳалқа ёпилади.

Бизда зўравонлик қурбони бўлган шахслар жуда заиф ҳимояланган. Уларга кўпинча потенциал туҳматчидек қаралади, югуртириб овора қилинади, тез қилиниши керак бўлган ишлар чўзилади, хуллас қурбон футбол тўпидек тепилиши мумкин.

Зўрлашлар эса бўляпти. Исботланиши — бошқа масала, чалкаш масала. Исботлагунча қурбон шўрлик неча марта “ўлади”. Афсуски, бу муаммо устида ва аҳволни ўрганиб, ўзгартириш устида бирор иш қилинаётганини ҳам билмаймиз.

Ҳозир айрим партиялар нореал хавфлар билан курашиб қонунчиликка таклифлар бераётганини эшитяпмиз. Агар қадриятлар ҳимоячиси бўлсалар, улардан қиз-аёларимизнинг ор-номусини ҳимоя қиладиган қонунчиликка таклифлар кутиб қоламиз. Масалан, зўравонлик қурбони бўлган болалар ва қиз-аёлларни ҳимоя қилувчи, зўравонлик ҳақида хабар берган қурбонларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилувчи таклифларни.

@shahnozxon


“Содда сонлар назарияси” — “Тафаккур ўйинлари 2”

Ҳар ҳолда, менга шундай туюлди.

Илм ва олимлар ҳақидаги фильмларни яхши кўраман.

Математикада муҳим илмий масала — Гольдбах муаммосини ечишга уч йил умрини сарфлаган тадқиқотчи қизнинг иши пишай деб турганида бир жойда хато қилгани аён бўлади. Биттагина тўғри саволни вақтида бермагани учун уч йиллик тадқиқоти йўққа чиқади. Илмий раҳбари ундан шу ондаёқ воз кечиб юборади. Қиз ҳам математикани тарк этиб, оддий сотувчи сифатида ишлаб, оддий инсон ҳаётини яшашга қарор қилади. Лекин у математикадан кетса ҳам, математика ундан кетмайди.

Илм вайби, тафаккур лаззати, фикрлаш завқини кўрсатадиган ушбу фильм “Математика аёлларнинг иши эмас” деган стереотипни синдиради. Шунингдек, илмий иш қилишда эмиционал интеллектнинг бунёдкорлик кучини кўрсатади — олим учун қалб ҳам керак!

Фильмни машҳур “Тафаккур ўйинлари”га ўхшатганим сабаби эса унинг бош қаҳрамони: реал ҳаётдан узилган, рақамлар, формулалар ва илмий ғоялар ичида яшайдиган, пошнали туфли ўрнига оддий шиппакни афзал биладиган, 25 ёшида математикадан бошқа севгилиси йўқ даҳо.

Нимадир тадқиқотлар қилиб ташлагинг келади шундай фильмлардан кейин. Бош роль ижрочисига француз киноакадемиясининг “Сезар” мукофотини келтирган ушбу картинани кўринглар, болангиз олим бўлсин!

#кинотақриз

Кўп бериладиган саволга аввалдан жавоб бериб кетай: фильмни махсус платфомадан обуна сотиб олиб кўрдим. Текин кўрадиган жойини билмайман, ҳавола йўқ)

@shahnozxon

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.