Давлат қуйма олтин заҳиралари (тонна)
1. АҚШ – 8133
2. Германия – 3352
3. Италия – 2452
4. Франция – 2437
5. Россия – 2336
6. Хитой – 2264
7. Швейцария – 1040
8. Ҳиндистон – 854
9. Япония – 846
10. Нидерландия – 612
11. Туркия – 595
12. Тайван – 423
13. Польша – 420
14. Португалия – 383
15. Ўзбекистон – 374
Манба: tradingeconomics.com
Ўзбекистон олтин заҳиралари бўйича дунёда 15-ўринда туриши қувонарли ҳол! Қозоғистон (296т), Қирғизистон (26т), Тожикистон (8,5т) ва Афғонистон (22 т) олтин заҳираларини қўшганимизда ҳам, жами 352,5 тоннага тенг бўларкан. Ўзбекистон олтин жамғариш борасида кўплаб бой давлатлардан ҳам олдинда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон тоғ-кон заҳираларида 6,400 тонна олтин борлиги тасдиқланган. Навоий вилоятидаги Мурунтов кони дунёнинг энг катта олтин кони ҳисобланади (очиқ карьер шаклида йилига 60 тоннага яқин олтин қазиб чиқарилади).
Савол: Давлатлар нега олтин жамғаришади?Жавоб: Жалб қилинадиган қарзларни таъминлаш ва кафолатлаш; бойликни барқарор жамғариш ҳамда миллий валютани қўллаб-қувватлаш мақсадида.
Савол: Олтинга сармоя киритсак бўладими, унинг нархи ҳозиргидан тушиб кетмайдими?Жавоб: Албатта, олтинга сармоя киритса бўлади. Бунда иккита фойда бор – ҳалол даромад ва рискларнинг минималлашуви, ва бир камчилиги бор – даромадларнинг унча юқори эмаслиги. Олтин рискни хушламайдиган, аммо барқарор ўсиб турувчи активни яхши кўрадиганлар учун қулай инструмент. Тезроқ бойишни истайдиганлар, билиб қўйинг, катта даромад фақат катта риск эвазига келади – бу бозор қонуни.
Олтин нархи бугун бир унцияси (28,35 грамм) $2750, яъни бир грамми $97. Бир йил олдин $2000, беш йил олдин $1500 атрофида эди. Олтин нархи баъзан тушиб туриши мумкин, аммо бу вақтинчалик ҳолат бўлади. Узоқ муддат давомида сақласангиз, олтин доимо қийматини мустаҳкам сақловчи актив ҳисобланади. Айниқса, дунёда урушлар, инқирозлар, нотинчликлар бўлаверса, олтин нархи ошиб кетаверади. Чунки бундай вазиятларда сармоядорлар учун энг хавфсиз бошпана ('safe haven') олтиндир.
Масалан, бундан эллик йил олдин олтин баҳоси 50 доллар эди. 1974 йил охирроғида 200 доллар пули бор одам $100ни валютада ва $100ни олтинда сақлашга қарор қилганда эди, бугун олтинга киритган 100 долларлик сармояси унга 5500 доллар келтирган бўларди, валютада сақлаган сармояси эса 540% лик инфляцияга учраб, қийматини беш баравар йўқотган бўларди.
Демак, узоқ муддатга бойлик жамғаришни, уни авлоддан-авлодга қиймати сақланган ҳолда ўтказишни истаган одам доллар эмас, олтин жамғариши керак. Бежизга бутун дунё марказий банклари олтин йиғишмайди!
@manifestcanal