10 январь – атоқли адиб Ойбек туғилган кун
* * *
Абадият ва умр
Сингари оқади сув.
Оқ сочларини уйқу
Силамас бунда бир қур.
Унинг мавжлари урса,
Чўнг тошлар тилга кирар,
Ўзидан найи дилбар,
Эркаланиб, кўпирса.
Тоғдан шўх, шодлик сурар
Аллақайға совғаси
Қуёшнинг олтин тоси
Кундузи унда сузар…
Олтин узуклар оқар,
Ҳар кун ҳарир кўксида.
Жим-жим жимирлаш ила
Янги кунларга чопар.
Яшил ёқаларида
Кезаман кундуз, оқшом.
Ҳовучим қадаҳ ва жом,
Ичаман қона-қона.
1936 й.
КУЗДА
Кетаман тентираб танҳо йўлларда,
Дарахтлар гўёки машъалдек ёниқ.
Куз кўркам яшнайди хил-хил рангларда.
Шафтоли барглари ёнар олтиндай,
Ўрикда қирмизи ёқут шуълалар.
Шуълаларнинг рақси баргда, новдада.
Сувлар оқар секин, шишадай тиниқ,
Осмон чўкиб олган сувларга гўё.
Ҳазога тўймайман, нафаси илиқ…
О, азим чинорлар, нақадар кўркам,
Тўхтайман ўйланиб: “Олтинланибди,
Умри асрлардир, илдизи маҳкам…”
Қисқарди кунлар ҳам, учади мезон,
Алвидо, деб қушлар бошлади сафар,
Япроқлар тўкилур, йиғлайди хазон…
Олмалар ёноғи қип-қизил ёқут,
Арава, машина ташир шаҳарга,
Ўзбеклар элида — мўл, барака, қут!
Токларда ранг-баранг тотли узумлар,
Тилларни ёради бол каби ширин:
Хушбўй май ичгандай гўё туюлар.
Юраман хаёлда, ўтар кундузи,
Дарахтлар туради ёниқ машъалдай.
Кечқурун йўлимда оқшом юлдузи…
1960 й.
* * *Сирли йўллар босиб, кезаман осмон,
Ўйлайман, ўйлайман, сира билмайман,
Осмонга сепилган олтиндан сомон.
Ҳакиқат нимадир, ўйлайман ҳамон…
1965 й.
Мусо Тошмуҳаммад ўғли ОЙБЕК
Уланиш учун: https://t.me/ijod_bustoni