Кеча Судялар олий кенгаши раҳбари Холмўмин Ёдгоров ЭффектУз сайтини танқидий мақола учун судга бериб, БҲМнинг 30 баравари миқдорида жаримага тортилди. Аввалроқ “Менинг юртим” телеканали мухбири Рухсора Ғофурова ўзи тайёрлаган репортаж учун маъмурий ишга жалб қилинганди.
Шу кунларда Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзига нисбатан қилинаётган босимларга жавобан ёзган мақоласи учун Миробод туман судида жаво бермоқда. Блогер Отабек Бакиров устидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан шикоят киритилган. Жаҳонгир Тўлаганов иши судда, Зоҳид Жумаев иши судда, яқинларига кўра, бутун бошли тирик жон, блогер Зафаржон Жақинов шу кунларда таг-туги билан йўқолган
, топилмаяпти. Журналист Анора Содиқова ўзига нисбатан давом этиб келаётган ҳақорат, шантажлардан тўйиб, журналистлар киритилмаётган судлардан адолат излаб юрибди. Медиаси эса ёпилиш арафасида эмиш.
Бошқа нашрларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Кузатинг, мамлакат ички ҳаётига оид таҳлилий, танқидий, ўткир мақолалар деярли тўхтаган, тополмайсиз. Таҳлиллар эса маиший, хавфсиз мавзулар ва асосан океанортидаги сиёсат таҳлилига қаратилмоқда. Бу масалада бироз ортга қайтиш, масалан, Россия ёки Хитой сиёсатига оид таҳлилларда ҳам ўта эҳтиёткорлик талаб қилинмоқда. Сабаби, бу мамлакатларга оид мақолаларга озгина эркин ёндашиш орқали ҳам бош (бошлар) кетиши мумкин.
Бу – бугунги ўзбек медиаси атрофида узоқ эмас, йил эмас, шу кунларда рўй бераётган воқеалар холос. (Балки, картинани ҳудудларда давом этаётган неча-неча судлар ва уларда қамалаётган журналист, блогерлар иши янада тўлдирар, ҳаммасини билмаймизку). Яъни, тан олишадими, йўқми, мамлакатда журналистика, блогосфера буткул ўлимтик аҳволга келтирилди. Аммо шу ўлимтик ҳолатида ҳам соҳалар кимларнидир қўрқитяпти шекилли, яқинда “Блогерлик фаолияти ҳақида” қонун қабул қилишармиш. Эшитишимча, унда блогерларни солиққа тортиш тартиблари ҳам белгиланади. (Кўнгиллари кимнидир жавобгарликка торттиришни истаб қолса, буям битта маъмурий ричаг-да. Ўзи ҳар қанақа оғир шароитга кириб боришдан аввал қонунчилик мустаҳкамланадику.)
8 йилдан бери айтиладиган ва неча-неча расмий чиқишларда ваъда берилган журналист фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кўзда тутувчи ўзгартириш-чи, дейсизми? Шахсан мен яқин йилларда унинг қабул қилинишига ишонмайман. Ваъда бошқа, амал бошқа бўлиб тураркан, қабул қилингандаям нима ўзгарарди?!
Илёс Сафаров
https://t.me/Hurfikruznews