ЯШАШДАН МАҚСАД НИМА?
Тириклик моҳияти нима? Инсон бу фоний дунёга нега келади-ю, нега кетади? деган савол хаёлига келмаган одам кам топилса керак. Чиндан ҳам ҳаёт моҳияти нимадан иборат?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят).
Бундан чиқди, Парвардигоримиз бизни ибодат қилиш учун яратган. Бу ёруғ оламга келишимиздан мақсад шу. Агар биз ҳалол-покиза яшасак, чин инсонларга хос ҳаёт кечирган, зиммамиздаги вазифани адо этган бўламиз.
Ибодат, деганда фақат намоз, рўза ёки ҳаж тушунилмайди. “Ибодат” сўзи “бўйсуниш”, “итоат этиш” мазмунига эга. Аллоҳга итоат этиш У Зотга ибодат қилишдир. “Аллоҳ менга ҳалол касб-кор қилишни буюрган”, деб пешона тери билан тирикчилик қилган одам ҳам – худди намоз ўқиган, рўза тутган каби – ибодат қилган бўлади.
“Ҳаётга нега келдим?”, “Яшашдан мақсадим нима?” деб ўзига савол берадиган мулоҳазали инсон мана шу оятдан батафсил жавоб топади. Зеро, ҳаёт фақат еб-ичиш, маишат қилиш, ўйин-кулгию ётиб-туришдангина иборат эмас. Моддиятга ёпишиб олиб асосий мақсадни унутиб қўйган одам охиратда надоматга қолади. Доно халқимизда “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақл бор. Охиратда аттанг деб афсусланишдан ёмони йўқ. Ақлли одам имкон борида, нафас кириб-чиқиб турганида умр мазмунини идрок этиб, икки дунёси учун керакли ишларни қилади.
Эътибор берсак, ҳаёт сон-саноқсиз ташвишлар, турфа воқеалар гирдобида кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Кунлар, ойлар, йиллар худди бир лаҳза каби изсиз йўқолади. Ўтган умримизга назар ташларканмиз, ундан қандайдир узуқ-юлуқ хотиралар қолганини кўрамиз. Бироқ одамлар нима учундир ана шу ҳақиқатни – ўлимнинг муқаррарлигини ўйламасликка уринадилар.
Шундай одамлар бор, “Еб-ичганинг, маишат қилганинг қолади”, деб кўнгли тусаган ишларни қилади, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайди, бахтни фақат тўкин-сочин ҳаётдан иборат деб билади. Наҳотки одам боласи дунёга фақат еб-ичиш, ўйин-кулги, кайф-сафо қилиш учунгина келган бўлса?! Наҳотки ҳазрати инсондек мукаммал хилқат мана шундай арзимас нарсалар учун яратилган бўлса?!
Ҳаёт моҳиятини англаш қалбни поклашда, ҳақиқий бахт-саодатга эришишда муҳим ўрин тутади. Инсон ёруғ оламга нега келганини билса, қалби тоза, кўнгли пок, йўли равон, толеи баланд бўлади.
“Бахтли ҳаёт сари” китобидан
https://t.me/yettichinoruz