Музқаймоқ (ҳикоя)
У мамлакатда карантин бошлангунича мардикорчилик қилиб кунлик ишларга чиқарди. Нима бало бўлдию, дунёда даҳшатли касаллик тарқалди. Ҳамма уйда ўтиришга чақирилди, одамлар уни ишга ҳам айтмай қўйдилар...
Бирин кетин орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўта бошлади. Тўртта боласини зўрға маҳалладан олган маҳсулотлар билан боқиб юрди. Қўлида умуман пули қолмаган, пандемиядан олдин ҳам кунда топганини кунлик рўзғорга ишлатарди. Ўзи камбағал бўлса-да орияти кучли инсон эди у. Тақиқларга қарамасдан кўчага чиқиб турли ишлар ахтарди. Кунлардан бир куни карантин қоидаларини бузишда айблаб унга жарима солишди... Шундан кейин ишларга чиқмай қўйди, уйда қолди.
Мамлакатда кундан кун вазият оғирлашиб борарди, бир куни кичкина қизи телевизорда музқаймоқ еяётган қизчани кўриб қолиб, беғубор соддалик билан: Пулимиз бўлса биз ҳам музқаймоқ еймиза дада деди...
Энди оталик орияти, инсонийлик хўрлиги келиб уйда ўтира олмай қолди. Менга деса кўчада Азроилни шаҳсан ўзи юрган бўлмайдими дедию иш қидириб чиқиб кетди. Кун бўйи қурилишда ғишт ташиди. Ишдан кейин бозорлик қилди. Уйга келиб чанг босиб қорайиб кетган юзидаги ниқобни ечиб, сўрига ўтирди, югуриб келган қизчаси дадасининг қавариб кетган қўлида музқаймоқни кўрди. Қизчаси жуда хурсанд эди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, у ўзидан иситма чиқаётганини сезиб қолди, қурилишда нотаниш кимсалар билан ишлаганини эслади. Аччиқ аламли кулгиси йўталга айланиб бораётган отанинг қадди букилиб қолди... Қаердадир эса пандемияга қарши курашишга масъул бўлган раҳбар ярим тунда қопдаги пулларни санаб ўтирарди...
@umryuli