Отабек Мирзақобилов


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций


................Кечикиш..............

Учинчи март. Совуқ ҳукмдор!
Деразамга урилади қор.
Сени йўлдан урдими йўллар?
Кунларингдан урибсан баҳор?

Хуморингдан титрайман дағ-дағ,
Қарғаларга кун тегди - қағ-қағ,
Бир-бирига урилади жағ,
Қайда пойлаб турибсан баҳор?

Ой сўзламас хушнуд чоғлардан,
Ошолмайди офтоб тоғларлан,
Сени интиқ кутган боғлардан,
Нега юзинг бурибсан баҳор?

Ўт чиқмасин бир кун ўйнингдан,
Бодомгуллар олар бўйнингдан,
Қиш думини туймай қўйнингдан,
Сохта даврон сурибсан баҳор.

Сенсиз умрим кузлаб қолмасдан,
Тиззаларим "туз"лаб қолмасдан,
Кел юрагим музлаб қолмасдан,
Лабларимда қурибсан баҳор!

Кўклам - дейди, бошқа тасвири,
Ёлғон чиқди шоирлар шеьри,
Йўл қарайман уч кундан бери,
Қайда дайдиб юрибсан баҳор?
Қаерларда юрибсан баҳор?!

     Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
#ижро_пайти

Севсанг Тоҳир бўлиб сев,
Мажнун, мохир бўлиб сев...

🎤 Жавлон Мардон ўғли.
✍ Муаллиф номаълум .

https://t.me/otabekmirzaqobilov


Репост из: КАРШИЕВ ҒАФУР
https://t.me/+zviG7gBxwI43NzM6 Ассалому алайкум! Азизлар, сиз Каттақўрғон ижодкорлари жам бўлган бу гуруҳга аъзо бўлиб, каттақўрғонлик бир қатор эл оғзига тушиб улгурган забардаст ижодкорлари билан бир қаторда қўлига қалам олиб улар ортидан эргашиб келаётган ёш авлод эгаларининг бир-биридан гўзал ижод намуналари билан танишиш имкониятига эга бўласиз. Шу билан бир қаторда ўз ижод намуналарингиз билан ўртоқлашишингиз, фикр-мулоҳазалар билдиришингиз ҳам мумкин. Марҳамат, гуруҳимизга қўшилинг!


................Ёмғир.................

Калит сўзни айтдим осмонга,
Қаҳ-қаҳ кулди, жилмайиб турдим.
Ҳисларини ҳазиллашгандай --
Латифалар айтиб кулдирдим.

Изтеҳзоли қайрилма қошлар,
Кулгусига аралаш зарда.
Чимилдиққа чорлади мени,
Ер юзига тортилди парда.

Минг асрлар кутгандай гўё,
Қулоғига айтган гапимни.
У ўзини бахш этди менга,
Мен бахш этдим муҳаббатимни.

Ва ниҳоят босилди ҳислар,
Ишқ лаззати сингди жонгача.
Кўнгли бўшаб кетди осмонни,
Ҳиқ-ҳиқ йиғлаб чиқди тонггача.

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


....................Тошлар...................

Бу борлиқ яралмиш мен учун гўё,
Мен учун тонг отиб, қуёш ботади.
Нафсимга қўл бериб бу даллол дунё,
Меҳримни бозорда олиб-сотади.

Ҳаволаниб босгум оёғим учин,
Тошлар товонимни ўпгани учун,
Шайтон томиримда кўрсатар кучин,
Кўнглим шум кибрнинг таьмин тотади.

Севгилим, ботини севгига лиммо,
Кўзлари қўл силтаб қилади имо,
Борсам "бор тошингни тер" дейди, аммо,
Бормасам маломат тошин отади.

Мен ҳам ялинмайман, ғурур берар панд.
Чўққилар пойимда, кўзим кўкда банд,
Ҳатто булутларни қилмайман писанд,
Тошларни гапирса энсам қотади.

Табиат ҳукми бор феьлга муносиб,
Ҳарсанглар қасд олар, тепкилаб босиб,
Кун келар кўксига исмимни ёзиб,
Бу мағрур бошимни янчиб ётади.

     Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


"Бюрократ"ларга

Қирқ йилки кадр йўқ деб,
Жойингиздан жилмайсиз.
Ваҳолангки кадр кўп,
Буни бир сиз билмайсиз.

Қани соғлом рақобат,
Ё тарози-тош қани?
Қирқ йилки ёнингизга,
Йўлатмайсиз бошқани...

Михлаб қўйганми сизни?
Ўрнингиздан туриш йўқ.
Оёғингиз ердамас,
Эл ичида юриш йўқ.

Буйруқ беришдан бўлак,
Ярамайсиз ҳеч ишга.
Нега одамлар дарди,
Солмас сизни ташвишга?!

Осмондасиз, одамни,
Назар-писанд этмайсиз.
Етмишдан ошсангиз ҳам,
Нафақага кетмайсиз.

Менимча отангиздан,
Мерос қолган хонанггиз.
Балки шу креслода,
Туққан сизни онанггиз!

Ҳаволанманг бу қадар,
Сал тезлатинг қадамни.
Жа авлиё экансиз,
Бунча эзманг одамни.

Амал билан кеккайманг,
Умрга бор ниҳоя.
Тупроқдан яратган Ҳақ,
Ўзи сизга кифоя.

Не десангиз барига
Хўп деймиз, кўз юмамиз
Ўлсангиз креслога,
Ўтирғизиб кўмамиз.

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


............Рақамлар..........

Одамлар бор турфа хил,
Турфа ишда ишлайди.
Бирининг суйгани пул,
Бири гулни хушлайди.

Бир тоифа олтин, зар,
Бири сўз истаб -- дайди.
Бахт-омадни баъзилар,
Рақамлардан излайди.

Еттини дер омадли,
Саккизда йўқмиш камлар.
Бор эмиш хосиятли -
Хосиятсиз рақамлар.

Бидьат десам гоҳида,
Кўйлагимда ёқам йўқ.
Ирмкаш саноғида,
Ўн учинчи рақам йўқ.

Қирққа тўлган бир одам,
Ёшин айтмас, гўё сир.
Неча ёшдасиз десам,
Дер: бир кам қирқ, ё қирқ бир.

Ношукр кўнгли тўлмас,
Бирга бир эш бўлмаса.
Муғомбирда бет бўлмас,
Ишлари беш бўлмаса.

Бир машмаша ҳар куни,
Ҳушёрликда қадамлар.
Хушламайди олтини,
Эҳтиёткор одамлар.

Икки юзли ҳийлагар --
Икки сўзли муттаҳам.
Бугун нолиб қолдилар,
Йигирма еттидан ҳам.

Хаёлотга йўқ ҳакам,
Бошқаролмас қадамлар.
Тавба қилдим бунча ҳам,
Ўзгарувчан одамлар.

Ёқмай қолар етти ҳам,
Дерлар ахир зўрдан зўр...
Ирмкашга ўн уч сўм,
Пул узатсам кўзи кўр.

Ким енггар вақт-ҳакамни,
Гуноҳи урмаса бас.
Нонкўр янги рақамни,
Ёмонлаб юрмаса бас.

Худодан, не бўлса ҳам,
Биздан шукрона, сабр.
Жой-жойини айтмасам,
Рақамларни бари бир.

    Отабек Мирзақобилов.


..........Рул........

Бу дунёда йўллар кўп,
Ҳар кимнинг ўз йўли бор.
Бошқарилиб боради,
Одамнинг ҳам "рул"и бор.

Замон оғир, чанг-тўзон,
Ўнқир-чўнқир йўллар кўп.
Одамзод сал бўш кетса,
Бошқарувчи қўллар кўп.

Бизда ота-бободан,
"Рул" эркакка меросдир.
Аҳли аёлларини,
Бошқармоқ унга хосдир.

Шундан оила мустаҳкам,
Эркак ўрни тўр бўлар.
Гапирган гапи қонун,
Ҳаммага манзур бўлар.

Аммо баъзи уйларда
Ҳаё ипи узуқдай.
Эр-аёл ўртасида,
Мувозанат бузуқдай.

Баландроқ эшитилар,
Аёлининг овози.
Бошқармоққа интилар,
Тенгликка ҳам норози.

Бунда эрнинг ўрни йўқ,
Фақат номи тўрдадир.
Заҳар тилнинг дастидан,
Ҳар куни бир гўрдадир.

Эл ичинда масхара,
Аёлига эрмаклар.
Бурнида тешиги бор,
"Рул"сиз қолган эркаклар...

Эрни эр қилар аёл,
Тик боқмаса кўзига.
Миннат қилмай вафосин,
Эрк бермаса сўзига.

Тили, қўли ҳам ширин
Меҳрибон бўлса басдир.
Шундан ибо-ҳаёси,
Шу билан муқаддасдир.

Шундай экан эрлар ҳеч,
Йўқотмасин йўлини.
Тирик бўлса бермасин,
Хотинига "рул"ини.

     Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


Ачиниш

Ажралиш кўпайди дунёда,
Шайтонлар муродга етмоқда.
Хотинлар эридан зиёда,
Эркаклар камайиб кетмоқда.

Муҳаббат вафосиз, оловсиз,
Аёллар кўчада сўровсиз,
Оналар қолмоқда қаровсиз,
Эркаклар камайиб кетмоқда.

Жувонлар ғайридин элида,
Боласи бировни қўлида,
Дадам деб кўзлари йўлида,
Эркаклар камайиб кетмоқда.

Никоҳсиз туғилган болалар,
Уларку бегуноҳ лолалар,
Кўзлари бағрингни поралар
Эркаклар камайиб кетмоқда

Қиёмат келдими алҳазар,
Қизлари онага тиғ қадар,
Кўпайди падаркуш, оқпадар...
Эркаклар камайиб кетмоқда

Болалар уйлари бир ғариб,
Умидвор, меҳрибон ахтариб,
Кексалар уйи-ку ёшариб...
Эркаклар камайиб кетмоқда.

Қаерга даф бўлди диёнат,
Дунёда урчиди хиёнат,
Мискинлар кўрмади каромат,
Эркаклар камайиб кетмоқда.

Зинолар, ғийбатлар гуллади,
Талончи туҳматлар гуллади,
Аёллар боласин пуллади
Эркаклар камайиб кетмоқда.

Хотинлар ҳукмрон, ҳам тилли,
Ўзича ҳаммадан ақлли,
Сабаби жиддий ва тадбирли,
Эркаклар камайиб кетмоқда.

Даюслар донишдан зиёда
Кофирдан қолмадик ҳаёда.
Етимлар кўпайди дунёда,
Эркаклар камайиб кетмоқда.

    Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


............Назм сайёраси...........

Бир сайёра бор бунда,
Офтобга нур таратган.
Қир адир, гулзорини,
Фақат сўздан яратган.
Шеьрият сайёри бу,
Ишқ аҳлин лол қаратган
Бу илоҳий назмда,
Ухуд тоғи Навоий.

Хуросонга бош бўлди,
Катталиги кўзга йўқ.
Ботини сўзга лиммо
Зохирида сўзга йўқ.
Низомий панжасига,
Панжа урган ўзга йўқ,
Жомий, Дехлавийдан ҳам,
Устунроғи Навоий.

Мансаб оти бўлса ҳам,
Уйи йўқ махобатли.
Олмоққа орли эди,
Сочмоққа саховатли,
Гоҳ қуёшдан ўтли у,
Гоҳ ойдан тароватли.
Ҳар сатри юлдузлардан,
Ёрқинроғи Навоий.

Бир умр у вазирмас,
Виждон эди Ҳиротга.
Жиловдор бўлди подшоҳ
Алишер минган отга.
Эй Отабек то қабр,
Таъзим айла ул зотга
У ўлмас, ҳар кун минг бор
Туғилмоғи Навоий.

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


.............Иқрор..........

Боғлар гўзал, кўм-кўк кенг само,
Мен сенга деб гуллар тераман.
Севганинг бор, балки йўқ аммо,
Менга нима, севавераман.

Сен баҳорсан... безанган гулдан,
Баҳоримда чиқмаган йўлдан,
Кузда келиб, кетмас кўнгилдан,
Менга нима, севавераман.

Айтсам гуноҳ сенга севгимни,
Ё айтмасам гуноҳи кимни?
Кўзларимдан англолмадингми?
Менга нима севавераман.

Юрак йиғлар, жонга тегди бас!
Дуккиллайди... бор йўғи шу сас.
Сенсиз бекор, ютилган нафас...?
Менга нима, севавераман!

Гул йиғламас, узиб олсанг ҳам,
Ўзим йиғлаб гуллар тераман.
Севганимни сезиб қолсанг ҳам,
Сенга нима... севавераман!

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


...............ДАДАМДАН МАКТУБ...............

Бола ўзгардингми, сўзларинг дадил?
Бурро тилинг бир кун бошинг емасми?
Осмонингдан бунча тушмайсан сабил,
Товонингга тупроқ таниш эмасми?

Айвонда илинган сен кийган чориқ,
Кел бироз аслингни "дийдор"ига тўй.
Яхшидан боғ қолар, ёмондан ёриқ,
Эринмай ўн дона кўчат экиб қўй.

Гоҳи дуо қилиш болангга малол,
Гарчи ҳар қилмишнинг бордир жавоби.
Эллик йил яшаса сен эккан ниҳол,
Эллик йил ортингдан борар савоби.

Кўзингни катта оч, тафаккур айла,
Нимага туғилдинг, нима ҳам қилдинг.
Умрингда чумчуққа қурмадинг чайла,
Тўртта шеъринг билан бунча керилдинг.

Йўқ тўхта!
Бас бундай яшаш уволдир!
Инсонсан -- шуурдан буғилмагансан.
Дунёда ўзингдан бир нарса қолдир,
Ахир сен шунчаки туғилмагансан!

Мангулик -- миллатга зиё таратиш.
Эпласанг умрингни илмга бахш эт.
Қўлингдан келмаса тарих яратиш,
Ҳеч йўқса боғ қолсин, ниҳол экиб кет.

Шаҳарда юрибсан шеърингни айтиб,
Тагингда зўр мошин, икки қават уй!
Энди баҳор яқин, қишлоққа қайтиб,
Ҳовлингга ўн дона кўчат экиб қўй.

      Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


......................"ҚОВУН"...................

Бир куни қўлимга тушди бир қовун,
Виждоним: --бўламиз менга ке, деди.
Нафсим "шахсий"имга "смс" ёзиб,
-- Майда-ку, барини ўзинг е деди.

Қўнғироқ қилди у яна ҳовлиқиб,
-- Ҳаммаси сеники, қабул қилиб ол!
Виждоним смс ёзди қисиниб,
-- Ярмини акангга бўлиб бера қол...

Нафсим кириб келди эшикни тепиб,
-- Бу фақат сеники, қулоғингга ос!
Виждоним қўнғироқ қилса ногаҳон,
Нафсим бармоғимга дер: -- қизилни бос!

Негадир виждоним кўринмай қўйди,
Оқибат йўқолиб кетди ўшанда.
Охир кимдир келиб акангман деди,
Ногаҳон қўлларим қолди кишанда.

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


................Хумор................


Қўшни қизни суйган эдим,
У бошқага тегиб кетти.
Нетай, қисмат шудир дедим,
Менга ҳам ёр насиб этти.

Бўкиб-бўкиб май ичаман,
Ғирром тақдир бағрим тиғлар.
Нега суймай ёр қучаман?
Суйган гулим қайда йиғлар?

Менга шароб бўлди сирдош,
Балки ўзи қилар адо.
Сал эзилсам кўзида ёш,
Суймаганим -- жони фидо.

Ичманг дейди, чекманг дейди,
Қўўлларимдан ушлаб ухлар.
Суймаганим ғамим ейди,
Суйган гулим қайда йиғлар.

Суйган гулим қайда йиғлар?
Сўролмадим онасидан.
Суймаганим умрим тилар,
Алдаб чиқдим хонасидан.

У хонада ширин ухлар,
Мен ичаман маза қилиб.
Май дардимга малҳам бўлар
Қийнамайди бағрим тилиб.

Қўл силтадим барчасига,
Воҳ... ичмоққа нима етсин.
Термуламан дарчасига,
Ай юрагим қуриб кетсин.

Тафти муздай шамол елар,
Тонглар кутар заволимни.
У хонадан чиқиб келар,
Йиғлар кўриб аҳволимни...

Эй фариштам, жонкуярим,
Йиғлама қўй, ёнимга ке.
Менга аён гуноҳларим,
Лекин сени гуноҳинг не?

Нима қилай айт суймасам,
На сенга кўз қияламан.
Юзларингдан ўпай десам,
Кўзларингдан уяламан.

Бўлди гулим, ичмайман мен
Қолганини тўкиб келай.
Сегаретам бирам ширин,
Яна битта чекиб келай...

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Шу инсонга ҳурматим баланд эди.
Бугун яна бир карра ошди.
Боши соғ бўлсин!!!

https://t.me/otabekmirzaqobilov


.............Муаллақлик...........

Сени севиб яшаш мумкин,
сенга етиб бўлмайди.
Сени кутиб яшаш мумкин,
сендан кетиб бўлмайди.

Эскирмагай сенинг дардинг,
эс кирмагай менга ҳам,
Эслаб эсдан кетиш мумкин...
эсда тутиб бўлмайди.

Кўча-кўйда кўрсам ногоҳ,
қоврилади ич-этим,
Кўрмай десам бу кўчадан
кўрдай ўтиб бўлмайди!

Сен -- ингичка, узун бармоқ,
оппоқ билак, хипча бел,
Бўғзимдаги бир қултум сув,
фақат ютиб бўлмайди.

Тилим тишлаб, сўзим ютсам,
яққол адолатсизлик,
Тил-у, тиш, лаб ҳадди сиғмас,
ошкор этиб бўлмайди.

Бу сўзни минг ўзгартирдим,
минг кўйга солдим ўзни,
Билдим тақдир битганини
қайта битиб бўлмайди.

Ерга урдим юрагимни,
ақлсиз бошни тошга,
Сенда қолган телба кўнглим -
уриб нетиб бўлмайди.

Сенда қолмас, менда қолмас --
ёшлик кетар бегумон,
Ёшликдаги муҳаббатим,
сендан кетиб бўлмайди.

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


............."Ҳазрати Хизр"да.............
   (Ислом Каримов хотирасига)

Сиз -- миллатнинг жасур ўғлони,
Сиз -- юрт учун умрини берган.
Сиз -- ўзбекнинг марду-майдони,
Сиз -- зулматга нур олиб кирган.
Сиз -- сукутда ҳайқиролган фард,
Сиз -- аждарга тик боққан закий.
Сиз -- ҳаққини талаб қилган мард,
Сиз -- Халқига едирган сахий.
Сиз -- шу элнинг тилида мангу,
Сиз -- тинч юртнинг кўкида нажим.
Сиз -- кечада кўрмаган уйқу,
Сиз -- эртани кўрган мунажжим.
Сиз -- замоннинг Мангубердиси.
(Шиддатига тан берган Чингиз.)
Қабрингизни тутди гул иси,
Обод бўлсин охиратингиз!!!

    Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov


..................ОТАМГА..................

Ота, ёшингизга ёшлар қўшилсин.
Ризқингизга ризқ-у, ошлар қўшилсин.
Мудом баланд бўлсин олтин бошингиз,
Пойингизга тоғу-тошлар қўшилсин.

Англасам бу дунё дард устида дор.
Оёғи сирпаниб йиғлаганлар бор.
Белимда боғланган арқоним бордай,
Гердайиб юрибман -- қатордаги нор.

Ота, устозимсиз умр йўлимда.
Дуойингиз ҳамроҳ ўнгу-сўлимда.
Сиз борсиз ортимдан қувар омадим,
Сиз борсиз дунёси менинг қўлимда.

Ҳаётдан ҳорисам ҳаловат бўлинг.
Кексалик чоғимдан аломат бўлинг.
Онам билан доим яшанг бахтиёр,
Ва менинг бахтига саломат бўлинг.

Ота, ёшингизга ёшлар қўшилсин!!!

   Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov

436 0 12 6 22

..........Шоир.........

Бир бола бор, ширинсўз,
Зап шоир, бахши бола.
Майхўр экан деманг сиз,
Ичмаса яхши бола.

Алпомишдай қомати,
Ёмонмас даромади,
Худо берган, омади --
Ичмаса яхши бола.

Кулманг у ҳам бир банда,
Онасига арзанда,
Лек бироз шинаванда,
Ичмаса яхши бола.

Гапни мардини ёзар,
Халқни дардини ёзар,
Сўз деб ақлдан озар --
Ичмаса яхши бола.

Кўкка назар солади,
Оғушига олади,
Ичса севиб қолади --
Ичмаса яхши бола.

Балки бахти битмаган,
Бой  ҳам бўлиб кетмаган,
Ойга бўйи етмаган,
Ичмаса яхши бола.

Лек... ичмаса ўлади,
Бағри қонга тўлади,
Халқ шоири бўлади,
Ичмаса яхши бола.

     Отабек Мирзақобилов

https://t.me/otabekmirzaqobilov

335 0 10 2 17

.....Йўл-йўлакай.....

Кўзойнаги қора қиз.
Бағрим тилка пора қиз.
Сизга битта гапим бор,
Эшитинг бир бора қиз.

Қош ўрнида ёй борми.
Чеҳрангизда ой борми.
Кўзойнакка кўмилган,
Кўзингизда жой борми.

Шайдо бўлдим мен сизга.
Гўзалликда тенгсизга.
Олинг ойнагингизни,
Чўкиб кетай денгизга!

Хаста дилим пора қиз.
Сиз дардимга чора қиз.
Кўнгли оқ, кўйлаги оқ,
Кўзойнаги қора қиз.

Олов севгим дард берар.
Дарёларга банд берар.
Севиб қолдим, атишга,
Уйланганим панд берар.

Кўзойнаги қора қиз.
Офтобда оввора қиз.
Ёлворади юрагим,
Эшитсангиз зора қиз!

Отабек Мирзақобилов.

https://t.me/otabekmirzaqobilov

Показано 20 последних публикаций.