МЕН БОСФОРДА БЎЛМАГАНМАН ҲЕЧ...
Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч
Уни сўзлаб беролмам сенга.
Лекин мовий кўзларинг ҳар кеч
Денгиз бўлиб кўринар менга.
Қилмаганман Бағдодга сафар
Карвон билан элтмадим хино.
Аммо бир зум тин олсам нетар
Тиззангга бош қўйиб дилрабо.
Шафқат айла жонгинам дерман
Ҳам қилурман қанча илтижо.
Россияда машҳур шоирман,
Нечун зарра қилмайсан парво?!
Куй таратар қалбимда гармон
Қайдадир ит хурар ойдин кеч.
Эрон қизи мовий бепоён
Юртни кўргинг келмайдими ҳеч.
Бунда кўнгил ёзгани эмас
Излаб келдим хаёлан сени.
Оққуш қанот қўллар ҳар нафас
Оғушига чорлайди мени.
Нолишим йўқ ўтган умримдан
Аммо ҳорғин дил излар ором.
Дилбар менга қувноқ юртингдан
Бирор нарса сўйла бу оқшом?!
Афсун билан тарқат ўйларим
Токи чиқсин қалбида гармон.
Токи ўша шимол дилбарин
Ўйламайин, қилмайин армон.
Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч,
Аммо сўзлаб берурман сенга.
Чунки мовий кўзларинг ҳар кеч
Денгиз бўлиб кўринар менга!
© Сергей Есенин
© Таржимон: Эркин Воҳидов
Kanalga qoʻshiling:
@Nurnews_uz