УЛУҒ АЛЛОМА ИБРАТИ
Бурҳонуддин Марғинонийнинг "Ҳидоя" асари қарийб тўққиз асрдирки, бутун ислом дунёсида қонуншунослик борасида дастуруламал бўлиб келмоқда. "Шубҳасиз, "Ҳидоя" номли китоб ўзидан олдинги олимларнинг фиқҳга доир ёзган ҳеч бир китобига зарурат ва эҳтиёж қолдирмагандир". Ўша давр алломаларидан бирининг ушбу эътирофи ҳам бу мўътабар асарнинг аҳамиятига ҳужжатдир.
Улуғ алломанинг шогирдларидан Имом Имоуддиннинг "Ҳидоя"га ёзган мадҳиясида шундай мисралар бор:
"Ҳидоя" ўзини англаганларни ҳидоятга эргаштирган,
Кўрликни (жаҳолатни) бартараф этган бир китобдир.
Шундай экан, эй соғлом фикр соҳиби бўлган киши,
Унга ёпиш ва уни ҳеч ташлама.
Кимки унга етишиб, қўлга киритса,
Амалларнинг энг юксагига етишган бўлади.
"Ҳидоя" форс, рус, инглиз ва жаҳоннинг бошқа кўплаб тилларига бир қанча марта таржима қилинган. Араб тилидаги асл матни ва таржималари қайта-қайта нашр этилган. Шунинг ўзиёқ ушбу асарга бўлган эҳтиёж ҳар доим ҳам катта бўлганини кўрсатади.
Турк олими Аҳмад Мейлоний "Ал-Ҳидоя" муаллифининг ҳаёти тарихи" асарида Бурҳонуддин Марғинонийнинг нечоғлик пок, қилган амалларига заррача риё аралаштирмайдиган тақво соҳиби бўлганини кўрсатувчи бир далил келтиради. Унда ёзилишича, аллома "Ҳидоя"ни ўн уч йилда ёзиб тамомлаган. Бу узоқ муддат давомида у муттасил равишда рўзадор бўлиб, бирор кунини рўзасиз ўтказмаган. Лекин риё бўлмасин учун рўзадорлигини ҳеч кимга билдирмаган. Ҳатто хизматчи таом келтирганда унга: "Қўйиб кетавер" деб, хизматчи кетгач, таомни ё талабаларидан бирига ёки бошқа бирор кишига едирган. Кайтиб келганда бўш идишни кўрган хизматчи таомни алломанинг ўзи тановул қилган, деб ўйлар экан. Мана, ҳар бир ишни хўжакўрсинга эмас, холис Яратганнинг розилиги учун бажариш қандай бўлади?! Барча замонлар кишилари учун ўрнак ва намуна бўларли ахлоқ!
Имом Бурҳонуддин Марғиноний "Ҳидоя"дан ташқари "Нашр ул-мазҳаб", "Китобу таносук ил-хос" ёки "Маносик ул-ҳаж", "Китоб фил-фароиз" ("Мерос масалалари ҳақида китоб") ва бошқа ўнлаб асарлар ёзган. Алломанинг асарлари ислом ҳуқуқшунослигининг барча жабҳаларини қамраб олгани, келтирилган далилларнинг кучли экани билан алоҳида ажралиб туради.
Бурҳонуддин Марғинонийнинг бешта фарзанди бўлиб, уларнинг барчалари илм-маърифатда юксак мақомга эришган. Алломанинг юзлаб шогирдлари устозлари ишини муносиб давом эттирган.
Нурбой Жабборов