ОРЗУЛАРИ – КАРВОН, САРБОНИ ИШОНЧ
Биринчи мақола
Миллий шеъриятимизни дунёга машҳур қилганлар орасида Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхонимнинг ўрни алоҳида. Шоира ўз халқининг орзу-истакларини Осиё, Африка минбарларида жаранглатиб айтганидан ҳақли равишда ифтихор қилган эди. Юксак назмий асарлари халқаро миқёсда эътироф қозонган эди.
Муҳаббат, садоқат, вафо, ибо, ҳаё... Дунёнинг айрим халқларида бундай тушунчаларнинг ўзи ҳам, ҳатто уларни ифодалайдиган сўзлар ҳам мавжуд эмас. Бахтимиз шундаки, булар бизда қадрият даражасига кўтарилган. Шундай фазилатлардан маҳрумлик биз ўзбекларда айб саналади. Зулфияхоним миллатимизнинг ана шу сифатларни мужассам этган комил фарзанди, ардоқли ижодкоридир.
“Баҳор келди сени сўроқлаб...” Ҳар йили баҳорнинг илк куни –Зулфияхоним таваллуд айёмида бу дил изҳори шеърият муҳиблари кўнглида акс садо беради... Негаки, Зулфияхоним ва баҳор эгизак тушунчалардир. Бу фақат шоира туғилган сана билангина боғлиқ эмас. Таъбир жоиз бўлса, унинг ижодини миллий шеъриятимизнинг ўзига хос баҳори, дея таърифлаш мумкин. Одамзод ва табиат мутаносиблигини шоира мана бу тарзда васф этган эди:
На масъуд ҳузур бу, ёруғ жаҳон бу –
Ер, Инсон баҳор-ла қовушган онлар!
Зулфия адабиёт майдонига қонида яшаш завқи жўшиб, дилида севги тўлқини тошиб кирди. Асарлари миллий шеъриятимизда бамисоли нафис баҳор чечаклари бўй кўрсатганидан дарак берди. Шеърлари адабиёт мухлисларини ўзига бутунлай ром этди; ижодий истиқболи порлоқ эканини кўрсатди. Машҳур адибу шоирлар эътирофи ҳам бу фикрни тасдиқлайди: ижодкорнинг “ҳар парда – сатри ҳаётий шашмақомлардир” (Ғафур Ғулом); у “ўзбек аёлининг қалбини кашф этди” (Асқад Мухтор); “ҳар янги шеърида илгарилади” (Миртемир); муҳиблар унинг “Ҳижрон кунларида” шеърий тўпламини, “Уни Фарҳод дер эдилар” достонини ёд олиб, бир-бирига ўқиб юрди” (Озод Шарафиддинов); “асарлари бамисоли сўнмаган олов ёхуд тирик гулдасталар каби авлодлардан авлодларга ўта олди” (Абдулла Орипов). “Уни Фарҳод дер эдилар” (1943), “Ҳижрон кунларида” (1944), “Ҳулкар” (1947), “Ўйлар” (1965), “Висол” (1972), “Йиллар, йиллар...” (1975) шеърий тўпламлари шоиранинг ижодий камолотига далилдир. “Мушоира”, “Ўғлим, сира бўлмайди уруш”, “Қозоғистон ўланлари”, “Мен чизолмаган сурат” шеърлари шоирага шуҳрат келтирди.
Муҳаббат аталмиш бебаҳо неъмат туфайли Зулфияхоним тақдири элимизнинг атоқли шоири Ҳамид Олимжон билан туташди; ижодда у билан жўровоз бўлди, бетакрор асарлар яратди. Афсуски, “бахтли муҳаббатни куйлаган сози ўлим ханжарига тегди” – суюкли умр йўлдоши, фарзандларининг отасидан ногоҳоний айрилиқни, кўнглидаги чўнг изтиробни шоира ана шундай ифодалаган эди. Қанчалик оғир бўлмасин, бу мусибат уни синдира олмади. Дилбандлари Ҳулкар ва Омонга “Сен ўс – соғлом, беқайғу эркам, Муҳаббатим бошингга соя”, дея ўзбек онасига хос улуғ фазилатни намоён этди. Шоиранинг бу давр ижодида қуюқ бир дард тасвирини кузатиш мумкин. Бу дард, бу изтироб унинг назмида ёрқин образ, юракни ўртайдиган таъсирчан бадиий талқин, кўнгилга яқин, халқона ифода орқали намоён бўлди:
Кўз очгани қўймайди алам,
Бошим қўйсам куйдирар болиш.
Юпатолмас китоб ва қалам,
Мисраларим кўтарар нолиш.
Тоғдай деб ўйлаган юраги қуш бошича эканини ҳис этган, енгаман деган сари тобора ортиб борувчи ғам-алам юки оғирлик қилган кезлар, табиийки, шоира ҳаётида кўп бўлган. Заифлиги ҳоким келган дамларда у ҳатто ўзини ҳам ёмон кўрди; майда ҳислар измида қолишдан сақланди. Давоми...
Нурбой Жабборов