ИЛМ ЗАҲМАТИДАН ТОПИЛГАН ШАРАФ
Илм йўлидан юриш ҳамма замонларда ҳам осон бўлган эмас. Буюк шоир Муҳаммадризо Огаҳий таърифича, бу йўлнинг “нўши бир бўлса, ниши минг, роҳати бир бўлса, ташвиши минг”. Лекин йўлчи собитқадам бўлса, охир-оқибатда кўзланган манзилга етмоғи ҳам айни ҳақиқатдир. Замонамизнинг машҳур адабиётшуноси академик Наим Каримов илм заҳматидан лаззат олиб, шараф топган олимлардан.
Наим акани шахсан таниганимга ўттиз йилдан ошди. Илмий-адабий анжуманларда устознинг сокин, бироқ мағзи тўқ, теран илмий тафаккур маҳсули бўлган маърузаларини тинглаб, ҳавас қилганман. Қатағон қурбонлари тақдири ҳақида архив ҳужжатлари ва бирламчи манбалар асосида ёзилган, юксак интеллект ҳамда юрак тўлқинлари уйғун ифодаланган ҳароратли мақолаларини ўқиб, беҳад таъсирланганман, ҳатто газета ёки журналнинг ўша саҳифалари кўз ёшларимдан ивиб кетган.
“Фидокор” газетасида ишлаган кезларим журналистик фаолиятга бутун салоҳиятимни бағишлаганман. Замонамизнинг Озод Шарафиддинов, Тўрабек Долимов, Абдуқодир Ҳайитметов, Шариф Юсупов, Бегали Қосимов, Неъматулла Иброҳимов, Музаффар Хайруллаев, Тўра Мирзаев сингари атоқли олимлари, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов каби қаҳрамон шоиру адиблар билан адабий-маърифий суҳбатларим газетада пешма-пеш босилаётган кезлар эди. 1999 йил май ойининг бошларида устоз Наим Каримовнинг ҳузурига бориб, газета учун суҳбат ёзиб олиш ниятини билдирдим. Устоз мамнуният билан розилик билдирдилар. “Маърифат – саодат калити” сарлавҳали суҳбатимиз “Фидокор”нинг ўша йилги 18 май сонида нашр этилди. Бу суҳбат учун Наим акамга илиқ фикрлар кўп айтилганига заррача шубҳам йўқ. Ҳатто каминага ҳам телефон орқали ёки бевосита кўришганда, раҳмат айтганларнинг сонини аниқ билмайман. Суҳбатни республикамизнинг барча вилоятларидаги бош газеталар кўчириб босди. Хуллас, устозга яқинлашганим заҳоти менинг ҳам шуҳратим ошиб кетди.
Шундан кейин Наим акам билан яқин одамларга айландик. Ўзаро мулоқотларимиз аста-секин ҳақиқий устоз-шогирд муносабати даражасига ўсиб чиқди. Яқинлашганим сари Наим аканинг ҳақиқий олим бўлиши баробарида одамийликда ҳам ўрнак бўла оладиган чин инсоний фазилатларини кашф эта бордим. Янгамиз ҳам муниса, меҳмондўст, самимий, устозга муносиб ҳақиқий зиёли аёл эканлар. Аллоҳ биргаликдаги умрларини зиёда этсин, бу оилага қанчалик ҳавас қилса арзийди.
Наим акам Шаҳидлар хотираси хайрия жамғармаси ва Қатағон қурбонлари музейи томонидан ташкил этиладиган илмий анжуманларга мени мунтазам таклиф этиб келадилар. Беҳбудий, Мунаввар қори, Чўлпон ва Туркистон жадидчилик ҳаракатининг бошқа кўплаб намояндалари ижодий-маърифий фаолиятига бағишланган анжуманларда бирга маърузалар қилдик. Устоз Наим Каримовнинг иштироки бу анжуманларга алоҳида файз бағишлайди. Ҳар сафар янгидан-янги мавзуларда маърузалар қилиб, оҳори тўкилмаган тарихий-адабий факт ва маълумотларни келтирадилар, янги илмий талқинларни илгари сурадилар. Менинг тасаввуримга кўра, Наим ака ҳатто уйда бўлган кезларида ҳам адабиёт ҳақида ўйласалар керак, илмий-ижодий тафаккур у кишининг доимий ҳамроҳи бўлса керак. Агар шундай бўлмаса, ҳозиргидек мўътабар ёшда ҳам бири иккинчисини такрорламайдиган янгидан-янги тадқиқотлар яратилмаган бўлар эди, деб ўйлайман. Назаримда, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл, Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл” деган ҳикматларини ҳаётий аъмоли даражасига кўтара олгани учун ҳам устоз Наим Каримов илмда, ижодий тафаккурда ҳануз фаол бўлса ажаб эмас. Давоми...
Нурбой Жабборов
Бу мақола бундан икки йил муқаддам устоз адабиётшунос Наим Каримов таваллудига 90 йил тўлиши муносабати билан ёзилган эди. Афсуски, домла 2023 йил сентябрида вафот этдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин! Бугунги ёшлар камолга эришмоқ учун миллатнинг улуғ олимларини таниши, асарларини мутолаа қилиши, ибратланиши зарур. Ана шунда эзгу ниятда устоз олим ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола этаман.