Ноижтимоий Ўзбекистон: Ўқитувчининг таътил пулини кесишда синалган ноқонуний методичка энди ҳамма меҳнаткашларга нисбатан қўлланиладиКучга кирганига 2 йил тўлмаган Меҳнат кодексига адашмасам, бешинчи марта
ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳа, нима бўпти, дейишга шошилманг. Чунки сиз агар олигарх ўғри ёки чиновник бўлмасангиз, кун ва тийин санайдиган меҳнаткаш бўлсангиз, бу сизнинг зиёнингиз учун.
Хусусан, энди
якшанба куни ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлашда ва меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўлашда ҳисобга олинмайди. Бу дегани агар 24 кун кунга меҳнат таътили берилса, сизга 21 кунлик таътил пули тўланади. Таътил олмай, ишдан бўшаб кетсангиз ҳам компенсация пули худди шу тартибда, нонингизни туя қилиб ҳисобланади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Худди шу қоида, яъни меҳнат таътили ҳисобидан якшанбани ҳисобга олмаслик бечора ўқитувчиларга 2023 йилдан бери қўллаб келинмоқда. Тасаввур қилинг, қонунга зид бўлса ҳам,
ҳукумат қарори асосида, яна
Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинган йилдан бошлаб, Ўқитувчиларга 56 кун таътил берилиб, 48 кунга таътил пули тўлаб келинган.Хўп бўлади мактаб вазирлиги ғинг демаган, таълимдаги саноқсиз боқиманда профсоюзлар ғинг демаган. Энди ўқитувчилар танасида синалган бу усул Ўзбекистондаги барча меҳнаткашларга нисбатан қўлланилади. Табиийки, садоқатликлар учун оромгоҳга айланган ва казоларга совға ташийдиган бассейн профсоюзлар яна овоз чиқармайди.
Бу ўзгартиришлар қачон ва қаерда жамоатчилик билан муҳокама қилинди, ташаббус қайси бир минорадан чиқди, тўғриси, мен билмайман. Лекин биламанки, мақсад пулни тежаш бўлган. Ахир бойларнинг хизматидаги қорни тўқ ўзбек чиновниги кабинетидан, хизмат машинасидан, сафар ва устамаларидан, алоҳида бонусларидан тежамайди-ку. Фестивал, банкет ва форумлардан тежамайди-ку. Меҳнаткашларнинг таътил пулидан уриб қолиб, бемалол тежаш мумкин. Меҳнаткаш ҳам одамми?
Ўзбекистон ижтимоий давлат? Бу шунчаки шиорми? Конституцияда шунақа ёзилган бўлса, нима қипти?