Амалдори камтар мамлакат бой бўлурми?“Нода Ёшиҳико бош вазирлиги даврида Ҳукумат бош котиби ўринбосари бўлиб ишлаган бир инсон келарди. Япония сиёсий тизимида Ҳукумат бош котиби (内閣官房長官) ниҳоятда обрўли ва масъулиятли лавозим—уни эгаллаб турган инсон вазирлик ва агентликлар фаолиятини тартибга солиб туради, айни пайтда ҳукумат сиёсатини матбуотга етказиш вазифасини ҳам ўтайди. Унинг ўринбосарлари ҳам анчайин катта мавқега эга.
Қисқаси, ана шу бир вақтлар бош котиб ўринбосари бўлган инсон биз билан дарсдан сўнг овқатланишга чиқарди, кейин эса поездда (Токионинг энг кенг тарқалган жамоат транспорти) уйига кетарди. Аслида Японияда бу жуда оддий ҳол бўлмасада, кўп учраб туради. Аммо ўша даврда мен бунга ҳайрон қолардим: майли, ҳайдовчиси йўқдир, ўзи машинада юрса бўлмасмикин,
деб”.Албатта, амалдорлар камтарлиги сохта мажбурият учун эмас, Япониядаги каби ички маданият, сиёсий зарурият бўлиши зарур. Агар бу кўзкўрдига айланса, халққа контрактацияни ёпиб қўйиб, амалдорларга АҚШ ва Хитойда ишлаб чиқарилган “маҳаллий Tahoe ва Malibu” етказиб бериш каби
кулгули иккиюзламачиликка айланиб кетади.
Ўзбек чиновниклари ҳашамати қимматга тушганидек, энди уларнинг сохта камтарлиги ҳам яна халққа қимматга тушмоқда.
Ўзи камбағал мамлакатлар амалдорлари бебилиска ва ҳашаматли ҳаётга ўчлиги, бой мамлакатлар амалдорлари камтар ҳаёт тарзини танлаши ҳайратга солмаслиги керак. Битта маъмурий топшириқ билан бу бузуқ тарозини ўзгартириб бўлмайди, қайтанга яна тескари натижалар бераверади. Сиёсий эркинликлар, соғлом сиёсий рақобат, эркин сайловлар, халққа ва тийиб турувчи парламентга ҳисобдорлик, мустақил суд, сайловлар орқали доимий алмашинадиган ҳукумат ва эркин матбуотгина амалдор синфини камтар қилади.