Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Қайга борсам бошда дўппим,
Ғоз юрарман, гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.
Ғоз юрарман, гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.
Ўзбекистон Республикаси Қаҳрамони, халқ шоири устоз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасидаги ушбу сатрларни ўқиган ҳар бир ўзбек ўғлони қалбида фахр-ифтихор туйғулари жўш уради, кўрпа тахмони орасида турган дўпписини олиб тахини авайлаб очиб, бошига гўё тож каби ўрнатади.
Либослар – ҳар бир халқ тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, у миллий ўзига хосликни акс эттиради. Либослар турли этник белгилари билан ҳам ажралиб туради. Дунё тарихида кийим инсоният тараққиётининг энг қадим даврларида, яъни 40-25 минг йил илгари пайдо бўлган бўлиб, уларда халқнинг моддий аҳволи, кишиларнинг диди, гўзаллик ва нафисликка интилишлари яққол намоён бўлади.
Минтақамиздаги иқлим, шарт-шароит ва кўп йиллик тарихга эга эътиқодимиз асосида ўзига хос миллий либосларимиз шаклланиб келган. Миллий либосларимиз нафақат миллатимиз кўркини, балки маънавий мафкураларимизни ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни ҳам намоён этади.
Бугунги кунда мана шу узоқ тарихни босиб ўтган, аждодларимиз мафкураси ва дунёқараши ҳақида сўзлайдиган миллий либосларимизни тарғиб этиш миллийлигимизни сақлаб қолиш билан боғлиқдир.
Аслида собиқ иттифоқ даврида ҳам 15 та республика миллатлари акс этган панноларда ўзбек йигитлари беқасам тўн ва дўппи, қизлари атлас кўйлагу рўмолда тасвирланарди. Бугунга келиб беқасам тўнни бозорлардан топиш мушкул бўлиб қолди. Айни пайтда ёшлар ўртасида миллий кийимларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Шуни ҳисобга олиб бозорларда миллийлигимизни тарғиб этишга қаратилган расталар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Миллий либослар ҳақида сўз борар экан, аҳоли томонидан билдирилаётган айрим таклиф ва фикрларни газетхонлар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик. Ўзбекистон турли эл-элатларини бирлаштирган ягона давлат. Уларнинг юқорида таъкидлаганимиздай табиий шароити, тарихи билан узвий боғланган кийимлари бор. Хоразмликларнинг, қорақалпоқларнинг кийимларидан қаердан эканлигини дарров аниқлаб олиш мумкин. Шунингдек, Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаси, Фарғона водийси аҳолисининг либосларида ўзига хослик бор. Аммо кўпминг йиллик Жиззах аҳолисининг байрам ва тўй-ҳашамларга киядиган ўзига хос кийими йўқ. Ёшлар ўртасида Ғарб давлатларининг, арабларнинг кийимига ҳаваси келиб, тақлид қилаётганлар камаймаётганига ҳам балки шу сабабдир.
Хотин-қизлар ва оила масалалари бошқамаси, маънавият ва маърифат маркази ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари шу ҳақда ўйлаб кўришса яхши бўларди. Шу баҳонада жиззахликларнинг ҳам ўзига хос кийимлари пайдо бўлиб қолармиди?
Лекин нима бўлганда ҳам ўзбек миллий либослари халқимизнинг бой маданий меросининг ажралмас қисми бўлиб, унинг гўзаллиги, нафислиги ва тарихий аҳамияти билан ажралиб туради. Улар ўзида Ўзбекистоннинг турли даврларини, халқнинг ҳаёт тарзини ва санъатини акс эттиради. Миллий либослар бугунги кунда ҳам ўзининг жозибадорлигини йўқотмай, аксинча, янги шакл ва услубларда бойиб бормоқда. Шу орқали бизнинг миллий либосларимиз ўзига хос тарихи ва бетакрорлиги асрлар оша яшайверади.
Асад МУСТАФОЕВ