Madina Miytan


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: не указана


Ko‘proq psixologiya, kamroq boshqa narsalar haqida.
migrantlar uchun: @immigrations_psychology
👉 @madina_miytan
🗣 : @izohlaruchunbot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


Йўқдан Бор Қилувчилар ва Борни Йўқ Қилувчилар: Замонавий жамиятдаги психологик парадокс

Инсон тафаккурининг икки қувватли кучи – яратиш ва йўқ қилиш – ҳар доим жамият ривожида муҳим роль ўйнаб келган. Эски замонлардан бери халқимизда “йўқдан бор қилувчи”лар – чексиз тафаккур ва ижодкорлик эгалари бўлишган. Уларнинг қўлига тушган ҳар бир буюм, ҳар бир иш, ҳар бир ғоя ўзига хос эстетик ва функционал аҳамиятга эга бўлган.

Уларнинг ҳаётий фаолиятидаги энг муҳим жиҳати – кам ресурслардан максимал фойда олишга интилиш, чекланган имкониятлар доирасида янгилик ва мароқли нарсаларни яратиш бўлган. Масалан, уйидаги бор маҳсулотдан мазали янги таомлар тайёрлаш, эски, яроқсиз ва муддатини тугатиб бўлган буюмларни яна бошқача қўллаш орқали уй-жойни ободонлаштириш, тош, ғишт ва тупроқдан чиройли уй-жой қуриш – буларнинг барчаси “йўқдан бор қилувчи”ларнинг ижодий салоҳияти ва иқтисодий тафаккурини меваси ҳисобланади. Улар ўз меҳнати ва ижоди орқали нафақат моддий бойликни яратган, балки оила аъзоларини ҳам маънан қаноатлантирган. Бундай инсонлар эл-юртда иззатда ва жамиятда эса катиа ҳурматга сазовор бўлишганлар.

Бироқ, замонавий жамиятда янги бир тоифа – “борни йўқ қилувчи”лар пайдо бўлди. Ҳозирги, тўқчилик давридаги фаровонлик ва моддий бойликларнинг кўпайиши кўпчиликда исрофгарчилик, бепарволик ва моддий бойликларга эътиборсизликни келтириб чиқараяпти.

“Борни йўқ қилувчи”лар учун асосий нарса – фақат, истеъмол қилиш, эски нарсаларини янгисига алмаштириш, бугунги кунининг роҳат-фароғатига берилишдир. Уларни эски нарсаларни қайта ишлаш, тежамкорлик ёки яратиш қизиқтирмайди. Улар кўпроқ бошқалар яратган нарсаларни истеъмолчиси, бир томондан жамиятнинг иқтисодий ғилдираги яхши айланиши учун бундай тоифа ҳам керак.

Уларнинг психологик портретида тежамкорлик ва ақл билан ҳаракат қилиш ўрнига юқори даражадаги орзу-ҳавас ва кўр- кўрона истеъмолчилик ғолиб келади. Натижада эса, албатта моддий бойликлар тезкорлик билан сарфланади, чиқиндилар миқдори ортиб бораверади ва кегин экологик мувозанат ҳам бузилади.

Бу тоифадаги инсонларнинг психологик жиҳатларини тадқиқ қилишда уларнинг маъсулиятсизлиги, бепарволиги ва келажакка нисбатан бефарқлигига эътибор қаратиш жуда муҳим. Аслида жамият ривожи учун ҳар икки тоифа ҳам керак, бирини яхши ва бирини ёмон десак объектив баҳо бўлмаган бўлар эди.

Икки тоифанинг таққосланишида психологик қуйидаги жиҳатларни кўриш мумкин. “Йўқдан бор қилувчи”ларда яратишга интилиш, муаммоларни ечишга мойиллик ва иқтисодий тафаккури юқори даражада бўлса, “борни йўқ қилувчи”ларда эса тежамкорлик кам учрайди, уларда қаноатланиш ҳисси паст бўлади, доимо янги нарсага интилиш ва эскисига нисбатан бефарқлик кузатилади.

Бу икки тоифанинг бир-биридан психологик фарқи, асосан эҳтиёжларининг табиатида, масъулият ҳиссида ва келажакка бўлган муносабатларида яққол кўзга ташланади.

Жамиятнинг барқарор ривожланиши учун иккала тоифа ҳам муҳим деб, бекорга ёзмадим. “Йўқдан бор қилувчи”ларнинг ижоди ва тежамкорлиги жамиятнинг ривожланишига, “борни йўқ қилувчи”ларнинг эса истеъмолни рағбатлантириш ва бозор иқтисодиётининг тез айланишга ҳиссасини қўшади.

А унда муаммо нимада, деяпсизми?!

Муаммо, иккинчи тоифанинг ортиб бораётганлиги ва биринчи тоифанинг камайиб бораётганлигида, деб ўйлайман. Албатта, бунга қандайдир аниқ статистик рақамларим ва илмий даллилланган асосларим йўқ. Бу кузатувларим орқали келган хулосам.

Шунинг учун таълим ва тарбия жараёнида тежамкорлик, яратишга интилиш ва масъулиятни шакллантиришга алоҳида эътибор бериш зарур. Шундай ёндашув билан жамиятнинг иқтисодий барқарорлигига, экологик тоза муҳитнинг сақланиши ва ривожланишига эришишимиз мумкин.

#sotsial_intellekt
@madina_miytan


Баъзан, "ҳаёт сиз ўйлагандан кўра осонроқ" деган мазмундаги оптимистик постлар ёзганманку...

Ўша пайтлардаги кайфиятимни таърифлашга уриниб кўраман: имконсиз нарсани бемалол қабул қила оладиган, "ҳай майли, шу бўлмаса бўлмас, осмон узилиб ерга тушармиди?" дея бепарволик билан муносабатда бўладиган ҳолатта бўламан. Кегин, қийинчиликларга чидамлилигим барқарор бўлади ўша пайт ва албатта, чидаб бўлмас нарсага ҳам сабр-тоқат қила оладиган даражадаги ички куч ва мувозанатда бўламан. Хуллас, худди олий даражадаги стрессга чидамим ўта юқоридек ҳис қиладиган кайфиятта бўлган бўламан.

Аммо, кайфиятим йўқ бўлиб, дунё кўзимга қоронғу кўринса ёки ҳаёт монохроматик, рангизсиз туюлса, ўша ёзган оптимистик постларимга ўзим амал қиламанми?
Йўқ.
Мен ҳам оддий инсонман.
Бундай пайтларда, афсуски, ўша оптимизмнинг ўзига бўлган ишончим сусайиб, ҳаётнинг қийинчиликлари кўзимга янада каттароқ кўрина бошлайди😁

Лекин, бундай ҳолатлар ҳам нормал ҳолат. Инсоннинг эмоционал ҳолати доимо ўзгариб туради. Баъзида, юқорида ёзганимгидек кучли ва мустаҳкам кайфият, баъзан эса руҳий тушкунлик ҳолати бўлади. Бу – табиий жараён. Мингдан биридами, шунақа кайфият тушиши билан ҳам биз ўзимизни қайтадан "обновление" қилиб оламиз, янгиланамиз. Бунақа ҳолатлар аслида бизга тажриба тўплаш, ўзгаришларга мослашиш ва янада кучли бўлиб чиқишимиз учун зарур бўлган жараёнлар.

Кимдир агар ҳозир монохроматик кайфиятта бўлса, хавотир олманг, бу ҳолат вақтинчалик. Ўтиб кетади. Муҳими, бундай тушкунлик ҳолатларида ўзингизни ёмон ҳис қилишга жа берилиб, чуқурлашиб кетишингизга йўл қўйманг. Ўзингизни қўллаб-қувватланг, яқинларингиз билан мулоқот қилинг (ғийбатлашинг😁) ва зарур бўлса, мутахассислардан ёрдам сўранг.

Ҳаётнинг турли ранги ва сояларига тайёр бўлинг ва энг муҳими – ўз ўзингизни қабул қилинг.

Биз – инсонмиз, ва инсон бўлиш – бу ўзгаришларга, кўтарилишлар ва тушишларга тўла бўлган табиий бир жараён.

#миссис_оқлой
@madina_miytan


🌙 Рамозон ойини кутиб олиб, биринчи саҳарлик ва ифторликкача етиб келиб, ўз танангизда очлик синовидан ўтиб, оғиз очардаги шукроналик ҳисси билан ҳамду санолар айтиб ўтирибсизларми✨

Рамазон ойингиз қутлуғ келиб, хайр ва баракали ўтсин💫
@madina_miytan


Menimcha: 
"Agar sizdan biror narsa haqida so'rashsa iloji boricha to'g'ri javob berishingiz kerak, lekin so'ralmagan narsa haqida jiiimmm turgan yaxshiroq",

  - deb yozish fikri
V. Franklga ham menga o‘xshab "jim tursam bo‘lardiku" deb, jim turaolmagan paytda kelgan bo‘lsa kerak🤡
#alkash_idrok
@madina_miytan


Марҳамат, кимлага юборишни биласиз🤡


Қарғиш: Эмоциянинг Кучими ёки Кучсизликнинг Белгисими?

Мен, психолог сифатида ҳам, оддий аёл ва инсон сифатида ҳам бу темага негадир қизиқаман. Турли хил қарғишли иборалар диққатимни тортаверади, тўғриси баъзи кундалик оддий ҳолатлар учун эшитадиган қарғишларимдан кулгим ҳам қистайди🤡
А жиддий ҳолатлар учун эса бунга диққатимни сабабини, кўпинча мижоларимнинг ҳаётида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар тортса, бошқа томондан одамларни кузатишга бўлган қизиқувчанлигим

Масалан, кузатувларимга кўра кўпинча одамларимиз турли ноҳақликларга, адолатсизликларга жавобан қўллайдиган ибораларимиз бор: "Худога солдим", "Худо жазоингни берсин", "Дўзахга ўтин бўл", "Болаларингдан қайтсин" ва ҳ. о.

Бу иборалар ортида қандай психологик жараёнлар ётади?

Бунинг илмий асоси нимада?

Бу саволларга жавоб топиш учун жуда кўп психологик тадқиқотларга мурожаат қилиш зарур. Мен бу темани батафсил ўргандим деяолмайман, бироқ қизиқишларим доирасида чиқиб қолган инфоларни ўқиб борганман. Ва, шу билганларимга асосан қисқача психологик эссеча ёзишга (ҳаволалар шу сабабдан бераолмайман постда) қарор қилдим.

Биринчидан, бу иборалар инсоннинг ўз ҳаёти устидан назорат йўқолишидан келиб чиқадиган стресснинг намоён бўлишидир. Адолатсизликка дуч келганда, кучсизлик ҳиссиёти пайдо бўлади. Инсон ўзининг воқеаларни бошқара олмаслигини англаганда, нохуш ҳис-туйғулар – ғазаб, қўрқув, ноумидлик юзага келади. Қарғиш, бу ҳолатда "ўзини оқлаш механизми" сифатида ишлайди.

Инсон ўзининг кучсизлигини тан олишни истамай, воқеаларни бошқаришга ҳаракат қилади – ҳатто, бу бошқариш ёлғон ва ишончсиз бўлса ҳам. Қарғиш, яъни "олий кучлар" га мурожаат қилиш, назорат иллюзиясини яратишга хизмат қилади. Гўё, шу билан ҳотиржамлик ҳиссини туяди, но аслида бундай бўлмайди. Иллюзия бу иллюзия.

Иккинчидан, бундай эмоционал реакцияларнинг гендер жиҳати ҳам бор. Менинг кузатишларимга кўра, аёллар кўпинча эркакларга нисбатан кўпроқ қарғайдилар. Буни тўла стереотип эмас, балки маълум даражада ҳақиқатга яқин.

Аёллар кўпинча эмоционал экспрессионлиликка мойил бўлишади ва жамият томонидан қўшимча босимга эркакларга нисбатан кўпроқ учрайдилар. Улар ҳаётида бўлаётган ноҳақликларни ифода қилишда, айниқса, оилавий муносабатлардаги муаммоларни ифода этишда қарғиш шаклидаги реакцияларни кўп кузатишимиз мумкин.

Бу, албатта, жамиятнинг аёллар билан боғлиқ тарбиявий ва ижтимоий нормалари, уларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг эмоционал экспрессионлигига бўлган муносабати билан ҳам боғлиқ.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам "Худога солдим" каби иборалар инсоннинг кучсизлик ҳиссиёти ва стресс билан боғлиқ психологик ҳолатларининг намоён бўлиши.

Бу ибораларнинг ҳеч қандай самараси йўқ, аксинча, улар инсоннинг салбий ҳис-туйғуларини кучайтиради ва стрессни оширади.
Мабодо кимдирни қарғиши амалга ошган бўлса, бу шунчаки тасодиф ёки кўплаб бошқа омиллар сабаб. Ҳа, албатта кимнидир дилини оғритиш ва адолатсизлик қилиш ёмон. Но, пост улар ҳақида эмаслиги учун бунга тўхталмайман.
Қарғиш билан, агар у амалга ошса ҳам барибир ҳотиржам бўлаолмайсиз. Сизда танлов бор, ё сизга қилинган ёмон муносабатга соғлом ечим топасиз, фарқи йўқ қандай ҳаракатланасиз (яхши одам бўлиб ёки ёмон одам), ёкида кучсиз бўлиб худога соласизу эсдан чиқаролмай қарғаб юраверасиз. Умуман,яна бошқа вариантлар ҳам бор. Масалан, кечириш. Но, бу жуда қийин, баъзи ҳолатлар учун бу имконсиз ҳам (кечириб бўлмайдиган ҳолатлар бор).
Хуллас, қарғиш самарасиз психологик нуқтаи назардан.

Агар сиз соғлом эмоционал саломатлик учун муаммони ечишга йўналтирилган амалий ҳаракатлар қилишни истасангиз ва зарур бўлса, албатта мутахассислардан ёрдам сўраш муҳим. Мутахассис сизга ўз ҳис-туйғуларингизни бошқаришни ва стрессни енгиш усулларини ўрганишга ёрдам беради.

#mental_salomatlik
#egzistensiyallyuboykunmuborak
@madina_miytan


"Только не говорите мне, что любить жизнь – это значит бегать по утрам или работать до седьмого пота. Любить жизнь – это всё делать со вкусом, медленно и неторопливо"
Филипп Нуаре

P. S. Уфф йя, сейчас сама "бегу" 😉
@madina_miytan






Мана шу эссечангизга бир мисолим бор эди. Доимо мен ўйлаб юрган вазиятларга ёки мунсоабатларга сиз МУТАХАССИС СИФАТИДА ном қўйиб берасиз бу учун сизга рахмат! Мен турмуш ўртоғим билан учрашиб юриб турмуш қурганман. Ҳақиқий соф муҳаббат билан, ҳар ҳолда мен учун шундай😇жайдаричасига айтганда кўзим кўр қулоғим кар бўлган. Кейин у оилага келин бўлиб тушганимдан сўнг, уларнинг мени қаттиқ назорат қилишлари, ҳар бир ҳатти ҳаракатимни кузатишлари ёки камчилик топишлари ўзимга бўлган баҳони жуда тушуриб юборган. Илк бор менда қиёслаш бошланган, унинг оиласи билан ўзимнинг оиламни солиштира бошлаганман. ВА бу ҳолат ўзимнинг оиламдан камчиликлар топа бошлашимга олиб келган. Унинг оиласини эса идеаллаштириб юборганман. Шу қадарки ҳатто мен уларга лойиқ эмасман деган тасаввур уйғонган (балки уйғотишган). Мен аввал турмуш ўртоғимни шунчаки соф муҳаббатим орқали яхши кўрган бўлсам, кейин иделлаштириб яхша кўра бошлаганман. Ва орадан вақт ўтган, турли ўтиш даври, муносабатларда озроқ кризислар ва мен у кишининг ҳеч ҳам идеал эмаслигини англаб қолганман😲Ва бу босқич жуда қийин ўтган, у кишини борича қабул қилиш жуда қийнаган, аммо бу босқичдан ҳам ўтиб олдим. Энди биласизми ҳозир қайси босқичдаман у инсон қандай бўлса шундайлигича қабул қилиш. Бу босқич юқорида айтганим СОФ МУҲАББАТ пайтидагидан ҳам кучлироқ. Худди мен ўша пайтларидагидек эмас, балки 30 йилга яқин бирга яшаган одамимни қайта кашф қилиш, умуман идеал эмаслигини билиб туриб, бор КАМЧИЛИКлари билан қабул қилиш бошқача МУҲАББАТ босқичидадекман гўёки, ҳатто унданам кучлироқ муҳаббат деб атаган бўлардим бу жараённи!☺️


#аноним_мактуб
@madina_miytan


Ассалому алайкум, Мадина Мийтан каналига обуна бўлган дўстлар! Бир оз шахсий фикрларим билан бўлишмоқчиман. Биласизлар, эркаклар ўз ҳислари ва муаммолари ҳақида гапиришни хуш кўришмайди. Мен ҳам шундай эдим, ўзимни жуда кучли, иродали,жуда кўп нарсага қодирман деб ҳисоблардим. Аслида эса... ичимда йиллар давомида тўпланиб қолган тугунлар бор эди, уларни ечишга ўзимнинг кучим етмади. Бунақа ҳолатлар кўпчилик эркакларникига ўхшаш деб ўйлайман.

Европада мигрант бўлиб ишлаётганим, иккита болам ва оилам борлигига қарамай, ўзимни жуда ёлғиз сезардим. 4,5 ой давомида Мадина Мийтан билан ишлаб келдим ва бу жараён ҳаётимни буткул ўзгартирди. Тўғриси, дастлаб иккиландим. Руҳий муаммоларимни бировга очиш, ҳатто мутахассисга ҳам, жуда қийин эди. Ўзимга жуда қаттиқ талабчанман, камчиликларимни тан олиш мен учун оғир. Баъзида ўзимни жуда ақлли, баъзида эса жуда ахмоқдек ҳис қилардим, бу иккиланиш ўртасидаги ҳолатим менга жуда қийин бўлди. Лекин, шу жараёнда мен ўзимни яхшироқ тушунишни бошладим. Ўзим билан ўзим гаплашишдан кўра, профессионал билан самимий мулоқотнинг қанчалик фойдали эканлигини англадим. У менга ҳеч қандай танқидсиз, фақатгина эшитиб, тушуниб, саволлар бериб ёрдам берди. Тўғриси, саволлар жуда ўринли ва ўйлантирадиган эди. Мадина опа нафақат профессионал, балки инсонийлиги билан ҳам ажралиб турарди. Унинг кенг дунёқараши ва тафаккури менга янги имкониятларни кўришга ёрдам берди. Ҳатто, баъзида унга жаҳлим чиқса ҳам, бу ҳам ишлаш жараённинг бир қисми эканлигини англаб етдим. Ҳаммамизни реал ҳаётимизда ҳам бундай инсонлар бўлавермайди, бундай мутахасис билан ишлаш шахсан менга имконият деб билдим.

Энг муҳими, мен ўз камчиликларимни тан олишдан қўрқмай, ўзим устида ишлашни бошладим. Бу жуда қизиқарли саёҳатга айланди! Бу саёҳатда менга ҳамроҳ бўлган Мадина опага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Сиз туфайли мен ўз ўзимни янада яхшироқ тушуна бошладим ва яқинларим билан муносабатларимни яхшилашни бошладим. Энди мен ўзимнинг камчиликларимни кучли томонларимга айлантиришга ҳаракат қилаяпман.

Умид қиламанки, бу ёзганларим, олган тажрибам бошқалар учун, яъни ёрдам олишдан иккиланиб (ўзим 6 ой иккиландим, эҳтимол кўпроқдир) юрганлар учун фойдали бўлади.

P. S. Кеча юборишди. Бу ўзимдан фахрланишим учун ажойиб мактуб бўлди. Ҳар доим ҳам бўлмайди бунақа хабарлар. Копия қилдим, скрин қилишимни истамади, лекин атайлаб каналим учун ёзибди🫠

Сизга ҳам раҳмат. Сиздай инсонлар билан ишлаш қийинлигини ҳозир тан олгим келди. Мутахасис сифатида кўпроқ ўқиб ўрганишга ундагансиз. Менимча сиздай инсонлар мени кўпроқ инсонийлашишимга ўзлари билмаган ҳолда ёрдам беришаяпти. Сиздан ҳам, оилангиздан ҳам миннатдорман😊

#happiness
@madina_miytan


Ҳамма тез ва осон йўлни излайди.

Сизчи, сиз узоқ ва машаққатли йўлни танлаган бўлармидиз ёки тез ва осонини?

Ҳозирги кунда “тез бойиш”, “бир кунда миллионер бўлиш”, “сирли формулалар” ва шунга ўхшаш ваъдалар билан тўла реклама ва мотивацион машғулотлар кўпайиб кетди. Ҳатто, муносабатлардаги конфликтли вазиатларни тез ва осон бартараф қилиш таклифи билан чиқаётган "ҳамкасблар" имиз ҳам жуда кўп.

Интернетдаги ҳар бир бурчак "муваффақият сирлари"ни сотувчилар, "ақлли" тренерлар, бир неча соатлик тренинглардан кейин ҳаётингизни ўзгартириб юборадиган "мураббийлар" га тўлиб кетган. Ҳатто, емак- ичмагимизни реклама қилувчи маркетингчилар ҳам "тез ва осон завқ берувчи продуктлар" ни рекламаси билан дофамин тизимимизни бузилишига сабабчи бўлишаяпти.

Аслидачи, бундай ваъдаларнинг ортида нима ётади?

Психологик нуқтаи назардан бу ҳодисага қандай баҳо бериш мумкин?


1- дан, бу ваъдалар одамларнинг тез натижага бўлган талабидан фойдаланаяпти. Замонавий жамиятда тезлик ва самарадорлик юқори баҳоланаяпти, афсуски. Одамларнинг ўзлари узоқ ва машаққатли меҳнат қилишдан кўра, тез ва осон йўлни излашаяпти.

Бунинг илмий асоси – инсоннинг табиий интилиши, миянинг тақчилликка сезувчанлигидан бўлиши мумкин. Тез натижага эришиш, мияда дофамин каби хурсандчилик гормонининг ажралишига олиб келади ва бу ҳисни туюшга бўлган юқори интилиш сабаб бўлади. Назаримда дофамин ишлаб чиқариш ҳам табиий ва меъёрида бўлгани соғлиққа фойдали. Дейлик, тез ва осон йўл билан дофаминга эришиш кундалик ҳаётимизнинг энг осон ва тез (турли энергетиклар, ширинликлар, янги таъмлар ва ҳ.о. лар орқали ўзини ўзи хурсанд қилишни истаса "бор тезда сотиб ол", " бор, завқ билан тотиб кўр" ва ҳ. о.) кундалик ҳаётига айланди. Худди шу тарзда “бир ойда миллионер бўлинг!” каби ваъдалар ҳам аксарият одамларга жуда жозибали кўринади.

2- дан, бундай “тренерлар” ва “мотиваторлар” одамларнинг ўзларига бўлган ишончсизлигидан жуда яхши фойдаланади. Кўпчилик ўз кучига ишонмайди, муваффақиятга эришиш учун қандай йўл тутишни билмайди. Бундай пайтда “сирли формулалар” ва “ақлли” маслаҳатлар жуда жозибали кўринади. Но, бундай “сирли формулалар” реал ҳаётда йўқ. Муваффақиятга эришиш учун тинимсиз меҳнат, сабр-тоқат, ўз устида ишлаш зарур. Буни "йўқларимизга бўлган эҳтиёжчанлик" деб атасак ҳам бўлади – яъни, бизда ҳамма ҳаммаси бўлиши керак. Атрофни кузатсангиз "йўғига чидай олмайдиган" телбаларга тўлиб кетган. Яъни, эҳтиёжлари ҳаддан ортиб бораётганини норм деб билади, аслида бу уни телба қилаётганини, ақлдан озор даражадаги "тез ва осон" чилар қармоғига илинганини ҳам сезмайди.

3- дан, бундай ваъдалар когнитив хатоликларга асосланади. Бундай тасдиқчилик иллюзияси" да – одамлар ўзларига мос келадиган маълумотни танлаб олиб, қолган маълумотни эътиборсиз қолдиради.

Бу когнитив (тафаккур билан боғлиқ) хатолик бўлиб, инсон ўз ишончи ва фикрини тасдиқловчи маълумотларга кўпроқ эътибор бериб, уларга зид келадиган маълумотларни эса эътиборсиз қолдираверади ёки рад этади. Яъни, биз ўзимизга ёқадиган нарсани эшитишни, кўришни ва ўқишни яхши кўрамиз ва бу фикрни тасдиқловчи маълумотларни излаймиз.

Шу тарзда ўзлари қидирган “тренерлар” нинг муваффақият ҳақидаги ҳикояларини эшитиб, ўзларида ҳам худди шунақа бўлиши мумкин деб ўйлайди ва ишонади. Но, бундай муваффақиятларнинг ортидаги узоқ ва машаққатли меҳнатни кўрмайди ёки кўришни истамайди.

Бунақа пайтда "Муваффақиятнинг тескари селекцияси" ҳам ишга тушади, яъни оддий одамларнинг муваффақиятлари кўзига кўринмайди, асосан таниқли, машҳур бойларнинг ҳикояларигина диққатини жалб қилади.

Хулоса қилиб айтганда, “тез ва осон” йўлларни ваъда қиладиган “тренерлар” ва “мотиваторлар”дан эҳтиёт бўлиш керак!

Муваффақиятга эришиш учун узоқ ва машаққатли меҳнат, сабр-тоқат ва ўз устида ишлаш лозим. Албатта, мотивация ва ижобий фикрлаш муҳим, лекин булар ўз-ўзидан муваффақият кафолати ёки калити эмас. Энг асосийси – ҳақиқий ва узоқ муддатли натижага эришиш учун чидамли ва машаққатли меҳнат қилиш.

#mental_health
@madina_miytan


Телефон экрани ортидаги ёлғизлик: замонавий инсоннинг яширин муаммоси

Кўчада юрибсиз. Атрофингиз одамлар билан гавжум. Лекин ҳар бирининг қўлида телефон. Ҳамма ўз дунёсига шўнғиб кетган. Сизнинг ҳам қўлингизда телефон, ушлаааб турибсиз, янгиликлар ленталарини варақлаб ёки ижтимоий тармоқлардаги постларга кўз ташлаб турибсиз.

Ташқаридан қараганда сиз ёлғиз эмассиз, лекин бир вақтнинг ўзида ёлғизсиз. Бу - замонавий ҳаётнинг парадокси: биз ҳаммамиз гўё бир- биримиз билан жуда боғланганмиз, лекин бир вақтнинг ўзида жуда ёлғизмиз.

Телефон экранининг ортидаги ёлғизлик бу- бизнинг замонавий ҳаётимизнинг яширин муаммоси.

Масалан, тасаввур қиламиз: сиз дўстингиз билан кафедасиз. У сиз билан гаплашиб ўтириб, телефонига доимий равишда тез тез кўз ташлаб туради, янги хабарларни ўқийди ва ижтимоий тармоқлардаги постларга лайклар ва турли эмоджилар босади. Сизга нисбатан унинг жавоблари бепарводек, умуман сизнинг гапларингизга қизиқмайдигандек туюлади. У физик жиҳатдан сизнинг ёнингизда, лекин унинг диққати бошқа ерда. Унинг бошқа ерда бўлишига эса телефон сабабчи. Бу – телефон экрани ортидаги ёлғизликнинг яққол мисоли.

Ёки бошқа мисол: оилавий кечки овқат. Ота-она, фарзандлар бир хонтахта ёки стол атрофида йиғилган. Лекин ҳар ким ўз телефонига ора ора тикилиб ўтирибди. Ҳеч ким ҳеч ким билан эътибор билан гаплашмайди. Улар бир- бирини деярли эшитмайди, бири- бирига эътибор бермайди ҳам. Физик жиҳатдан оила бир стол атрофида, лекин руҳан ҳар бири ёлғиз. Бу – телефон экранининг жамиятга салбий таъсирининг яна бир мисоли.

Бундай вазиятларда биз доимо боғлангандек туюламиз, лекин ҳақиқий мулоқот, ҳақиқий туйғулар билан алмашинув кам бўлади. Биз онлайнда кўплаб дўстларга эгамиз, лекин бу дўстлик кўпинча юзаки бўлиб қолади. Биз онлайнда ўзимизнинг "мукаммал" образимизни ярата оламиз, лекин бу образ ҳақиқий шахсиятимизни акс эттирмайди. Бу эса янада катта ёлғизликка олиб келади.

Бизнинг ҳаётимиздаги ҳақиқий муносабатларни сақлаб қолиш учун, биз телефондан фойдаланишга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Ҳақиқий мулоқотга кўпроқ вақт ажратиш, телефонни ўчириб қўйиш ва атрофимиздаги одамлар билан ҳақиқий муносабатларни ривожлантириш бизни телефон экрани ортидаги ёлғизликдан халос этади.

#mental_health
@madina_miytan


Фридрих Перлснинг “Гештальт семинарлари”дан олинган бир иқтибосга таяниб жимитеккина психологик эссеча ёзгим келди.

Иқтибос тўла эсимда эмасу, бироқ муносабатларининг чуқур моҳиятини очиб берувчи, ўйлантирадиган асосий фикрлари эсимда бор. Яъни, иқтибосдаги
“Одатда биз инсонни эмас, унинг бизга ёқадиган сифатларини севамиз”

деган гапида жуда кўп ҳақиқат бор. Биз буни кундалик ҳаётимиздаги жуда кўп ҳолатларда кузатишимиз мумкин, лекин кўпинча бу ҳақиқатни тан олишни истамаймиз.

Аслида, биз “мукаммал” инсонларни севмаймиз, балки ўзимизнинг муайян эҳтиёжларимизга мос келадиган инсонларни севамиз.

Кўпчилик “севги”ни абстракт тушунча сифатида тасаввур қилади. Бир қарашда, у сирли, тушунарсиз, ҳатто мистик ҳисларга тўладек. Лекин, Перлснинг сўзлари бутун романтик тасаввурни бузиб ташлайди ва севгининг асосидаги механизмларни очиб беради.

Аслида, биз ўзимизнинг “бўшлиқларимизни”, камчиликларимизни тўлдирадиган инсонларни топамиз,

дейди жаноб.

Масалан, ўзига ишончи паст бўлган инсон, ўта ишончли ва жуда ўзига маҳкам одамни севади. Унинг ўзида йўқ бўлган сифат – куч, ишонч, мустақиллик, бошқасида бор ва шу сифат уни жалб этади. Ёки, доимо тартибга интиладиган, перфекционист инсон, эркинроқ, ҳаётдан бошқачароқ завқ оладиган инсонни севиши мумкин. Унинг тартиби ва қатъиятининг акси бўлган бу сифатлар уни жалб этади, чунки унда бу сифатнинг йўқлиги онгли ёки онгсиз уни безовта қилади.

Бу эҳтиёжларни қондириш учун биз кўпинча идеализацияга бериламиз. Яъни, биз ўша инсоннинг барча сифатларини, ҳатто камчиликларини ҳам идеал деб биламиз. Лекин бу идеализация узоққа бормайди. Чунки аслида, биз севган инсон бизнинг ўзимиз эмасмиз, у шунчаки бизнинг эҳтиёжларимизни қондирувчи восита, бизнинг “копимиз” эмас.

Вақт ўтиши билан, бу идеализация йўқолади ва биз ўша инсоннинг камчиликларини кўра бошлаймиз. Бу эса норозилик, муносабатнинг бузилишига олиб келиши мумкин.

Демак, бу ерда муҳим савол туғилади: биз ўзимизни тўлдирадиган инсонларни севиш орқали бахтли бўлишимиз мумкинми?
Жавоб – мураккаб.

Биз ўзимизни яхшироқ тушунишимиз, ўзимизни қабул қилишимиз ва ўз-ўзимизга бўлган муҳаббатни ривожлантиришимиз зарур. Фақат шундагина, биз ҳақиқий, соғлом муносабатларни қура оламиз. Севимли инсонимизнинг бизга қандай сифатларини ёқишини тушуниш муҳим, лекин бу сифатларни идеаллаштирмасдан, уни бутунлигича, камчиликлари билан қабул қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки ҳақиқий муҳаббат бу - бизни боримизни қабул қилиши ва севишидир. Камчиликларимизни билиб қолганда "ғурбатга" айлантирмай, биргаликда тўғри қадамлар ташлашимизга ёрдам берувчига айланиши лозим. Инсонлар ўз камчиликлари устида бир умр ишлаши мумкин.

#happiness
@madina_miytan


Пост эркаклар учун.

Ўз-ўзига бўлган ишончнинг пастлиги кўплаб эркакларда кузатиладиган асосий психологик муаммо бўлиб бораяпти. Бу хақда ижтимоий тармоқ фаоллари бўлган зиёли эркакларни ўзлари ҳам ёзаяпти. Демакки, жамиятимиздаги бу ҳолат кузатувлари кўпайиб бораётганидан далолат. Аксарият жамоатчилик фаоллари бўлган эркакларнинг айримлари эса охирги пайтларда жаиятимиз учун долзарб бўлиб улгурган гендер тенглик, гендер зўровонлик ва феминизм фонидаги темалар билан курашиб ўзлари томонга бир қараб қўйишни унитиб юбордилар десак ҳам бўлаверади.

Ўз ўзига бўлган ишончининг йўқлиги ёки жуда пастлиги эркакларнинг ижтимоий ва шахсий ҳаётига салбий таъсири кенг тадқиқ этилган ва ҳалиям ўрганилаятган муҳим темалардан ҳисобланади.

Бу муаммо бир неча омиллар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг энг асосий омиллари қуйидагилар:

✓ Биологик омиллар:
Генетик мойиллик, нейротрансмиттерларнинг дисбаланси каби омиллар ўз-ўзига бўлган ишончнинг пастлигига олиб келиши мумкин. Бу омиллар ҳақидаги тадқиқотлар кўпинча генетик ва нейробиологиявий йўналишларда олиб борилади. Масалан, серотонин ва дофамин каби нейротрансмиттерларнинг етишмовчилиги депрессия ва ўз-ўзига ишончнинг пастлиги билан боғлиқ.

Психосоциал омиллар:
Болалик давридаги тажрибалар, айниқса ота-оналар билан бўлган муносабатлар, ўз-ўзига бўлган ишончнинг шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Агар бола ота-онасидан етарли даражада қўллаб-қувватлаш ва ижобий фикр-мулоҳазаларни олмаса, ўз-ўзига бўлган ишончи паст бўлиши мумкин. Ота-оналарнинг тарбия услуби, боланинг ўзига бўлган муносабати ва ўз имкониятларига бўлган ишончи учун асосий омил ҳисобланади (Bandura's self-efficacy theory).

Ижтимоий-маданий омиллар: Жамиятдаги гендерлик стереотиплар ва эркакларга нисбатан юқори талаблар ҳам ўз-ўзига бўлган ишончнинг пастлигига олиб келиши мумкин. Эркакларга нисбатан "кучли", "мустақил" ва "муваффақиятли" бўлиш бўйича қўйилган юқори талаблар уларда юқори стресс ва хавотирлиликни келтириб чиқаради.

Кўпчилик, эркакларнинг ўзларида шундай тасавурлар борки, яъни "эркак киши қанчалик кўп омадсизликларни ёки қийинчиликларни енгиб ўтаверса ёки енгиб ўтган бўлса у шунчалик кучли, омадли ва муваффақиятли эркак бўлади" - деган. Аслида, бу қараш ҳақиқатга яқиндек бўлсада асосий омил эмас, ҳаттоки аксарият эркакларда бу тескарисига хизмат қилиши ҳам мумкин. Дейлик, ҳаддан ортиқ турли қийинчиликлар иродасини букиб, синдириб қўйиши ҳам мумкин (эркаклар ҳам индивидуал, ҳаммаси бир хил кучли бўлиши шарт деган нарса йўқ, бу кўпроқ ижтимоий- маданий омиллардаги қарашлар туфайли пайдо бўлган тарафкашлик). Эркаклар ҳам оддий инсон ва юқорида санаб ўтилган омилларсиз шунчаки субъектив кузатувларимизга асосланиб бундай деяолмаймиз.
Муваффақиятсизликларни енгиш, албатта, муҳим, лекин бу эркакнинг ўз-ўзига бўлган ишончининг ягона омили ёки белгиси эмас.

Психологик мустаҳкамликни ривожлантириш учун ўз устида ишлаш, психологик ёрдам олиш ва соғлом муносабатларни ўрнатиш зарур. Муваффақиятсизликлардан сабоқ олиш, ижобий фикрлаш ва реаллистик мақсадларни қўйиш муҳим.

Кўпгина тадқиқотлар кўрсатадики, когнитив-хулқ-атвор терапияси ва бошқа психологик интервенциялар ўз-ўзига бўлган ишончни оширишда самарали бўлади.

#кпт
#mental_health
@madina_miytan


Тўғриси, ўзим ёшман. Лекин, катталар орасида сиз постда келтиргандеклари жуда камдек Сабрсиз, пул ва бойликка, обруга ўч катталар кўпайгандек туюлади.

Ha, albatta. Siz to'g'ri ta'kidladingiz, hamma ham yoshi ulg'aygan sari qanoatli va hayotidan minnatdor bo'lib qolmaydi.

1- dan, bu temadagi postni yozish istagi o‘zimni shaxsiy qisqacha fikrimni yozganimdan keyin, unga sharh yozgim kelib qoldi. Yaʼni, post barcha katta yoshlilar yoki ulg‘ayganlar haqida emas edi postim.

2-dan, gapingizda jon bor, ayniqsa bugungi jamiyatimizda moddiy manfaatlarni ustun qo'yadigan, boshqalardan doimiy ravishda biror narsa talab qiladigan, o'z ehtiyojlarini qondirish uchun boshqalarni ishlatadigan "merkantil" insonlarni ko'p uchratishimiz mumkin.

Bunday xarakterning shakllanishiga ham bir qancha psixologik omillar sabab bo'lishi mumkin.

1. Bolalik davridagi yetishmovchilik: Agar inson bolaligida mehr, e'tibor yoki moddiy ta'minotdan aziyat chekkan bo'lsa, ulg'aygach, bu yetishmovchilikni boshqalardan talab qilishga moyil bo'lishi mumkin. Ular o'zlarini doimiy ravishda haqoratlangandek his qiladilar va boshqalardan "qarzlarini" undirishga harakat qiladilar.

2. Narsissistik shaxsiyat buzilishi: Bu turdagi buzilishga chalingan insonlar o'zlarini boshqalardan ustun qo'yadilar va boshqalarning his-tuyg'ularini e'tiborsiz qoldiradilar. Ular boshqalarni o'z maqsadlariga erishish vositasi sifatida ko'rishadi va ulardan foydalanishdan tortinmaydilar.

3. Materializmga haddan tashqari berilganlik: Moddiy boylik va ijtimoiy mavqega haddan tashqari ahamiyat berish ham merkantil xarakterning shakllanishiga olib kelishi mumkin. Bunday insonlar uchun boshqalarning qiymati ularning boyligi va mavqeiga qarab belgilanadi. Inson omilidan ko‘ra moddiyat qadrli bo‘ladi.

4. Empatiya yetishmasligi: Empatiya – bu boshqalarning his-tuyg'ularini tushunish va ularga sherik bo'lish qobiliyati. Agar insonda empatiya yetishmasa, u boshqalarning ehtiyojlarini e'tiborsiz qoldirishi va faqat o'z manfaatlarini ko'zlashi mumkin.

5. O'zini past baholash: Ba'zi hollarda, merkantil xulq-atvor o'zini past baholashning natijasi bo'lishi mumkin. Bunday insonlar o'zlarining qadrini boshqalarning e'tibori va moddiy yordami orqali oshirishga harakat qiladilar.

Afsuski, merkantil insonlar bilan munosabatlar ko'pincha qiyin va og'riqli bo'ladi. Ularning doimiy talablari va manipulyatsiyalari atrofdagilarni charchatadi. Agar sizning hayotingizda bunday inson bo'lsa, o'zingizni himoya qilish va shaxsiy chegaralarni belgilash juda muhim. Professional psixologik yordam ham foydali bo'lishi mumkin.

#savoljavob
@madina_miytan




Бугун сизлар билан якшанба оқшомида жуда таъсирли француз романтик драмаси – "Out of Season" ( «(Не) бывшие», 2023) ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Бугун кўрдим.
Қизиғида ёзақолдим, эмоциялар кетгач ҳафсаласиз бўлиб қолишим мумкин.

Режиссёр Стефан Бризе ва сценарий муаллифи Мари Друкернинг бу фильми 80-Венеция кинофестивалининг "Олтин шер" мукофотига номзод бўлган ва инсон ҳис-туйғуларининг нозик ва моҳир тасвирланганлиги учун диққатни ўзига жалб қилган.

Фильм денгиз бўйидаги сокин манзарали шаҳарчада бўлиб ўтади. Ҳаётнинг турли босқичларида турган икки қаҳрамоннинг - эркак ва аёлнинг – кутилмаганда бир- бирига боғланишини тасвирлайди.

Ўрта ёшли эркак ҳаётдаги мақсадини йўқотгани билан курашса, аёл эса кириб келаятган қариликнинг ҳафсаласизлиги билан юзма-юз келади. Уларнинг йўллари деярли чекка бир шаҳарчада кесишади ва фильм улар ўртасида пайдо бўладиган ўта нозик муносабатни чиройли тарзда очиб беради.

Уларнинг суҳбатларидаги ҳам ўзларига, ҳам бир-бирига бўлган ҳалоллиги, самимий ва нозик бўлиб, муҳаббат, ёлғизлик ва инсоний алоқаларнинг мураккаблиги ҳақидаги чуқур мулоҳазаларга чорлайди. Ўйлаб қолдим мен қанчалик даражада турмуш ўртоғимнинг яқиндан бери бошланаётган (44 ёш) ўрта ёш инқирози белгиларига эътиборли бўлаолаяпман. У мени қанчалик чуқур англашга уринаяпти. Бир-биримизга яширмай ҳис- туйғуларимизни айтаолаяпмизми ( одатда, мен кўпроқ очиқман ва айтаоламан)?  , ва ҳ. о. мулоҳазаларни аввалгидан кўра янада бошқачароқ ёндошишимга ва мен аввал эътибор қилмаган томонларимизни ҳам ўйлашга ундади фильм.

Стефан Бризе инсон ҳис- туйғуларининг нозик жиҳатларини акс эттиришдаги маҳорати билан танилган экан (қараб чиқдим) ва бу фильмда ҳам ўзига хос сезгирликни намойиш қилган. Унинг режиссёрлиги қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини, курашларини ва дўстликка бўлган иштиёқларини аниқ тасвирлайди.

Фильмда кадрлар секин ўтади ва қатнашувчилар ҳам, диалоглар ҳам кам. Сокинликни яхши кўрувчи, жимликда кўпроқ нарсани ҳис қилувчиларга ёқадиган фильм.

Фильмнинг айнан секинлиги ва сокинлик суръати, томошабинга қаҳрамонларининг саёҳатига ва атроф-муҳитнинг гўзаллигига тўлиқ сингиб кетиш имкониятини берган, деб ўйлайман.

Бризенинг ҳикоя қилиш услуби эса инсоннинг энг чуқур ҳис-туйғуларни етказишда сукут, сокинлик ва айтилмаган сўзларнинг кучини, нигоҳларнинг кучини янада ифодали қилиб таъкидлаган.

Қисқаси, "Out of Season" – бу инсон қалбининг энг чуқур қатламларига кириб борадиган, ҳаётнинг мураккаблиги ва гўзаллигини акс эттирадиган таъсирли фильм экан.

Агар сиз самимий ва чуқур маъноли фильмларни яхши кўрсангиз, бу фильмни албатта томоша қилишингизни тавсия қиламан. Ўрта ёшга кираятганлар ва ўрта ёшдагилар учун айни муддао бўлади деб ўйлайман.

#тавсия
#репост
@madina_miytan




Хўш, келинг, бу "мутахассис"нинг гапларини бирозгина таҳлил қилиб кўрамиз, мутахасис ҳамкасб сифатида.

Ўсмир "Онам жонимга тегиб кетди," деяпти. Бу энди боланинг қалбидан чиққан оғриқли нидо, ҳар қандай тезоб ёки ўта хулқи ёмон ўсмир учун ҳам ўз онаси ҳақида бу гапни гапириш осон эмаслигини мутахассис билиши керак.

Тўғри, агар амма-холаси ёки бувиси шу мутахасис берган даккиларни берса бу энди бутунлай бошқа масала. Дейлик, жиянимни мен ҳам онасини ҳурмат қилмаса бундан янада ақллироқ гаплар билан айбдорлик ҳиссини бериб дакки беришим мумкин. Сабаби қариндошлар ўртасида совуққон ёки профессионал мутахасис бўлолмайсан. Чунки, яқинларингни ҳар бири билан боғлиқ бўлган турли ҳиссиётларингни историяси ишга тушади, буни бошқариш осонмас. Но, бу ерда бу "мутахасис" ўзини оммага психолог сифатида намоён қилаяпти. У "мутахасис" бўлиб гапираяпти, а менда испанский стыд🤦‍♀️

Хуллас, ушбу мурожаат қилувчининг бу гапи ортида эҳтимол катта муаммолар, тушунмовчиликлар, балки ҳаттоки оиладаги жиддий низолар ётгандир. Фол очмоқчимасман, но сабабини билишга уринмаган, ҳатто гапини эшитишга тоқати йўқ "мутахасис" ни кўраяпман роликда.

Биз психологларнинг вазифамиз нима?

Албатта, вазиятни юзаки қараб, "онанг сени туққан, ўстирган" деб маъруза ўқиш эмас. Ахир, буни боланинг ўзи ҳам билади-ку!

Бу "психолог"нинг маслаҳати худди тиббиёт ходимининг мана бунақа ишига ўхшайди:
Бемор шифокорга бориб: "Қорним оғрияпти, ичим кетаяпти, кўнглим айнияпти," деб шикоят қилса. Шифокор эса унга жавобан: "Нимага қорнинг оғриши керак?!
У оғримаслиги шарт! Ахир у овқат ҳазм қилишинг учун керак-ку!" дегандай.
Ёки: "Ичинг нега кетиши керак? Ушлаб туришинг керак эди!" десая.. Бунақада беморни шифокорга боришидан мантиқ қани? 🤦‍♀️

Хуллас, юмор ўз йўлига-ю, бу каби жавоблар мутлақо бефойда ва ҳатто кулгили эшитилади, мутахасислар учун. Ахир, бемор буларни ўзи ҳам билади. Шифокорга муаммосининг сабабини аниқлаш ва даволаш учун келган.

Худди шундай, ўсмир ҳам психологга муаммосини ҳал қилиш учун келади, айблов эшитиш учун эмас.

Профессионал психолог аввало болани тинглайди, унинг дардини тушунишга ҳаракат қилади.
Нега онаси жонига тегяпти?
Қандай вазиятларда бундай ҳис пайдо бўлади?
Она билан муносабатларда нима нотўғри кетаяпти?
Бу саволларга жавоб топиш – психологнинг вазифаси. "Сен кимсан ўзи, онанг ҳақида бундай диядиган?" каби гаплар эса болани янада кўпроқ ўзини ичига қамайди, унга ёрдам бериш ўрнига, аксинча, руҳий тушкунликка туширади, айбдорлик ҳиссини оширади. Ва, буни оқибатида ҳар қандай ўсмир ҳар хил ёмон ишлар қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ўйлаб кўринг, агар ўсмир онаси билан муаммоларини ҳал қилишни истамаса, у психологга мурожаат қилармиди? У ёрдам сўраб келган, унга ечим керак, айбловчи, қороловчи эмас.

Бу "психолог"нинг ёндашуви эса, афсуски, нафақат ёрдам бермайди, балки вазиятни янада оғирлаштиради. Бу худди чўкаётган одамга қўл чўзиш ўрнига, унинг бошига яна бир бочка сув қуйишга ўхшайди.

Хуллас, профессионал психолог бўлиш учун дипломнинг ўзи камлик қилади. Узоқ йиллик нимани тажриба қилгани бебаҳо даккиларидан кўриниб турибди.

Бундан ташқари, юксак инсонийлик, ҳамдардлик, вазиятга чуқур кириб бориш қобилияти, замонавий психологик билим ва кўникмалари ҳам зарур. Ёнингга келган ёш бола бўлса янада эҳтиёткорлик керак, қанча катта ёшли бўлсанг ҳам. Бу видеодаги "мутахассис"да эса, афсуски, булардан бирортасини кўрмадик.

#critical_thinking
@madina_miytan

951 2 21 11 17
Показано 20 последних публикаций.