АГАР РАҲБАР ЙИҒИЛИШДА ХОДИМНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛСА...
САВОЛ.
Ассалому-алайкум, ишхонада йиғилиш бўлаётганда раҳбаримиз ҳаммани олдида мени турғизиб, қаттиқ ҳақорат қилди. Ҳақорат қилган одамга қандай чора бор қонунларда?
ЖАВОБ.
❗️Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига асосан ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
❗️Агар ҳақорат маъмурий жазо қўллангандан кейин содир қилинса, айбдор Жиноят кодексининг 140-моддасига асосан жиноий жавобгарликка, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ва ҳоказо.
Биласизми, ҳаракатни ҳақорат деб ҳисоблаш учун бошқа бир шахснинг шаъни ва қадр-қиммати ҳуқуқбузар томонидан қасддан камситилиши керак. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш деганда, бошқа бир инсонни қоралаш мақсадида айтилган салбий фикрларни тушунамиз. Ҳақорат турли кўринишда бўлиши мумкин: у оғзаки (сўкиниш, уятли гаплар айтиш), ёзма (турли манбалар ва хат-ҳужжатлар орқали), турли тана ҳаракатлари билан, яъни хунук ва масхарали қилиқлар қилиш шаклида бўлиши мумкин.
Бу ерда энг асосийси, жабрдийда бу ҳаракатлар натижасида ўзини камситилган ва тахқирланган деб ҳис қилади. Ва, ҳақорат уни амалга оширган шахс томонидан одобсизлик билан амалга оширилган бўлади.
Лекин, жабрдийда ўйлаган ҳар қандай кескинликни ҳам биз ҳақорат дея олмаймиз. Дейлик, раҳбар томонидан ходимга билдирилган ҳақли ва тўғри билдирилган танқидни ҳақорат деб баҳолаб бўлмайди.
Мисол учун, йиғилишда раҳбар томонидан иш бермайдиган ва ишини вақтида бажармайдиган ходимга “дангасалик қилмасдан, ишларни ўз вақтида қилиб қўйинг” дейилиши ҳақорат эмасда.
👉
@yuristkadr